Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Энергосамарадор замонавий қурилмалар улуши қарийб 31 фоизга етади

Энергосамарадор замонавий қурилмалар улуши қарийб 31 фоизга етади

Қарор ва ижро

Бугун электр энергиясисиз жамият тараққиётини тасаввур қилиш қийин. Уйимизни ёруғ, кўнглимизни нурафшон қиладиган, улкан шаҳарлар, йирик ишлаб чиқариш корхоналарини ҳаракатлантирадиган куч ҳам электр энергиясидир.

Бугун айнан шу манбага эҳтиёж ва талаб ортиб бормоқда. Шу боис, мамлакатимизда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимидаги "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Руслан МУБАРАКШИН мазкур қарор ижроси ва тармоқни ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда бу борада эришилаётган натижалар хусусида сўзлаб берди:

– Электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари сони тараққиётнинг кейинги босқичида ортиб бораётганлигига қарамасдан, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам соҳанинг энг “оғир юки”ни иссиқлик электр станциялари тортиб келмоқда, – деди Р.Мубаракшин. – Юртимизда жами электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмидаги иссиқлик электр станцияларининг умумий ҳиссаси қарийб 85 фоизни ташкил қилади.

Мамлакат энергетика тизими бутун тарихи давомида узоқ, деярли асрлик йўлни босиб ўтди. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизнинг қайси ҳудуди ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривож топиб, янги саноат қувватлари қад ростлай бошлаган бўлса, ўша жойда электр станциялари барпо этилганлигининг гувоҳи бўламиз. Масалан, пойтахтда ишга тушган тўқимачилик комбинати, унинг атрофидаги ҳудудни иссиқлик ва электр қуввати билан таъминлаш зарурати 1939 йилда Ўзбекистонда биринчи “Тошкент ИЭМ”нинг пайдо бўлишига асос бўлган. 60-йилларга келиб, даставвал Ангрен, кейин Фарғона, Сирдарё, Тахиатош, Тошкент вилояти, Навоий, Муборак ва бошқа ҳудудларда ана шундай иншоотларнинг барпо этилишига эҳтиёж туғилган.

Вақтнинг шиддат билан ўтиши, янги тараққиёт технологияларининг кириб келиши ҳар бир соҳа олдига бутунлай янгича вазифаларни қўяди. Йиллар давомида юрт чароғонлиги ва ривожи учун хизмат қилиб келаётган электр станциялари ҳам ҳолдан тойиши баробарида замонавий ишлаб чиқариш, экологик талабларга жавоб бермай қолди.

2017 йил таҳлилларига кўра, ривожланган давлатларда 1 киловатт энергия ишлаб чиқариш учун 240-260 грамм ёқилғи ишлатилган бўлса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда 2 баробар кўп ёқилғи сарфланган.

Бунинг устига электр энергияси асосан табиий газни ёқиш эвазига ҳосил қилинади. Газ ресурслари чекланган бугунги шароитда уни янада кўпроқ сарфлаш, тикланмайдиган табиий ресурсларнинг жуда катта миқдорини увол қилиш, яъни арзонга ёқиш дегани. Шунинг учун бугунги кунда тизим корхоналарида энергосамарадор, ёқилғини тежовчи ускуналарни ўрнатиш устувор вазифа этиб белгиланган.

– Мамлакатимизда мазкур тизимни ривожлантиришнинг янги босқичи қандай бошланди?

– Президентимиз 2018 йилнинг 3 октябрь куни ўтказилган йиғилишда электр энергияси соҳасида вужудга келган аҳволни танқидий таҳлил қилар экан, уни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини белгилаб берди.

Атом электр станциясининг ишга туширилиши ёқилғи сарфини қисқартириш бўйича революцион ечимлардан бири бўлади, бироқ бунинг учун ҳали 8-10 йил керак. Шунинг учун мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш ва тармоқни тубдан ривожлантириш, энг муҳими, қисқа даврда тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш кераклигини давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаган эди.

Орадан кўп ўтмай, тизимда туб бурилишлар даври бошланди. Президентимизнинг 2019 йил 1 февралдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди. 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ислоҳ қилиниб, унинг негизида “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил топди. Улар вазирлик таркибида фаолият кўрсатиши баробарида ҳар бир жамият “ўз араваси”ни ўзи тортишига қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асосларга эга. Қарорга мувофиқ, "Иссиқлик электр станциялари" АЖ электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари ва электр марказлари фаолиятини бошқариш учун ташкил этилган.

