Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Финляндия таълим тизими муваффақияти

Финляндия таълим тизими муваффақияти
Таълим ислоҳоти – тараққиёт гарови 

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврига қадам қўйган бугунги кунда инсон капиталига сармоя киритиш, таълимни ислоҳ қилиш устувор вазифалардан бири.

2020 йил 30 октябрь куни Президентимиз раислигида таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам кўплаб масалалар муҳокама қилинди, стратегик вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки мулоҳаза ва фикрлашга чорлайдиган методикани яратиш зарурлиги, бу борада Финляндия таълим тизими тажрибасини ўрганиш вазифаси ҳам қўйилди.

Маълумки, халқаро тадқиқотлар илғор таълим амалиётини кузатиш, инновацион таълим сиёсати ҳамда амалиётини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнлари, умуман, ўрганишимиз мумкин бўлган кўпгина муваффақиятли мисоллар билан танишиш имконини беради.

Шу боис таълим соҳасидаги энг илғор, етакчи давлат – Финляндия тажрибаси билан танишиш мақсадида PISA ва PIAAC тадқиқотларининг кўп йиллик таҳлилларига асосан, халқаро экспертлар, тадқиқотчилар мулоҳазаларига ҳамда PISA дастурининг асосчиси, таълим тадқиқотчиси Андреас Шляйхернинг хулоса ва таҳлилларига мурожаат этдик.

Финляндия – юқори натижаларга эришиш масалаларида энг барқарор мамлакатлар сирасига киради. У қойилмақом таълимнинг синонимига айланган. Ҳақиқатан ҳам кўплаб мамлакатлар Финляндияга ўз экспертларини илғор тажриба, қонун чиқариш асослари ва яхши амалиётларни ўрганиб, ўз мактабларида қўллашни ўзлаштириш учун юборади.

PISA-2015 натижаларига кўра, Финляндия ўқиш саводхонлиги бўйича 4-ўрин, табиий фанлардан 5-ўрин ва математикадан 13-ўринни эгаллади. Эҳтимол, бу натижалар унинг олдинги тадқиқотлардаги юқори кўрсаткичларидан пастроқдир (уч йўналиш бўйича энг паст ўзлаштирувчи ўқувчилар улуши рейтинг чўққисидаги мамлакатлар – Канада, Эстония, Гонконг, Сингапур ва Вьетнамга нисбатан юқори эди), аммо айни пайтда Финляндия юқори натижаларга эришган энг ишончли тизимлардан бири бўлиб қолади.

Бу мамлакат тажрибаси муваффақият қозонишнинг кўп усуллари мавжудлигини кўрсатади. Бу тизимда ўқувчилар самарадор Осиё мамлакатларидагига қараганда ўқишга кам вақт сарфлайди, уйга берилган топшириқлар кам, мактаб текширувлари эса бекор қилинган.

Аммо кўпчилик муваффақиятли таълим тизимлари каби, фин таълим тизими шароити оғир ўқувчилар ҳам юқори натижаларга эришиши мумкин ва ҳар қандай мактаб, қаерда жойлашганидан қатъи назар, юқори сифатли таълим бериши керак, деган фикрга асосланади. Шимолий Европа ва Болтиқбўйи мамлакатларида бўлгани каби бу ерда ҳам ижтимоий-иқтисодий омилларнинг таълим натижаларига таъсири пастлиги кўринади.

Финляндия мисоли фақат таълим тизими сифати унинг ўқитувчилари сифатидан юқори бўлолмаслигини тасдиқлайди. 1960 йилларнинг охирида юқори сифатли таълимни гимназия ва лицейларда таълим олаётган камчилик учун эмас, ҳар бир ўқувчи учун умумий ва очиқ қилиб, умумтаълим мактабларини ривожлантиришга қарор қилинди. Бу тизимни жорий этиш 1970 йилларнинг охиригача давом этди. Бўлғуси ўқитувчиларни тайёрлаш иши университетларга ўтказилди ва анча жиддийлашди.

