Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2019 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз фармацевтика компаниялари раҳбарлари Сеулда

Мамлакатимиз фармацевтика компаниялари раҳбарлари Сеулда

Шу кунларда Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳрида Фармацевтика соҳаси бўйича Корея – Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда. 

Унда Ўзбекистон делегацияси – инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Абдусаломов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев, Агентликнинг бўлим бошлиқлари ва етакчи мутахассислари ҳамда мамлакатимизда фаолият юритувчи 13 фармацевтика компанияси раҳбарлари иштирок этмоқда.

Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Форумнинг биринчи куни G2G ва B2B форматида ташкил этилган тадбир доирасида фармацевтика компаниялари аниқ инвестицион лойиҳаларининг ўзига хос тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистонда фаолият юритувчи хусусий фармацевтика компаниялари учун илк бора ташкил этилаётган ушбу хориж сафаридаги лойиҳа тақдимотлари онкологик, юрак қон-томир ва эндокринология касалликларини даволаш учун препаратларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш юзасидан бўлди. Корея компаниялари ушбу лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга оширишда жуда катта қизиқиш билдирди. Уларнинг фикрича, Кореянинг ички бозори етарли даражада ривожланиши учун анча кичик, Ўзбекистонда эса қулай шарт-шароитлар яратилган. Мамлакатимиз бозорида ишлаб чиқаришни ташкил этиш Корея компанияларининг МДҲ давлатлари бозорига чиқиши учун жозибадор майдон эканлиги таъкидланди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориевнинг сўзларига кўра, Президентимизнинг Тошкент вилоятида Фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси Корея томонидан жуда катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар ушбу кластерда иштирок этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Ташриф доирасида мамлакатимиз делегацияси иштирокида Кореянинг Осонг ва Инчеон шаҳарларида ҳам тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

5 198
ЎзА