"Ўзбекэнерго" АЖнинг тугатилиши ва 3 та мустақил ташкилотга бўлинишидан сўнг, белгилаб берилган майдонларда иш билан фаол бандмиз, чунки ҳар бир ташкилот энергия ишлаб чиқариш, уни етказиш ва тақсимлаш борасида ўз вазифаларига эга ҳисобланади. "Иссиқлик электр станциялари" AЖнинг асосий вазифалари эса электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлаш, юртимизнинг энергетик хавфсизлигига эришиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжларини қондириш мақсадида мамлакатимизда юритилаётган энергетика сиёсатини амалга оширишдан иборат. Ўз навабтида, Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарганини алоҳида қайд этиш керак.

Шунингдек, бугунги кунда "Иссиқлик электр станциялари" AЖ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири, бу – модернизация дастурларини амалга ошириш, ишлаб чиқарувчи қувватларни замонавий асбоб-ускуналар ва илғор технологиялар асосида, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳисобига реконструкция қилиш, замонавийлаштириш, техника билан қайта жиҳозлаш ва янада ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш.

2019 йилда юртимиздаги иссиқлик электр станциялари томонидан 56,4 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу миқдор 2015 йилга нисбатан 20 фоизга ошганига қарамай, иқтисодиёт тармоқларининг ривожи ва аҳоли эҳтиёжларининг ошиши туфайли 2030 йилга бориб электр энергияга талаб 2 баробарга ўсиши кутиляпти. Бунда кўзда тутилаётган атом электр станцияси ва муқобил энергия манбалари ҳисоби оширилиши ва ишга туширилиши кўзда тутилган бўлса-да, асосий “юк” ИЭСлари зиммасига юкланган.

Жумладан, 2020 йилнинг январ-сентябрь ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш 43 344,2 миллион кВт соатга тенг бўлиб, бу режадан 1 805,3 миллион кВт соатга (104,3 фоиз), ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 733,0 миллион кВт соатга (106,7 фоиз) кўпни ташкил этди.

Ҳар қандай мамлакат иқтисодий тараққиётининг асоси энергетикадир. Сўнгги 2 йилда иқтисодиёт соҳасининг ривожланиб бориши натижасида электр энергиясига бўлган талабнинг йилига ўртача 2-2,5 дан 3 миллиард кВт соатгача ўсиб бораётганлигини кузатяпмиз. Бу кўрсаткич барчамизни мамнун қилиши аниқ, чунки бу билан республиканинг саноат салоҳияти ўсиб бормоқда, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароит яратилмоқда, энг муҳими, аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражаси ошмоқда.

– Янгиланаётган энергосамарадор қувватлар ва инвестицион лойиҳалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Тизим ривожида хорижий ҳамкорларнинг ҳиссаси қандай?

– Фаолият кўрсатаётган жорий қувватларни энг замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ва янги энергосамарадор қувватларни ишга тушириш 2020 йилда акциядорлик жамиятимиз олдида турган устувор вазифалар ҳисобланади. Иссиқлик электр станцияларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш Президентимизнинг бир қатор қарор ва фармойишлари билан белгилаб берилган бўлиб, айни вақтда уларда кўрсатилган вазифалар жадал суръатларда амалга ошириб борилмоқда. Ушбу йўналишда фаолиятимиз Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, маҳаллий банклар ва халқаро молия институтлари – ЕТТБ, ОТБ, Хитой банклари томонидан фаол равишда қўллаб-қувватланмоқда. Бугун бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш "Йўл хариталари"да белгиланган муддатлардан анча олдинда, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Aйни пайтда мамлакатимиз энергетика саноатини ривожлантиришнинг янги – замонавий, юқори самарали энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш босқичида. Сўнгги йилларда биз дунёнинг бир қатор етакчи мамлакатлари – Япония, Aмерика ва Европанинг энергетика соҳасидаги йирик компаниялари тажрибасини ўргандик. Шу аснода мамлакатимизда энг янги, энергосамарадор технологияларни жорий этишга фаол равишда киришдик ва шуни таъкидлаш лозимки, қисқа фурсатларда 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқишда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича сезиларли натижаларга эришилди.

