Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Норматив ҳужжатлар

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA) фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA) тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори


 Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш борасида етарли даражада қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди.

Шу билан бирга, матбуот, оммавий ахборот воситалари, ахборот тарқатиш, аҳолини холис ва тезкор ахборот билан таъминлаш, мамлакатимизда содир бўлаётган янгиликларни чет давлатларга, чет давлатлардаги воқеа-ҳодисаларни мамлакатимиз аҳолисига тезкорлик билан етказиш бўйича амалдаги тизим бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асл мазмуни ва моҳияти ҳақида холис хабарларни аҳолининг барча қатламларига ҳамда дунё ҳамжамиятига тезкорлик билан ва сифатли етказиш, миллий ахборот маконини ривожлантириш, глобал ахборот майдонида республиканинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (кейинги ўринларда – ЎзА) республика ҳаётига оид ижтимоий-сиёсий ахборотларни тарқатувчи расмий ахборот агентлиги эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. ЎзАнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид расмий маълумотларни излаш, олиш, қайта ишлаш ҳамда ахборот, ахборот-таҳлилий, таҳлилий-танқидий материаллар тайёрлаш ва тарқатиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш;

республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш;

жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш;

ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан узвий ҳамкорлик қилиш ва улардан тизимли равишда статистик, таҳлилий ва бошқа турдаги маълумотларни олиш;

бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видео материаллар) базасини шакллантириш;

ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шаклда Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш;

юртимизда юз бераётган ўзгаришларни дунёга кенг тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакатимиз аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, ЎзА ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг республика ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш, уларга ахборот-таҳлилий, шу жумладан, аудио ва видео ахборотлар етказиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ЎзА таркибида Медиа марказ ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар Медиа марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ахборот-таҳлилий ва мультимедиа материаллар, эшиттириш ва кўрсатувлар, воқеа жойидан онлайн репортажлар тайёрлаш, аудио ва видео материалларни қайта ишлаш, уларни ЎзАнинг веб-сайтига жойлаштириш ва оммавий ахборот воситаларига белгиланган тартибда етказиб бериш;

ахборотни қайта ишлаш ва тарқатишнинг замонавий усулларидан, жумладан, инфографика, моушн-графика, ижтимоий ролик, 360 форматидаги видео ва бошқалардан кенг фойдаланиш;

давлат органлари мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш.

4. ЎзА ҳузурида унинг фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш бўйича Маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда – Маслаҳат кенгаши) тузилсин.

Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ЎзА фаолияти ҳақида кенг жамоатчилик фикрини таҳлил қилган ҳолда унинг самарадорлигини янада ошириш ҳамда агентликнинг ахборот маконидаги ўрни ва ролини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ЎзА фаолиятининг ривожланиш даражасини ўрганиш, агентликка методик тавсиялар бериш, унинг ишида юзага келадиган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш;

давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш режаларини белгилаш, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш;

халқаро ва хорижий ахборот агентликлари, хорижий мамлакатлар оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик дастурларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишига кўмаклашиш ва улар ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Маслаҳат кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи коллегиал орган ҳисобланади;

Маслаҳат кенгашига ЎзА бош директори раҳбарлик қилади ҳамда унинг таркиби оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, мустақил экспертлардан шакллантирилади;

Маслаҳат кенгаши таркибининг учдан бир қисми ҳар 2 йилда янгиланиб борилади.

ЎзА бош директори (А.Кўчимов) икки ҳафта муддатда Маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқласин.

6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходимларининг умумий чекланган сони 155 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимларининг сони 13 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон ахборот агентлиги (кейинги ўринларда – Қорақалпоғистон ахборот агентлиги) ходимларининг умумий чекланган сони 13 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимларининг сони 2 нафардан иборат бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

ЎзА томонидан 2022 йил 31 декабрга қадар четдан олиб келинганда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиладиган техника воситалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

ЎзА бош директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

ЎзА бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирга, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари эса тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра ЎзА бош директори ўринбосарига тенглаштирилади.

8. Қуйидагилар ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлиги фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. ЎзА бош директорига:

а) ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлиги тузилмаси штатлар сонига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

б) ЎзАнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан:

давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, етакчи халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини, шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни маслаҳатчи сифатида жалб этиш;

ижодий танловлар ўтказиш, танлов иштирокчи ва ғолибларини мукофотлаш, шунингдек, ЎзАнинг ходими бўлмаган фаол муаллифларни рағбатлантириш;

ЎзА моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш, шу жумладан, уларга устамалар тўлаш;

зарур ҳолларда, минтақавий мухбирлик пунктларида қўшимча штат бирликларини жорий этиш ҳуқуқи берилсин.

