15.08.2019 Чоп этиш версияси
Қизилўрда вилояти давлат филармонияси ижодий жамоаси Навоийга ташриф буюрди
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётир. Икки давлат ўртасидаги алоқалар нафақат сиёсий-иқтисодий балки, узоқ қардошлик алоқалари сифатида ҳам намоён бўлиб келмоқда. Илдизи бир бўлган бу икки миллатнинг келажаги ҳам ажралмасдир. Бу борада ҳар иккала давлат томонидан аниқ дастурлар асосида ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудлараро маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда. Айниқса, 2018 йил – Қозоғистонда Ўзбекистон йили сифатида кенг нишонлангани, 2019 йил эса Ўзбекистонда Қозоғистон йили, деб эълон қилингани бир дарёнинг икки ирмоғида яшовчи икки халқ учун дўстлик ва яқин қўшничилик, ўзаро ҳамкорликни самарали йўлга қўйишда кенг имкониятлар эшигини очди.
Шундай ҳамкорликлар доирасида Қозоғистон Республикаси Қизилўрда вилояти давлат филармонияси халқ чолғу оркестри ижодий жамоаси Навоий вилоятига ташриф буюрди.
Навоий кон-металлургия комбинатининг “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтган халқ чолғу оркестри концерт дастури, унинг ранг-баранг мусиқий композициялари, қозоғистонлик санъат усталари ва ёш ижрочилари томонидан янграган дилга яқин куй-қўшиқлар, жозибали рақслар навоийлик мухлисларга манзур бўлди.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
НКМК Матбуот маркази бошлиғи
4 433
ЎзА