2020 йил охирига қадар замонавий технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш эвазига тизимдаги энергосамарадор замонавий қурилмаларнинг улуши 4309 МВт (30,8 фоиз)га етади.

Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган "2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси"га биноан, 2030 йилгача иссиқлик электр станцияларининг маълум қисми томонидан 70 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, шу билан бирга уни ишлаб чиқаришга табиий газ ҳозиргига нисбатан кам сарфланади.

Тахиатош иссиқлик электр станцияси мамлакатимизнинг Қорақум ва Қизилқум кенгликлари ястаниб ётган шимоли-ғарбида жойлашган. Унда ҳозирги пайтда кунига 10 миллион кВт электр энергияси ҳосил қилинади. Бу олтмиш йил олдин ишга тушган дастлабки агрегатнинг бир йиллик иш ҳажмига тенг. Асосий манбаи табиий газ бўлган улкан корхонанинг йиллик қуввати 3 миллиард кВт соат бўлиб, Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлаб келади.

“Яшил иқтисодиёт" доирасида юз бераётган ривожланишнинг янги босқичи стратегик вазифаларни жорий этишда замонавий, самарадор ва тежамкор технологияларни фаол қўллашни кун тартибига қўймоқда. Улкан иншоотни барпо этишда бош пудратчи бўлган Кореянинг “Hunday” консорцуми жаҳоннинг 13 та турдош нуфузли компанияси иштирокида ҳудди шу талаблардан келиб чиққан ҳолда қурилиш ишларини олиб боряпти. Унинг умумий қиймати 678, 2 миллион АҚШ доллари.

Минтақа иқтисодиётида муҳим ўрин тутган мазкур иншоот технологиясининг ноёб жиҳатлари хусусида гап борганда, шундай кўрсаткичларни келтириш мумкин.

Олиб борилаётган ишлар натижасида станция қуввати ортиб, йилига 3,6 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Унинг бир кВтни ҳосил қилиш учун айни пайтда 430,3 грамм кВт соат ёқилғи сарфланаётган бўлса, янги қурилмада бу миқдор 266 грамм кВт соатни ташкил этади ва бу ўз навбатида йилига 488,6 миллион кубометр “зангори олов”ни тежаш имконини беради. Фойдали иш самарадорлиги ҳозиргига нисбатан қарийб 70 фоизга ортгани ҳолда, ҳавони ифлос қилувчи чиқиндилар йилига 741 тоннага, ис газининг миқдори айни пайтдаги 972 минг тоннадан 216 тоннага камаяди.

Шу билан бирга, иссиқлик энергиясининг 139 минг Гкалга ошиши ҳисобига қўшимча равишда 100 та мактабни, 200 та болалар боғчаси, 10 та йирик корхона ва икки миллион аҳолини иссиқлик билан таъминлаш имконини яратади.

Қайд этиш жоизки, бутун дунёни коронавирус пандемияси исканжасига олган, миллионлаб корхоналар инқирозга юз тутган, йўллар ва чегаралар ёпилган, умуман олганда, ҳеч бир кўзда тутилмаган мураккабликлар рўй бераётганига қарамай, Тахиатош иссиқлик электр станциясидаги инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилмоқда. Барча янги энергоблоклар ўз муддатида фойдаланишга топширилади.

Худди шундай фикрларни, тежамкорлик ва самарадорликка доир мисолларни “Тўрақўрғон”, “Талимаржон” ИЭСлари, Фарғона электр иссиқлик марказида олиб борилаётган лойиҳалар мисолида ҳам келтириш мумкин.

“Сирдарё” ИЭС тизимнинг “отахон”ларидан бири. Бу ерда Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Сирдарё иссиқлик электр станциясида энергоблокларни босқичма-босқич модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, Россиянинг “Силовые машины” ОАЖ компанияси томонидан бешинчи ва олтинчи энергоблокларида модернизация ишлари олиб бориляпти. Лойиҳада кўзда тутилган ишлар бажарилиши натижасида ҳар бир энергоблокнинг қуввати 325 МВт га етказилади, 1 кВт соат учун шартли ёқилғи сарфи 40 граммга камаяди, натижада уч босқичли модернизация ишлари якунида йилига 270 миллион кубометр табиий газ тежашга эришилади.

