Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

“Шерлар” “қалдирғочлар”га “таслим бўлди”

“Шерлар” “қалдирғочлар”га “таслим бўлди”

Аёллар футболи бўйича ўзгача форматда давом этаётган олий лиганинг 12-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Хабарингиз бор, пандемия шароитидан келиб чиқиб аёллар ўртасида ўтказилаётган 26-чемпионатнинг иккинчи даврасида жамоалар биринчи даврада эришилган натижалари бўйича тенг иккига бўлинди. Унга кўра, кучли олтиликдаги жамоалар юқори олтиликни, еттинчи ва ўн иккинчи ўринлардаги жамоалар эса қуйи олтиликни ташкил этишди.

Bunyodkor-W-Paxtakor (2).jpg

Чемпионат ғолиби ва совриндори бўлишни ният қилган ва шу мақсадда кураш олиб бораётган юқори олтиликдаги жамоалар баҳсларни уй-сафар тизимида давом эттиришади. Қуйи олтиликдаги жамоаларнинг аксарияти эса иқтисодий муаммолар туфайли чемпионат ўйинларида иштирок этишлари сўроқ остида қолаётганлигини баён этишиб, ЎзПФЛга расман мурожаат этишди. ЎзПФЛ эса ҳар қандай шароитда ҳам чемпионатни давом эттириш, 150дан зиёд футболчи қиз ва мураббийларнинг “ишсиз” қолиб кетишларини олдини олиш мақсадида ЎФАдан кўмак беришларини сўради. 

Футбол ассоциацияси мутасаддилари эса вазиятни муҳокама қилгач, қуйи олтиликдаги жамоаларни марказлашган ҳолда чемпионатни давом эттиришга рухсат берди. Бунда жамоалардан фақат пойтахтга келиб-кетиш харажатлари сарф бўлади, қолган барча харажатлар – жамоаларнинг Тошкентда яшашлари ва овқатланишлари билан боғлиқ харажатлар ЎФА томонидан қопланадиган бўлди. Шу тариқа яқин вақт ичида қуйи олтилик жамоалар ўртасидаги баҳслар қайси кундан ва қай стадионда ўтиши борасида маълумот берилади.

Bunyodkor-W-Paxtakor (1).jpg

Кучли олтиликдаги жамоалар ўртасидаги ўйинлар давом эттирилди. Олтита жамоа ўртасида кечаётган мусобақанинг уч ўйинида уч хил натижа қайд этилди.

АГМК ва “Сўғдиёна” жамоалари баҳсида ғалаба қозониш ҳеч кимга насиб этмади. Жиззахликларнинг асосий ўйинчилари – Диёра Хабибуллаева ва Ирода Турдалиеванинг соғлиги билан боғлиқ муаммолари бўлгани учун жамоа икки етакчисисиз тўп сурди ва устунликка эриша олмади. Таркиби асосан ёш қизлардан иборат бўлган АГМК жамоасининг ўз уйида очко олиши эса мағлубият билан тенгдек гап эди. Аммо ҳеч кимга рақиб дарвозасини нишонга олиш насиб этмади.

Bunyodkor-W-Paxtakor (4).jpg

Пойтахт дербисида “Бунёдкор”нинг қўли баланд келишини башорат қилганлар кўпчилик эди, лекин бу қадар йирик бўлиб кетиши кутилмаганди. Эркаклар жамоалар ўртасида бугунги кунда “Пахтакор”нинг имкониятлари қай даражада бўлса, аёллар жамоалари ўртасида “Бунёдкор”нинг кучи шу қадар баландлиги ҳаммага аён. 

Аммо “Пахтакор” таркибида тўп сураётган озарбайжонлик легионер Ана Алекперова бошқа ўйинларда жамоадошларини “ўз елкасида” кўтариб юрган бўлса, бу гал бу “елкалар” “Бунёдкор”га дош бера олмади. 

Bunyodkor-W-Paxtakor (5).jpg

Майдон эгалари рақиб дарвозасини етти бор нишонга олди ва ўз дарвозасидан ўйин охирида, унда ҳам пенальтидан гол ўтказиб юборди. Агар Людмила Карачик мўлжаллардан адашмаганида ҳисоб бундан-да йирик бўлиши ҳеч гап эмасди.

Мамлакатнинг ўн уч карра ва амалдаги чемпион “Севинч”нинг бу йилги чемпионатдан “иштахаси катта” эмас. “Бунёдкор” ҳали бир маротаба ҳам очко йўқотмаган бир пайтда “Севинч” бисотида битта дуранг ва иккита мағлубият бор. Биринчи давра якунига кўра қаршиликлар турнир жадвалида учинчи ўриндан жой олишганди, 12-турда сафарда, “Металлург”га қарши ўйинда Владислав Хан шогирдлари мазмунли ўйин кўрсатишиб рақибларини йи рик ҳисобда мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди... 

Bunyodkor-W-Paxtakor (6).jpg 

12-тур натижалари:

3 ноябрь, сешанба

АГМК – СЎҒДИЁНА - 0:0

БУНЁДКОР – ПАХТАКОР - 7:1

Голлар: Умида Зоирова (7), Людмила Карачик (8, 19), Нозимахон Эргашева (42, 79, Феруза Турдибоева (81), Солиҳа Ҳусниддинова (89) - Мадина Воҳидова (90+3-пен.)

МЕТАЛЛУРГ – СЕВИНЧ - 0:3

Голлар: Мафтуна Панжиева (56), Нилуфар Қудратова (63, 77).

Шу тариқа “Бунёдкор” 12-турдан кейин 36 очко тўплаган ҳолда пешқадамлик қиляпти. Иккинчи ўринга кўтарилган “Севинч”да 29 очко, учинчи ўриндаги “Сўғдиёна”да эса 28 очко бор. “Металлург” 25, АГМК 22, “Пахтакор” эса 17 очкога эга.

13-тур ўйинлари 8 ноябрга белгиланган.

1 959
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА