Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2019 Чоп этиш версияси

Болам, деб бўзлаган ота

Болам, деб бўзлаган ота

Орзу-ҳаваслар кўпайган, ҳатто меъёридан ошиб бораётган даврда яшаяпмиз. Чунки одамлардаги бундай истаклар кўп ҳолларда ҳою ҳавасларга айланиб бормоқда. Энг ёмони, айримларнинг бу йўлда ҳеч нарсадан тап тортмаслиги кўз ўнгимизда содир бўлмоқда.

Масалан, эр ишлагани хорижга кетса, сал ўтмай аёл ҳам “мен сендан қолмайман”, қабилида бошқа бир давлатга йўл олмоқда.Орада эса фарзандлар сарсон...

Оилани муқаддас, деб билган халқимиз орасида авваллари ажрашиш деган тушунча деярли бўлмаган. Ҳозир эса эр ва хотиннинг ажрашиши оддий ҳолга айланиб бораётгани ачинарли. 2019 йилнинг биринчи ярмида 11 минг 153 оилада ажрим қайд этилди. Бу минг-минглаб болаларнинг тирик етим бўлиб қолаётганини англатади.

Оқибатини ўйламай қилинаётган бундай ишлар бир кун келиб афсус-надоматга олиб боришини ажрашаётганлар билармикин, ўзи?!

Қуйидаги ҳикоямиз қаҳрамони ҳам ажрашаётганида фарзанд қадри ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Лекин ўғлининг қадри ўтганида уни топа олмагани аянчли ҳолат. Шундай эмасми?

...Ишдан барвақт чиқиб жўралари билан улфатчилик қилган Юсуфбойнинг кайфи чоғ эди. Ўзича ҳиргойи қилганча уйига қайтаётиб у йўл бўйидаги болалар боғчасида шодон қийқириб юрган болаларни кўриб бирдан тўхтади. Юраги орзиқиб уларга қараган кўйи туриб қолди.

Жажжи болакайларнинг уларни олиб кетишга келаётган ота-оналарига қараб ”дадажон, аяжон”, деб бир-бир чопиб чиқаётгани юрагини ўртади. Қанча турганини билмайди, кайфи тароқ бўлди, эшиттириб айтар биргина сўзи: “Бола-а-м” бўлди...

“Уҳ” тортиб ортга қайтиб, йўлини қўшни маҳаллага бурди. Бундан етти йил бурун ўзи куёв бўлган ҳовли олдига қандай етиб келганини сезмай қолди. Ичида бот-бот такрорланаётган “болам,болам”, сўзи далда бўлиб, собиқ қайнотасининг эшигини тақиллатди.

Олтмишни қоралаган қайнонаси “ким”, дея эшикни қия очиб, анча вақтдан буён қорасини кўрсатмаган собиқ куёвига қараб, ҳайрон бўлди. Секингина “Келинг болам, келинг, сизга ким керак?”, деди.

Юсуфбойнинг бир дам тили лол бўлди.

– Болам, Юнусжоним, – деди сўнг тутилиб. – Бир кўрсам, майлими, – дея, кўз ёши шашқатор бўлди.

Буни кўрган қайнонанинг ҳам кўнгли бузилди, лабини тишлади. Сўнг оҳиста “Болам, Юнусжон аяси билан кетган-ку”, деди.

Юсуфбойнинг бўғзидан “Аа-а..”, деган ҳирқироқ бир товуш ситилиб чиқиб, каловланиб сўрагани “Қаёққа, нега кетади?”, деган савол бўлди.

Онахон эса гуноҳкордай бош эгиб, “На илож тақдир экан Ойимхолни турмушга бердик, эри билан келиб боласини ҳам олиб кетди”, деди.

Юсуфбой бир бўзарди, бир гезарди, сўнг кўзда ёши ғилтиллаб, аяга мўлтираб, “Манзилини айтинг, болажонимни бир кўрай”, деди аранг...

Онахоннинг гапидан Юнусжон аяси ва ўгай отаси билан ўзга юртга доимий яшашга кетганлиги аён бўлди. Юсуфбойнинг алами ортди. Бола соғинчи бағрини беҳад эзар, изтироб кўнглини буткул титкилар бўлди. Ғамнинг юки оғирдан-оғир бўлди. Мунғайиб туриб қолган Юсуфбой бирдан ўзининг кичрайиб, қариб қолганини ҳис қилди. Энтикиб-энтикиб нафас олди. Ўзини бир зум ўғлининг ўрнига қўйиб кўрди. “Болам бугун кимга сиғинди, кимнинг қўлига, кўзига мултирабтурибди”, деган койиш кўкайини куйдирарди.

Чорасиз қолган Юсуфбой судралиб қадам ташлаб бораркан,охирги марта боласини қачон кўрганини эслашга уринди. Унда ҳали ўғли жуда кичкина, шўх ва ширин бола эди.

Яна ёдига келгани - аччиқ устида аёлини “уч талоқ” қўйиб ҳайдагани, боласининг “дада, дада”, дея йиғлай-йиғлай онаси билан кетгани бўлди. Кейинчалик ота-онаси, маҳалла-кўй, суд яраштириш учун кўп урингани-ю, уларга “Ҳаёт меники, фақат ўзим биламан, ўзим ҳал қиламан”, деган нодон жавоби ҳам эсига тушди.

Энди эса... Энди Юсуфбойнинг фиғони фалакка чиқса ҳам, ўшанда ақлим қаерда эди, ҳали бургага аччиқ қилиб, кўрпамни ёқдимми?”, дея тазарру қилса ҳам бефойда эди. “Болам бегона уйда, бошқа бировни ота, деб ўсадими?”, деб бағри қон бўлса ҳам энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмасди. Жўяли бирон-бир сабабсиз хотинни ҳайдаб, ўзини азиз дилбандидан, болакайни ота меҳридан жудо қилганга мингдан-минг пушаймон қилса ҳам энди бари фойдасиз эди...

Юсуфбой соғинчу аламдан хўрлиги келиб, оҳу фарёд чекиб, бўзлади:

Сабр нима билмайин, жаҳл отини ўзғитган,

Меҳр нима билмайин, ўз бахтини тўзғитган,

Изза тортдириб сени, бугун ўзи қон ютган,

Сени уйдан қувмайин, отанг ўлсин, боламов...

Бир инсон ҳаётида содир бўлган бу ҳаётий воқелик ҳар қандай кишини ўйга толдиради, албатта. Муҳими, бундай ҳолатлардан сабоқ олиш. Арзимаган сабаблар билан ажрашишга бел боғлаётган эр ва хотинлар, аввало, ота-она эканликларини унутмаслиги шарт. Фарзанд дийдорга зор бўлмаслик учун, боласини мушкул аҳволга туширмаслик учун ота-онадан сабр талаб қилинади.

Холмўмин ЁДГОРОВ

8 169
ЎзА