Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2019 Чоп этиш версияси

Китоб – бебаҳо совға

Китоб – бебаҳо совға

Беш ташаббус – амалда

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида тегишли ташкилотлар томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам мазкур ташаббус доирасида китоб улашиш анъанасини давом эттирмоқда. Уюшма аъзоларининг бу галги манзили Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган 66-мактаб-интернати бўлди.

Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан чоп этилган бир қанча китоблар жамланмаси Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Сариосиё тумани ҳокими Асқарали Жўраев, туман прокурори Нодир Азизов иштирокида таълим муассасаси кутубхонасига совға қилинди.

– Тақдим қилинган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Озод Шарафиддинов, Чингиз Айтматовнинг “Сайланма” асарлари ҳамда “Адиб ва жамият” рукни остида чоп этилган китоблар, шубҳасиз, мактаб-интернат ўқувчи-тарбияланувчилари, ўқитувчи-тарбиячилари ҳамда мутасаддиларига манзур бўлади. Ҳамда ушбу китоблар янги ўқув йили олдидан таълим муассасасидагилар учун ажойиб совғадир, – деди Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Менгнор Олломурод.

Ижодий учрашувга айланиб кетган мазкур тадбирда ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ҳамда маҳаллий депутатлар иштирок этди.

Мактаб ўқувчилари устоз шоирлар ҳамда ёш шоир Жўрабек Жаҳон томонидан ўқилган шеърларни мароқ билан тингладилар.

4 943
М.ҚОСИМОВА, ЎзА