Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Рақамли технологиялар ўқув маркази иш бошлади

Рақамли технологиялар ўқув маркази иш бошлади

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3-йўналиши аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиши учун шароит яратиш, ёшларни ахборот технологиялари соҳасидаги тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган.

Навоий вилояти Хатирчи туманида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманда рақамли технологиялар ўқув маркази очилди. Мазкур марказ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти Навоий филиали Хатирчи тумани почта алоқаси тармоғига қарашли бинода ташкил этилди.

photo_2020-11-03_19-59-11.jpg

Марказни ташкил этишга қарийб 500 миллион сўм маблағ сарфланиб, зарур технологик воситалар билан жиҳозланди. Компьютерлаштирилган ўқув хонасида ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Рақамли технологиялар ўқув маркази туман марказида аҳоли ташриф буюриши учун жуда қулай жойда жойлашган. Марказга 5-11 синф ўқувчилари, шунингдек, уюшмаган ёшларни жалб этиш, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларнинг AКТ соҳасидаги билим савиясини ошириш режалаштирилмоқда.

photo_2020-11-03_19-59-15.jpg

Бундан ташқари, «One Million Uzbek coders» лойиҳаси доирасида туман ёшларини жалб қилиш ишлари ҳам амалга оширилади. Бугунги кунда Навоий вилояти бўйича «One Million Uzbek coders» платформасида ўн мингдан зиёд ёш йигит-қизлар рўйхатдан ўтди. Хатирчи туманида эса «One Million Uzbek coders» платформасида 355 нафар ёш рўйхатдан ўтиб, 57 таси муваффақиятли равишда курсларни тамомлади ва сертификатларга эга бўлди.

Маълумот учун, ҳозирги кунда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган режа бўйича Навоий вилоятида Навоий шаҳри ҳамда Кармана туманида ҳам рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилиб, фаолият кўрсатмоқда.

3 257
Абдували Бўриев, ЎзА