Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Ҳаётий қонунларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор бўлади

Ҳаётий қонунларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор бўлади

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, жиноий жазоларни либераллаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси мавсумий тадбир эмас. Шу боис сўнгги йилларда бу борадаги қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда. Янги қонунлар қабул қилинмоқда, амалдаги қонун ҳужжатлари тўлдирилиб, қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун эса ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига 5 та ўзгартиш ва 4 та қўшимча киритилди.

Мазкур қонунда белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Абдуҳошим ЗИЁДИНОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

photo_2020-11-03_18-44-40.jpg

– Дунёдаги ҳар бир ота-она фарзандим, деб яшайди, унинг комил инсон бўлиб вояга етиши, жамиятга фойдаси тегишини истайди. Аммо баъзи ёшлар билиб-билмай, баъзида тарбиядаги эътиборсизлик туфайли жиноят кўчасига кириб қолади. Жиноятга эса жазо муқаррар. Ҳозирги кунда Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган тарбия колониясида вояга етмаган маҳкумлар сақланмоқда.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 125-моддаси тўртинчи қисмига қўшимча киритилиб, ана шу вояга етмаган маҳкумларнинг ота-оналари билан учрашувларига нисбатан чекловлар олиб ташланди.

Шу кунгача бу тартиб қандай эди? Ота-она жазо муддатини ўтаётган фарзандини истаган вақтида кўролмас эди. Фарзанди билан дийдорлашиш учун бир йилда 6 марта узоқ, 12 марта қисқа муддатли учрашув мумкин эди. Эндиликда эса вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларда мазкур чеклов бекор қилинди.

Бу эса келгусида ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини янада ошириш, вояга етмаган маҳкум озодликка чиқиб оиласи бағрига қайтгач тарбия узлуксизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

photo_2020-08-05_09-37-43.jpg

Албатта, муассаса масъул ходимлари томонидан вояга етмаган маҳкумлар дунёқарашида жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, ахлоқан қайта тарбиялаш, пировардида ижтимоий ҳаётга осон мослашувини таъминлаш борасида аниқ-чора тадбирлар белгилаб олинган. Мазкур жараёнларга кенг жамоатчиликни жалб этиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган. Лекин ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ўрни ва роли беқиёс.

– Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби ҳам белгиланганди. Мазкур мавзуга ҳам алоҳида тўхталсангиз.

– Қонуннинг қабул қилиниши кўплаб оилаларга хурсандчилик олиб кирди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби, бугунги кун ҳолатига Тошкент вилоятида жойлашган жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган 750 нафарга яқин маҳкума аёлларнинг 1 минг 500 нафарга яқин фарзандлари бор, шундан 702 нафари вояга етмаган. Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувлари сони ва муддатининг узайтирилгани эса ана шунча болалар ва оналар қувончи, дегани.

Мазкур қонун қабул қилингунга қадар маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби аниқ ҳолда белгиланмаган эди. Жиноят-ижроия кодексида эса ҳаволаки норма –“берилиши мумкин”, деган тушунча мавжуд бўлган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 130-моддаси иккинчи қисмида “Маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан муддати беш суткагача бўлган, шу жумладан, муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида яшаш имконияти билан, узоқ муддатли учрашув берилиши мумкин”, деб белгиланган.

photo_2020-08-05_09-37-38.jpg

Эндиликда Жиноят-ижроия кодексининг 130-моддаси иккинчи-бешинчи қисмларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, маҳкума аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтириш ҳамда ташқарида болалар уйида тарбияланаётган болалари билан учрашишини тартибга солиш борасида вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби ҳамда маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандларини олиб келган қариндошлари ёки васий(ҳомий)лари ҳам улар билан бирга учрашувга кириш тартиби белгиланди.

Унга кўра, маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта, муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, манзил-колонияда сақланаётганларга эса ишдан бўш вақтда муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилади. Бир сўз айтганда, Жиноят-ижроия кодексига киритилган муҳим ўзгартиришлар халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик, ёш авлод ва аёлларга алоҳида ғамхўрлик, қолаверса, умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этади.

Шу ўринда бир масалага алоҳида тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан. Яъни, бутун дунё коронавирус инфекциясига қарши жадал кураш олиб бораётган ҳозирги кунда жазони ижро этиш муассасаларида ҳам коронавирус кириб келишининг олдини олиш ва маҳкумлар ўртасида тарқалишига қарши курашишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, учрашувлар вақтинча тўхтатилган. Карантин чекловлари тўлиқ бекор қилингач фарзанди жазо муддатини ўтаётган ота-оналар дилбанди билан, маҳкума аёлларнинг эса вояга етмаган фарзандлари билан учрашувлари қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади.

Масаланинг яна бир муҳим томони эса бу янгиликлар жазо муддатини ўтаётган шахслар ҳам ўзининг қонун ҳимоясида эканини англаб, хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, бу каби бағрикенгликларга муносиб жавоб қайтариши, ўтмишдаги хатоларини такрорламаслигини талаб этади.

ЎзА мухбири
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА суҳбатлашди

3 252
ЎзА