Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2019 Чоп этиш версияси

Фарғонада босқинчиларга суд ҳукми ўқилди

Фарғонада босқинчиларга суд ҳукми ўқилди

Фарғонада босқинчилик қилган ёш йигитларга суд томонидан тегишли жазо тайинланди.

Ҳар бир инсон бирор касб ёки ҳунарни этагини тутиб, яхши ҳаёт кечириш учун ҳаракат қилади. Аммо бундайлар орасида ҳалол ишига ҳаромни аралаштириб, ўғирлик, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни қилиб, пок номига доғ тушираётганлар ҳам учраб туради.

Бувайда туманидаги “Араб” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Санжар Зиёбидин ўғли Ўринзода, Саиджон Бегали ўғли Нурализодалар ҳали ҳаётнинг аччиқ чучигини тотмаган бўз йигитлар. Улар олмафурушлик билан шуғуллансаларда, ҳар иккиси ҳам муқаддам жиноят содир этиб, тегишли жазони олган. Аммо улар бундан тегишли хулоса чиқармади. Кунлардан бир куни Санжар билан Саид ўзаро суҳбатлашиб ўтирганларида, олма савдоси билан мўмай пул топа олмаётганларидан бир-бирига ҳасрат қилиб қолади. Шунда улар ўзлари истиқомат қилаётган Бандикушод қишлоғида яшовчи Ш.Хидировнинг пули кўплигига ҳасад қилиб унинг бир неча автомашиналарини одамларга ижарага бериб, катта пул топаётганини, уни уйида камида 100 минг АҚШ доллари бўлса керак, деб чамалашади.

Мана шу суҳбат сабаб бўлиб, улар Ш.Хидировнинг пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш режасини туза бошлайди. Уй эгаси кундуз куни ишда бўлиши, уйда унинг ёлғиз ногирон опаси бўлишини яхши билишарди. Шунинг учун босқинчиликни кундуз куни, аниқроғи, 2019 йил 12 февраль куни соат 14.00 лар чамасига белгилаб олишди. Аммо бировнинг уйига куппа кундуз куни бостириб киришга уларнинг юраги дов бермади. Бунинг учун тажрибалироқ бир шерик лозим деган қарорга келиб, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида яшовчи Муҳаммаджон Қосимовни топишди. Биринчидан, Муҳаммаджон улардан анчагина катта ёшда, олмафурушлик орқасидан танишишган. Иккинчидан, у муқаддам талончилик жинояти билан икки марта ва яна номусга тегиш, ўғирлик жиноятларини содир этган. Ҳозирги вақтда озодликдан маҳрум қилиш жазосининг қолган қисми ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилгани сабаб жазони очиқда юриб ўтаётганди. Хуллас, бу борада анча “тажрибали” эди.

Санжар ва Саид, аввало, унинг кўнглига қўл солиб кўриш мақсадида олма олди-сотдисини баҳона қилиб Муҳаммаджон яшаётган қишлоққа борди. Муҳаммаджоннинг аммасиникидаги олмаларни кўриб, маъқул дейишди. Аммо йўл-йўлакай Бувайда туманидаги бир танишларида каттароқ пуллари бор эканини, ундан олиш лозимлигини, олма сотиб олиш учун кераклигини баҳона қилиб, ундан биргаликда Бувайда туманига бориб келишни сўрашди. Бу вақтда Муҳаммаджоннинг ўртоғи Адҳам Абдураззоқов (жиноят ишининг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилиб, унга қидирув эълон қилинган) ҳам шу ерда эди. Адҳам ҳам бирга бормоқчи бўлди. Ҳеч гапдан хабари йўқ М.Қосимов бир киракаш танишининг “Нексия”сини 130 минг сўмга келишиб, бирга йўлга чиқди. Бувайда туманининг Бандикушод қишлоғига келиб, кундуз куни соат 14 лар чамасида қишлоқ масжиди ёнида тўхтади. Санжар, Саид, Адҳам ва Муҳаммаджон 20 метрлар чамаси юриб, Ш.Хидировнинг уйи ёнига боради. Санжар ва Саид икки киши уй дарвозаси ёнида пойлоқчилик қилиб туриши лозимлигини айтганидан сўнг Муҳаммаджон шерикларининг қай мақсадда бу хонадонга ташриф буюрганини сезиб, уларга “Мен кирмайман, эндигина ахлоқ тузатиш ишлари жазоим тугаяпти” деб бош тортди. Лекин Муҳаммаджоннинг ўртоғи Адҳам Абдураззоқов Санжар ва Саиднинг шартларига рози бўлиб, улар билан бирга босқинчилик жиноятини амалга ошириш учун уйга кирмоқчи бўлди. Шунда улар ҳайдовчи ва Муҳаммаджонни жўнатиб юборишди. Аниқроғи, Муҳаммаджонга Бувайда тумани марказига бориб, уларни кутиб туришини буюришди.

