Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Таълим масалалари муҳокама этилди

Таълим масалалари муҳокама этилди

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама этилди.

Вилоятда бугунги кунда 367 та мактабгача таълим ташкилоти, 313 та умумтаълим, 11 та касб-ҳунар мактаби, 6 та коллеж, 6 та техникум ва 2 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларда жами 200 минг нафарга яқин фарзандларимиз таълим-тарбия олмоқда.

Агар вилоят аҳолиси 857 минг нафарлигини эътиборга олсак, ҳар куни воҳа аҳолисининг 25 фоизи, яъни чорак қисми таълим билан бевосита боғчада, мактабда, коллеж, техникумда ва институтда машғул бўлади.

photo_2020-11-03_20-32-07.jpg

Таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолатини замон талабларига мослаштириш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, ўқитувчи-педагоглар нуфузини юксалтириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш бўйича қатъий ва изчил чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилмоқда.

Бугунгача фармон лойиҳаси юзасидан педагоглар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликдан 300 дан зиёд таклиф келиб тушган бўлиб, вилоят Кенгаши депутатлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари билан бирга ҳар бир таклиф атрофлича ўрганилди.

Сессияда Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Абдураҳмонов фармон лойиҳаси юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида депутатларга маълумот берди.

photo_2020-11-03_20-32-16.jpg

Жумладан, фармон лойиҳаси бўйича 13 та таклиф, яъни 1 та янги қонун лойиҳаси устида ишлаш ва фармон лойиҳасидаги 12 та бандга қўшимча, ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар билдирилди.

– Фармон лойиҳасида мактабни бошқаришда халқнинг ўрнини белгилашдек катта ўзгаришга қўл урилмоқда, яъни халқ вакиллари билан мактаб бирлашди, – деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев. – Фармонни ўқиш, ўрганиш давомида шундай хулоса қилиш мумкинки, мамлакатимизда “III Ренессанс” ёки “Янги уйғониш даври” учун тамал тоши қўйилмоқда. I, II Ренессанслар вужудга келиш тарихини ўрганганимизда, 3 та муҳим манбаа бўлган экан, бу – биринчидан ободончилик, иккинчидан – илм аҳли ва зиёлига ҳурмат-эътибор, учинчидан – халқни китоб ўқишга рағбатлантириш.

Билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

2 008
А.ҚАЮМОВ, ЎзА