10. ЎзА:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлари ва штатлар жадвалини тасдиқласин;

2020 йил 1 майга қадар муддатда фойдаланувчилар учун қулай, аудио ва видео ахборотларни тарқатиш, тарқатилаётган ахборотларни тижорат йўли билан юклаб олиш имкониятлари мавжуд бўлган ЎзАнинг ахборот порталини ишга туширсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ЎзА билан биргаликда икки ой муддатда тегишлича:

Қорақалпоғистон ахборот агентлигини жойлаштириш учун бино ажратиш ва уни Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг қўшимча манбалари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига таъмирлаш ва жиҳозлаш;

ЎзАнинг вилоятлардаги минтақавий мухбирлик пунктларини ташкил этиш учун вилоятлар марказларидан зарур шарт-шароитларга эга бинолардан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жой ажратиш, уларни белгиланган тартибда таъмирлаш ва жиҳозлаш чораларини кўрсин.

12. ЎзА:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда расмий статистик тўпламлари, шу жумладан, уларнинг электрон шакллари мажбурий равишда юборилувчи ташкилотлар рўйхатига;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнининг бориши ҳақидаги тадқиқот материалларини эълон қилиб бориш учун ЎзАга доимий равишда тақдим қилиб бориш тавсия этилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ЎзАга жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари ва халқаро ахборот агентликлари уюшмалари билан ахборот алмашиш бўйича ҳамкорлик ўрнатишда амалий ёрдам кўрсатсин.

15. ЎзА Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илғор халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ЎзАнинг ижодий ва техник ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни 2019 йилда ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарор мазмунидан келиб чиққан ҳолда бир ой муддатда ЎзА тўғрисидаги янгиланган низомни тасдиқласин.

18. ЎзА манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 2 декабрь



Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони 

“Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида” ва “Оммавий ахборот воситалари ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Ахборот агентлигини қайта ташкил этиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Ахборот агентлиги (ЎзТАГ) - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантирилсин. 

2. ЎзА агентлиги Ўзбекистон Ахборот агентлигининг тўла ҳуқуқли вориси деб ҳисоблансин ҳамда унинг фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари: 

- мустақил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жумҳурият ички ва ташқи сиёсати, давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг фаолияти ҳақидаги ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш; 

- Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий баёнотлари ва ахборотларини тарқатиш; 

- мустақил давлатларнинг, хорижий мамлакатларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикасининг ички ҳамда ташқи сиёсатига доир, минтақага хос ижтимоий-сиёсий ва бошқа воқеалар хусусида ахборот материаллари бериш; 

- Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини оғишмай амалга ошира бориб, жумҳурият иқтисодий, ижтимоий, маданий турмушидаги воқеаларни ҳаққоний ва ошкора ёритиш, республика аҳолисини бир-бирларига нисбатан тенг ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш, халқлар ўртасида тотувлик, дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш; 

- мустақил давлатлар ва хорижий мамлакатларда ўзининг ахборот марказларини, мухбирлар манзилгоҳларини ташкил этиш, хорижий агентликлар ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари билан битимлар тузиш асосида барча турдаги ахборотларни тўплаш ва тарқатиш масалалари юзасидан халқаро алоқаларни йўлга қўйишдан иборат қилиб белгилансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддат ичида ушбу Фармонни бажариш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин. 

Ўзбекистон Республикасининг 
Президенти И. Каримов 

Тошкент ш., 1992 йил 5 февраль 


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA) тўғрисида 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида” 1992 йил 5 февралдаги Фармонига мувофиқ ҳамда республиканинг ички ва ташқи сиёсати тўғрисида ишончли ахборотларни тўплаш ва таъминлашни ташкил этишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 

1. Юклатилган вазифаларга мувофиқ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га қуйидаги ҳуқуқлар берилади: 

моддий-техника негизини мустаҳкамлаш ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун бюджетдан ташқари молиявий манбаларнинг маблағларидан мустақил фойдаланиш; 

шартномалар юзасидан буюртмачиларга сотиладиган ахборот маҳсулоти (ишлар, хизматлар) нархлари ва тарифларини белгилаш; 

раҳбарларни, ижодий ходимларни, юқори малакали мутахассислар ва хизматчиларни битим асосида ишга ёллаш; 

ахборот маҳсулотини, тегишли техника ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш, сотиш ва айирбошлаш, реклама хизмати ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш юзасидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш. 

2. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) тўғрисидаги илова этилаётган Низом тасдиқлансин. 

3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги марказий аппарати ходимларининг энг кўп сони, хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари, 150 кишидан иборат қилиб белгилансин. 

