Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз илм-фани оғир жудоликка учради

Мамлакатимиз илм-фани оғир жудоликка учради

Атоқли шарқшунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов шу йил 3 ноябрь куни 80 ёшида вафот этди.

У.Уватов 1940 йил 23 февралда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилди. 1958-1969 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини араб филологияси мутахассислиги бўйича тугатиб, ўз меҳнат фаолиятини ушбу даргоҳда ўқитувчиликдан бошлади. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти аспирантурасида таҳсил олиб, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Араб тили бўйича юқори малакали мутахассис сифатида Миср, Ироқ, Ливия мамлакатларида таржимон бўлиб ишлади.

Катта илмий салоҳият ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган У.Уватов мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг юқори бошқарув идораларида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида бўлим мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, шунингдек, Амир Темур жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари каби масъул лавозимларда самарали фаолият кўрсатиб, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, илмий-маданий меросимиз намуналарини тўплаш, ўрганиш ва тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшди.

Заҳматкаш олим Тошкент ислом университетининг Манбалар хазинаси бўлими мудири, Имом Бухорий халқаро маркази раҳбари ҳамда умрининг охирига қадар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимларида фидокорона меҳнат қилди. Айни вақтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг профессори вазифасида ишлаб, буюк алломаларимиз меросини чуқур тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишларида фаоллик кўрсатди.

Машҳур олимнинг Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Муин Насафий, Амир Темур каби улуғ сиймоларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бағишланган кўплаб мақолалари, китоб ва монографиялари, араб тилидаги ноёб манбалардан қилган таржималари юртимиз ва хорижий давлатлар илмий жамоатчилиги ўртасида яхши маълум бўлиб, улар мамлакатимизда шарқшунослик илмини ривожлантиришга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилди.

У.Уватов жамоат ишларида, юртимизда олиб борилаётган маданий, диний-маърифий тадбирлар, анжуман ва учрашувларда фаол иштирок этиб, халқимиз, айниқса, ёшларни қадимий тарихимизга ҳурмат, аждодларимиз анъаналарига садоқат руҳида тарбиялаш йўлида сидқидилдан хизмат қилди.

Моҳир педагог, жонкуяр устознинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланди.

Профессор У.Уватовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони ҳамда “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган эди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин ва самимий инсон Убайдулла Уватовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, Б.Йўлдошев, У.Алимов

3 865
ЎзА