1990 йилларнинг бошларида Финляндияда ишсизлик 20 фоизга етди, ялпи ички маҳсулот камайиб кетди, давлат қарзлари кўпайди. Таълим технология сектори ва ўсиб бораётган телекоммуникациялар бозорига инвестиция киритиш томон ўзгариб бораётган фин иқтисодиётини ислоҳ қилиш усулига айланди. Илмий-тадқиқот ва конструкторлик марказларида ишлайдиган финлар сони кескин ошди. ХIX аср қоғоз фабрикасидан ХХI аср бошидаги мобиль телефонлар ишлаб чиқариш соҳасида энг йирик компаниялардан бирига айланган Nokia сингари компаниялар ривожланиб кетди.

Омилларнинг бундай бирикуви Финляндияда яхши тайёрланган ишчи кучига бўлган талаб ва бу талабларни қондириши мумкин бўлган очиқ ва юқори сифатли ўқитиш тизимига эга бўлган таълимга эҳтиёж бор эди. Ва албатта, фин тизимининг яна бир хусусияти – бу такомиллашиш тамойилидир. Финляндияда давлат умумтаълим мактабларида ҳар бир ўқувчи бепул иссиқ овқат, тиббий ёрдам, жумладан, стоматолог ёки психолог ёрдамини олади. Махсус таълим эҳтиёжига эга болаларга ғамхўрлик қилиш ҳар қандай мактаб ишининг ажралмас қисмидир. Болалар яна индивидуал ёрдам олади ва эътиборда бўлади.

Финляндияда қийналаётган ва қўшимча ёрдамга муҳтож болаларни фан ўқитувчилари билан ҳамкорлик қиладиган устоз-ўқитувчилар аниқлайди, кейин эса синфдошларига етиб олишда бундай ўқувчиларга ёрдам бериш учун улар билан якка ҳолда ёки кичик гуруҳларда ишлайди.

Фақат танлаб олинган ўқувчиларгина муваффақиятга эриша олади, деган фикрдан воз кечиш ва ҳар бир ўқувчи юқори даражада ўзлаштира олишига ишониш учун кўпчилик давлатларга узоқ вақт керак бўлди. Бу мақсадга эришиш учун таълим сиёсатини ишлаб чиқиш ва имкониятларни оширишнинг ҳар томонлама мувофиқлаштирилган дастури зарур. Аммо яхши кўрсаткичларга эга мамлакатларда мавжуд моделлардан бири ўқувчиларнинг қобилияти ва турли даражадаги когнитив кўникмаларига қараб ажратадиган тизимдан ҳамма ўқувчилар ҳаммага бирдай талаб қўйиладиган ўқув дастурига эга умумтаълим мактабларида ўқийдиган тизимга аста-секин ўтишдир. Финляндия 1970 йилларда шу йўлдан борган биринчи мамлакат бўлди.

Финляндия педагогик таълимни олий таълимнинг энг нуфузли йўналишларидан бирига айлантирди. Ҳар йили педагогика олий ўқув юртларига битта ўринга ўндан ортиқ номзод даъвогарлик қилади, ўқишга кира олмаган ёшларда эса адвокат ёки врач бўлиш имконияти қолади. Абитуриентлар мактабдаги ўқиш натижалари ва кириш имтиҳонида олган баҳосига асосан баҳоланади. Номзодларни янада жиддийроқ саралаш кейинроқ содир бўлади. Академик натижалар асосидаги бошланғич танловдан сўнг улар ўқитувчи ишини кўрсатиб беришига қараб баҳоланади, кейин улардан интервью олинади. Фақат юқори даражада ўзлаштиришдан ташқари ҳақиқатан дарс бера олиш қобилиятига эга абитуриентларгина ўқишга кабул килинади.

Ўқитувчилик касбига нафақат бакалавриат, балки магистратура битирувчилари ичидан энг яхшиларини жалб қилади. Ўқитувчи мактабда иш бошлаганидан кейин унинг мажбурий малака ошириш курсларида ўқишни давом эттириши кўзда тутилади. Ўқитувчилик муҳим ва ҳурматга лойиқ иш сифатида қабул қилинади, ўқитувчиларга ишонишади ва уларга мустақиллик беришади.