Уч босқинчи фуқаро Ш.Хидировнинг яшаш хонадонига дарвоза орқали ғайриқонуний равишда киради. Шу пайтда ошхонада бўлган ногирон Ш.Хидировага Санжар кўриниш беришни хоҳламади. Чунки, у аввалроқ машина сўраб бу хонадонга келган ва Ш.Хидирова Санжарни таниб қолиши мумкин эди. Адҳам ва Саид эса ошхонага кириб, Ш.Хидировани оёқ-қўлини боғлаб, оғзини скотч билан беркитиб, ётқизиб қўйишади. Уй ичида пул қидириб буюмларни ағдар-тўнтар қилаётган Санжар ниҳоят ётоқхонадаги тахмоннинг пардасини очганида, кўрпалар устига ташлаб қўйилган 15 миллион сўм сочилиб кетди…

Бу вақтда эса ошхонадан биринчи бўлиб чиққан Санжарнинг ортида қолган Адҳам Ш.Хидированинг қулоғидан “Туя тиш” тилла сирғасини ечиб олиб, чўнтагига урди.

Хуллас, босқинчилар 25 миллион сўм нақд пулни олганидан сўнг чорбоғ орқали дала томонга ўтиб, бир теракзор ичига киришди ва шу ерда пулларни теппа-тенг бўлиб олишди. Бироқ Ш.Хидировнинг уйидан бир-бирига билдирмай ўғирлаган тилла буюмлар, яъни нархи 1,5 миллион сўмлик бир жуфт “Туя тиш” тилла сирғани, дивандаги ёстиқ остидан олинган 1 дона 8 миллион сўмлик ва 1 дона 6 миллион сўмлик сариқ металлдан ишланган эркаклар қўл занжирларини “намойиш” этишмади.

Теракзор ичида очкўзлик билан нақд пулларни ўртага қўйиб бўлишаётганига узоқдан бировнинг кўзи тушиб қолганини сезгач, зудлик билан бу ердан жуфтакни ростлашди. Катта йўлга чиқиб, “Дамас” машинасида Бувайда тумани марказига етиб боришди ва уларни кутиб турган Муҳаммаджон Қосимовни топишди. Йўлда кета туриб ҳайдовчига билдирмай Муҳаммаджонга 100 минг сўм беришганида, у олмади. Ўзаро қўшиб, жами 400 минг сўм қилиб бермоқчи бўлишди. Киракашга эса 95 минг сўмини беришиб, хайрлашишди.

Албатта, ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди. Бувайда туманидаги Бандикушод қишлоғидаги Ш.Хидировнинг яшаш уйида кундуз куни босқинчилик жинояти содир этилиб, катта миқдорда пул ва тилла тақинчоқлар ўмариб кетилгани тезда овоза бўлиб кетди. Ички ишлар идораларининг тезкор ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки қидирув-суриштирув ишлари натижасида босқинчилик жиноятини Санжар Зиёбидин ўғли Ўринзода, Саиджон Бегали ўғли Нурализода, Муҳаммаджон Қосимов, Адҳам Абдураззоқовлар қилгани тезда фош этилди ва улар далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Жорий йил 1 июль куни жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди томонидан ушбу босқинчилик жинояти ҳар томонлама кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан судланувчи Ўринзода Санжар Зиёбидин ўғли ва Нурализода Саиджон Бегали ўғлига узил-кесил 7 йил 3 ой муддатга, Муҳаммаджон Қосимовга эса 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчилардан жабрланувчига етказилган моддий зарар ундириладиган бўлди.

5 945
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА