Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.03.2020 19:07 Инновацион ғоялар ва ишланмалар

Масофавий таълимни даврнинг ўзи ҳам тақозо этмоқда

Масофавий таълимни даврнинг ўзи ҳам тақозо этмоқда

Маълумки, жорий йилнинг 15 март куни коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан муайян чоралар белгиланди. Мамлакат бўйлаб тегишли таълим муассасаларида таътил эълон қилинди ҳамда ўқув режасида белгиланган машғулотлар масофавий таълим шаклида давом эттиришга кўрсатмалар берилди.

Ҳукуматнинг бундай чораларни белгилаши бир вақтнинг ўзида юқумли касалликнинг олдини олиш ва уни бартараф этишга йўналтирилган бўлса, иккинчи томондан жамиятни ўз вақтида зарур ахборотлар билан таъминлаш ҳамда ёш авлодга узлуксиз билим беришни давом эттиришга қаратилган.

Жаҳондаги энг намунали амалиёт ва меҳнат бозорининг реал талабларини ҳисобга олиб, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида 2020 йилнинг январь ойидан ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий ўқитиш шакли ташкил этилган эди. 72 соатга мўлжалланган ўқув курси 2 ой давомида онлайн ва оффлайн режимда амалга оширилди.

Масофавий таълимнинг жорий этилиши, нафақат тингловчиларнинг, балки буюртмачи ташкилотлар ресурсларини ҳам сезиларли даражада тежалишини таъминлайди. Чунки, ходимнинг хизмат сафари ва бошқа харажатларини ташкилот томонидан қоплаш масаласида муаммоси бўлмайди.

Масофавий курсларда иштирок этаётган тингловчи Марказимиз веб-сайтининг “масофавий таълим бўлими”да жойлаштирилган ўқув курси модулларида мавзулар жамланган ва интеграция қилинган ҳолда тўпланган материаллар (маъруза, видеомаъруза, тақдимот слайдлари, глоссарий ва бошқалар) билан танишади ва берилган топшириқларни ўз уйида ёки ўзига қулай бўлган бошқа жойда, куннинг исталган вақтида бажариши мумкин бўлади. Бу эса, бир қатор қулайликларни яратади:

вақт ва маблағ тежалади;

таълим олувчиларда тенг имконият яратилади;

таълим олиш учун барча ресурслар бир жойга жойлаштирилади;

ўзига қулай бўлган кунни танлайди (дам олиш кунларини ҳам қўшган ҳолда);

ўқув модулларидаги маърузалар билан такроран, чекланмаган ҳолда танишиб боради;

компьютердан ташқари мобил телефон қурилмалари орқали ҳам малака ошириш имконларини беради;

таълим жараёни автоматик тизимда амалга оширилиши жараёнда инсон омили чеклангани боис коррупция ҳолатлари кўзга ташланмайди. (Тест синовлари ва топшириқлар тингловчиларга дастурий таъминотлар орқали тақдим этилади).

Бундан ташқари, веб-сайтга жойлаштирилган ўқув модуллари доим янгиланиб борилади, унга маърузалар, тақдимотлар, инфографика, глоссарий, савол ва тестлар билан бирга, маъруза ўқийдиган профессор-ўқитувчининг аудио ва видео, анимация материаллари ҳамда қўшимча электрон материаллар жойлаштирилади.

Масофавий таълимнинг биргина нотариуслар учун мўлжалланган ўқув курсини оладиган бўлсак, тўлиқ курс 6 модулдан иборат бўлиб, ҳар бир модул ўзлаштирилиб, тегишли саволларга жавоблар қайтарилган, “кейс-стадилар”, вазиятли муаммолар бажарилган, топшириқларни тўлиқ ўзлаштирилганидан сўнг, белгиланган тестни топширади ва кейинги босқичга ўтади.

Марказда жорий йилнинг 16 март куни ташкил этилган якуний суҳбат комиссияси томонидан нотариуслардан ташкил топган дастлабки тингловчилар гуруҳидан илк бор реал вақт режимида онлайн суҳбат тарзида имтиҳон қабул қилинди. Бунда тингловчилар республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган иш жойларидан туриб махсус дастурий таъминот ёрдамида имтиҳондан ўтказилди.

Айни вақтда, коронавирус эпидемияси шароитида Ҳукуматимиз белгилаб берган чора-тадбирларга асосланиб, Марказда ўқув курсларида иштирок этаётган тингловчиларнинг ўқув курсларини якунлаш мақсадида машғулотларнинг қолган қисмини масофавий шаклга ўтказилиши йўлга қўйилди.

Масофавий таълим шаклини йўлга қўйиш давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ахборот технологияларини ривожлантириш, уларда мавжуд ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлар, тармоқлар ва кадрлар салоҳиятини замонавий талабларга мувофиқлаштиришда юқори самара беради. Шунингдек, мазкур тизимни таълим соҳасида тезкорлик билан таъминланиши кадрларни, айниқса, ёш авлоднинг билим олишида давом этиши, уларнинг ўз вақтида ўқув дастурларини ўзлаштириб олишлари учун қўшимча имконият яратади.

Анвар РАҲМАТОВ,
Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш 
маркази директори

ЎзА