2019 йилда учинчи ва тўртинчи энергоблокларда модернизация ишларини муваффақиятли якунладик. Бунинг натижасида энергоблокларнинг ўрнатилган қуввати 650 МВтга етказилди. Айни пайтда карантин чораларига қатъий амал қилган ҳолда навбатдаги лойиҳа доирасидаги ишларни режа асосида давом эттиряпмиз. Жорий йилнинг октябрь ойида 6- ва декабрда эса 5-энергоблокларни модернизация ишлари якунланиши кўзда тутилган.

Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг замонавий ва самарадор технологияларини босқичма-босқич татбиқ қилиш, ёқилғи-энергетика ресурсларини рационал ишлатиш ҳамда самарадорлигини ошириш, ҳудуднинг саноат салоҳиятини ривожлантириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш ҳам муҳим масала. Шу боис, Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги қарори асосида “Фарғона ИЭМ” АЖ ҳудудида 17 МВт қувватли юқори самарали когенерацион газ турбина технологияларини жорий этиш инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу инвестицион лойиҳа муҳим аҳамиятга эга. Янги қурилмани тез фурсатлар, яъни йил якунига қадар фойдаланишга топшириш қиш мавсумида Фарғона водийси аҳолисини қўшимча электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш Фарғона водийси ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларининг ошишига олиб келади ва корхонага ҳар йили қўшимча 197,24 миллион КВт соат электр энергияси, 214,5 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, 3,2 миллион кубометр газни иқтисод қилиш ҳамда 125 та янги иш ўрнини яратиш имконини беради.

– Пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилиш барча соҳа вакиллари қатори сиз раҳбарлик қилаётган жамоа учун ҳам катта синов ва зарур тартибларга амал қилишни талаб этади. Айнан шундай вазиятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай кечмоқда?

– Бугун синовли кунларни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Ҳеч кимга осон эмас, албатта. Бироқ шу шароитга кўникмасдан бошқа илож ҳам йўқ. Бизнинг асосий мақсад аҳоли ва истеъмолчилар талабини қондиришдир. Қандай шароит бўлмасин, улар эҳтиёжи бизга шижоат ва куч-ғайрат беради.

Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида сифатли электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида жорий йил 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ва 17 август куни Бош вазир раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида жорий куз-қиш мавсумини барқарор ва уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида 8 та энергоблок, 15 та қозонагрегати, 5 та БГҚ ва бошқа бир қатор асосий ва ёрдамчи энергия ускуналарини таъмирлаш режалаштирилган. Таъмирлаш жуда жиддий вазифа, уни амалга ошириш кўп жиҳатдан мутахассисларнинг малакасига боғлиқ. Янги ускуналарда созлаш ва таъмирлаш ишларини етказиб берувчи компаниялар мутахассислари амалга оширади, аммо биз уларнинг иш жараёнида ҳам фаол иштирок этамиз. Aйни пайтда режалаштирилган ишлар ҳажми 98,8 фоизга бажарилди.

Ушбу ишлар бажарилиши натижасида иссиқлик электр станциялари ва марказларининг амалдаги қуввати 368 МВт га ошади. Таъмир ишларини бажариш учун 2020 йилда 747,2 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш режалаштирилган.

Куз-қиш мавсумида ишлаб чиқариш қувватлари барқарорлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган ташкилий ва техник чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 2020 йил якунига қадар 804,5 миллиард сўмга тенг бўлган 1 219 миллион куб метр табиий газ ва 27,3 миллиард сўмлик 137,11 миллион кВт соат электр энергиясини тежаш кутилмоқда.

2020 йилда электр энергияси истеъмоли ўтган йилга нисбатан ўртача 9 фоизга ошиши ҳисобга олинган ҳолда, жорий ва инвестиция лойиҳалари уюшқоқлик билан ҳаётга татбиқ этилаётир. Ишлаб чиқилган бу йўналишдаги “Йўл харитаси” ижросини сўзсиз таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Мухтасар айтганда, пандемия туфайли юзага келган жаҳон иқтисодий инқирози шароитида жорий йилда иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт янги қувватларни ишга тушириш ишлари жадал давом этаётгани, тизимда хорижий инвестициялар ҳисобига янги буғ-газ қурилмалари бўйича режалар шакллантирилгани энергетикамиз ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлаши ҳамда ривожланишига мустаҳкам замин яратаётганлигидан даракдир.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.


2 554
ЎзА