Ишга қабул қилиш шартларининг даражасини кўтариш ва ўқитувчиларга синфда кўпроқ ҳаракат ва назорат эркинлиги беришни бирга қўшиш, шунингдек, ўз иш шароитига таъсир ўтказиш имконияти ўқитувчилик касби мақомининг ошишига йўл очиб берди. Бугун ўқитувчилик ёш финларнинг энг ардоқли касбларидан бирига айланган. Фин педагоглари амалда барча ўқувчиларга билимли бўлишга ёрдам бера олишларини исботлаб, ота-оналар ва бутун жамиятнинг ишончига сазовор бўлди.

Анча самарали таълим тизимлари кенг назарий базагагина эмас, балки бевосита синфларда ишлашга қодир мутахассисларни тайёрлашга асосланган бўлажак ўқитувчиларни тайёрлаш моделини яратиш устида ҳам ишлаяпти. Бундай дастурларнинг моҳияти шундаки, бўлажак ўқитувчилар мактабга эртароқ киради, кўп вақтларини мактабда ўтказади ва таълим олиш жараёнида катта ёрдам олади. Бундай дастурлар муаммоли ўқувчиларга эрта ва аниқ ташхис қўйиш ва ўқув режасини мос равишда соддалаштириш малакасини ривожлантиришда ўқитувчиларга кўмак беришга кўпроқ эътибор беради. Бу дастурлар бўлажак ўқитувчилар кенг инновацион педагогик услублардан дадил фойдаланадиган кишилар бўлишини кўзда тутади. Бу ўқувчиларнинг ўқув тажрибасини бойитиш, тасаввур, ўртага масала ташлаш қобилиятини ўстирадиган жамоавий фаолиятда иштирок этишни рағбатлантиради.

Баъзи мамлакатларда бўлғуси ўқитувчиларнинг бошланғич тайёргарлиги илмий текшириш асосларини ўз ичига олади. Ўқитувчилар бу кўникмалардан умри давомида ўқиб-ўрганишга тайёр ўқувчилар каби фойдаланади ва педагогнинг касбий фаолиятини яхшилашга ўз ҳиссасини кўшиш учун турғун амалиётни шубҳа остига қўяди, дея тахмин қилинади.

Илмий текшириш фаолияти ўқитувчилар касбий тайёргарлигининг ажралмас қисмидир. Финляндияда ҳар бир ўқитувчи маълумотни магистрлик диссертацияси билан тугаллайди.

Финляндия ижодкорлик ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш ўқув дастурларини ишлаб чиқувчи мамлакатларнинг олдинги сафида тургани боис ўқитувчилик иши тадқиқотлар, ишлаб чиқишлар ва лойиҳалар билан боғлиқ касбга қизиқадиган кўп кишиларни ўзига жалб қилади.

Фин мактаблари ўқув муддатиниг учдан бирига яқинини дарсдан ташқари фаолиятга бағишлайди, бу билан бўш ўзлаштирувчи ва истеъдодли ўқувчилар билан ишлаш учун ўқитувчиларга кенг имкониятлар яратиб беради. Финляндияда махсус таълимга эҳтиёжманд болалар таълими ўқишда қийинчилик сезадиган ўқувчилар таълимининг синоними эмас. Аксинча, амалда ҳар бир ўқувчи маълум бир муддат ўқишга алоҳида эҳтиёжи бўлган ўқувчига айланиши мумкин, бунинг сабаби шуки, мактаб бу болага мактабдан ташқарида кўп нарса қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Синфда ўз ўқув фаолиятига мақсад қўйиш ва унга эришишни назорат қилиш маҳоратини ривожлантиришга ва ўқувчиларнинг ўзини ўзи баҳолаш қобилиятига катта эътибор берилади. Ўрта мактабни тугатаётган ўқувчилар шахсий дастур ишлаб чиқа олади ва дастур доирасида ҳар бири баҳо олмаган ҳолда ўз маромида таълим олишни давом эттиради, дея ҳисобланади.

Дилшода НОРБОЕВА,
Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари.

12 151
ЎзА