Белгилаб қўйилсинки, ЎзА меҳнат ҳақи учун ажратиладиган маблағлар доирасида аппарат тузилишини, моддий рағбатлантириш шакллари ва шартларини (турли тоифадаги ходимлар сони нисбатини ҳисобга олмасдан) мустақил равишда тасдиқлайди. 

ЎзА бош директорининг уч нафар ўринбосари, жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари ва 9 кишидан иборат ҳайъат бўлишига рухсат берилсин, унинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. 

ЎзА бош директорига, унинг ўринбосарларига ва ҳайъат аъзоларига Ўзбекистон Республикаси вазирлари, уларнинг ўринбосарлари ва ҳайъат аъзолари учун мос равишда белгиланган моддий таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитлари жорий қилинсин. 

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги белгиланган асосий вазифалардан ва фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда бир ой муддат ичида агентликни бошқаришнинг ташкилий тузилишини такомиллаштириш, республикада, МДҲ давлатларида ва чет элларда мухбирлик пунктлари шохобчаларини кенгайтириш юзасидан тадбирларни амалга оширсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги: 

чекланган нархлар ва тарифларда хизмат ҳақи тўлаш шарти билан ЎзАга, унинг бўлинмаларига ва мухбирлик пунктларига шартнома асосида зарур алоқа каналлари ва воситаларини берсин; 

ЎзА ҳамда унга қарашли ташкилотларнинг хабарлари ва фототелеграммаларини Ҳукумат телеграммалари тоифасида узатишни, телефон сўзлашувларини эса иккинчи тоифа тезкорликда улашни таъминласин. 

6. “Ўзшартномасавдо” уюшмаси асосланган буюртмаларга кўра Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига зарур моддий-техника ресурслари, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ажратишни назарда тутсин. 

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси, “Тошкентбошқурилиш” ЎзА лаборатория корпусининг иккинчи навбати қурилишини тугаллашни кўриб чиқсинлар ва икки ҳафта муддат ичида белгиланган тартибда таклиф киритсинлар. 

8. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1972 йил 13 апрелдаги 155-сон, 1977 йил 22 декабрдаги 804-сон, 1981 йил 15 июндаги 507-сон, 1986 йил 9 апрелдаги 181-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ўртоқ Э.С. Самандаров зиммасига юклатилсин. 

Вазирлар Маҳкамасининг 
Раиси И. Каримов 

Тошкент ш., 1992 йил 21 апрель

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг 
2016 йил 05 августдаги 
55-ич сонли буйруғига 
1-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ АХБОРОТ АГЕНТЛИГИ – ЎзА ХОДИМЛАРИНИНГ ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Мазкур одоб-ахлоқ Қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар деб юритилади) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади)нинг эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар, барча ходимларининг касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.

Қоидалар ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга Агентлик ходимларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.

Агентликка ишга кираётган шахслар Қоидалар билан имзо қўйдирган ҳолда таништириладилар.

Агентлик ходимлари қонун ҳужжатлари ва Қоидаларга риоя этишлари шарт. Мазкур Қоидаларга риоя этиш Агентлик ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

II.АГЕНТЛИК ХОДИМЛАРИНИНГ ХИЗМАТДАГИ ХУЛҚ-АТВОРИНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ ВА ҚОИДАЛАРИ

Агентлик ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:

қонунийлик;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;

давлат ва жамият манфаатларига содиклик;

адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

Агентлик ходимлари қуйидагиларга мажбур:

хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;

ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;

юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўзваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларида белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;

ўз хизмат ва зифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш;

норматив ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;

Ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки агентликнинг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;

Хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;

Агентликда хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.

Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар агентлик ходимларининг қонун ҳужжатлари талабларини ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Агентлик ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.

Агентлик ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

Агентлик ходимлари ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек бошқа давлат хизматчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.

Агентлик раҳбарияти шахслар қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини таъминлаши керак.

Агентлик ходимлари касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, уларнинг ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, иш жараёнида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, у бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. У гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек, ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим.

Раҳбар:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;

коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши;

ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) қарши чоралар кўрмаганлиги учун жавоб беради.

Агентлик ходимлари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Агентлик ходимлари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда Агентлик ходимларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг Агентликка нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.

Агентлик ходимлари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.

III. МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ

Агентлик ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.

Манфаатлар тўқнашуви Агентлик ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Агентлик ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда Агентлик ходимлари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

Агентлик ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

Агентлик ходимлари ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.

Агентлик ходимлари ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.

Агентлик ходимлари ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Агентлик ходимлари лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.

IV. ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Агентлик ходими томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

Агентлик ходими томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

Ушбу Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари Одоб-ахлоқ Комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда Агентлик Бош директорига қоидалар бузилишини содир этган ходим жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ комиссияси ходимга нисбатан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.

Агентлик ходимлари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек Агентликнинг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. 

 Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг давлат харидларини ўтказиш учун 

Одоб-ахлоқ қоидалари

1. Ўзбекистон  Миллий ахборот агентлиги - ЎзА (кейинги ўринларда Агентлик) ходимларининг давлат харидларини амалга оширишда риоя этиши лозим бўлган Одоб-аҳлоқ қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар) Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги 2018 йил 9 апрелдаги 472-сон Қонуни асосида ишлаб чиқилган.

Агентлик ўз фаолияти учун зарур бўлган товар(иш, хизмат)лар харидини амалга ошириш жараёнида ушбу Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилади.

2. Давлат харидларини амалга ошириш жараёнида қуйидаги принциплар асосида иш юритилади:

давлат буюртмачисининг касбий маҳорати;

асосланганлик;

очиқлик ва шаффофлик;

тортишув ва холислик;

мутаносиблик;

Давлат харидлари тизимининг ягоналиги;

молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги, самарадорлиги;

коррупцияга йўл қўймаслик.

Давлат харидларининг асосий принциплари давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.

3. Манфаатлар тўқнашуви Агентлик ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Агентлик ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

 Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш:

 Агентликнинг давлат харидлари билан шуғулланувчи ходимлари, шунингдек харид комиссиясининг аъзолари харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда ўз иштирокидаги давлат харидларига доир битимнинг натижаси бўлиши мумкин бўлган исталган шахсий нафни бевосита ёки билвосита олиш ҳуқуқига эга эмас.

Юқорида санаб ўтилган  шахслар:

-шахсий манфаатдор эмаслигини, шунингдек ўз оила аъзоларининг манфаатдор эмаслигини кафолатлаши керак, акс ҳолда шахсий манфаатдорлик ҳамда бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида зиддият юзага келади ёки келиши мумкин;

-манфаатларнинг исталган потенциал, тахмин қилинаётган ёки мавжуд тўқнашуви ҳақидаги ахборотнинг ошкор этилишини кафолатлаши керак.

Мавжуд ёки тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар топган, юқорида номлари келтирилган шахслар бу ҳақда бевосита раҳбарга хабар қилиб, бир вақтнинг ўзида ваколатли органни хабардор этиши шарт. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар унинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

4. Касбий тайёргарликни текшириш тартиб-таомиллари ва унга доир талаблар: Давлат харидларини амалга оширишга масъул этиб бириктирилган ходимлар ҳамда харид комиссияси аъзолари касбий тайёргарлиги жиҳатидан  маълумотга эга бўлиши, малакасини  мунтазам ошириши ҳамда босқичма-босқич амалий тажрибага эга бўлиб бориши тўғрисида талаблар белгилаш йўли билан таъминланади. 

Манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс  бажариладиган вазифалардан четлаштирилиши лозим.

5. Давлат харидлари жараёнида қуйидагиларга:

иштирокчиларни камситишга, бошқа иштирокчиларга зарар етказган ҳолда бир иштирокчига имтиёзлар ёки преференциялар беришга, иштирокчиларнинг ҳар қандай таъсиридан мустақил бўлишга, ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган ҳатти-ҳаракатларга барҳам беришга;

давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланмаган усулларини қонунга хилоф равишда танлашга, давлат харидлари субъектларига таъсир ўтказишга, давлат харидларида иштирокчиларнинг иштирок этиши тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга, уларнинг сонини асоссиз равишда чеклашга ёки уларнинг малакасига қўйилган талабларни оширишга, рақобатга йўл қўймасликнинг, уни чеклашнинг ёки бартараф этишнинг бошқа шаклларига, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

нархларни ёки иштирокчиларни саралаш натижаларини бузиб кўрсатиш мақсадида иштирокчиларнинг олдиндан тил бириктиришига;

ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш ёки тарқатишга, шунингдек давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни асоссиз равишда чеклашга;

давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга;

иштирокчиларнинг сунъий тарзда пасайтирилган нархлар бўйича таклифлар беришига, кейинчалик шартномани имзолашни ёки уни тегишли тарзда ижро этишни рад этишига;

давлат хариди таркибига технологик ва функционал жиҳатдан ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлмаган товарларни (ишларни, хизматларни) киритишга;

фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупциянинг намоён бўлишига;

молиялаштириш манбалари ва ҳажмлари мавжудлиги тўғрисида тасдиқларга эга бўлмаган ёки ажратилган маблағлар ҳажмидан ортиқ миқдордаги давлат харидларини амалга оширишга йўл қўйилмайди.

6. Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга доир талаблар давлат харидлари соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги керак. Бунда коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар устувор бўлади.

7. Ходим томонидан Қоидаларнинг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.