Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2020 Чоп этиш версияси

“Ангрен шакар”: Вазият қачон ўзгаради?

“Ангрен шакар”: Вазият қачон ўзгаради?

Ижтимоий тармоқларда “Ангрен шакар” ҳамда “Хоразм шакар” корхона мутасаддилари ўз ишчи-ходимларини оммавий равишда ишдан бўшатаётганлиги тўғрисидаги хабарлар катта шов-шувга сабаб бўлди. Маълум бўлишича, иккита заводда жами 2000 дан зиёд киши меҳнат қилган ва йил охиригача деярли барча ишчилар ишдан бўшатилиши режалаштирилаётган экан.

“Ангрен шакар” МЧЖ бевосита туманимиз ҳудудида жойлашганлиги, қолаверса, ходимларнинг аксарияти туман ва шаҳримиз фуқаролари бўлганлиги сабабли, ушбу ҳолат диққатимизни тортди. Шу ўринда корхона ҳақида икки оғиз сўз.

Корхона нега Оҳангаронда қурилди?

Ушбу корхона 2014 йилда ўз фаолиятини бошлади. Корхона масъулларидан олган маълумотимизга кўра, дастлаб лойиҳа Ангренда фаолият бошлаши режалаштирилган. Корхона шу сабаб Ангрен шакар номи билан рўйхатдан ўтган. Лекин кейин қандайдир сабабларга кўра (балки Оҳангарон туманининг саноатини ривожлантириш мақсадидадир), ўзгартириш киритилиб, Оҳангарон туманида қад ростлаган. Бугунги кунда корхона туманда жойлашган Ангрен эркин иқтисодий саноат ҳудудида. Корхона суткасига 1000 тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга. Завод янги очилган кезларида тўлиқ шу қувватда фаолият юритган. Бироқ 2017 йилнинг охиридан 2018 йилнинг октябригача валюталар девальвацияси (курс ўзгариши) сабабли, фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлган. Чунки корхонага асосий хом-ашё ҳисобланган шакарқамиш Бразилиядан валюта ҳисобига келтирилади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган шакарга халқаро мувофиқлик сертификатлари ҳам берилган.

Электрон нашрларни титратган масалага қайтсак. Хўш, вазият аслида қандай? Корхонанинг инқироз ҳолатига келиб қолиши, ходимларнинг ишсиз қолишига нима сабаб бўлган? Заводнинг фаолиятини қайта йўлга қўйиш мумкинми?

Ўтган 9 ойда корхона 30 миллиард сўм зарар кўрди

Рустам Акбархўжаев, “Ангрен шакар” МЧЖ раҳбари:

Корхонамиз 2020 йил июль ойида фаолиятини тўхтатди. Ҳукумат қарорига кўра, апрель ойининг бошидан бошлаб четдан келтириладиган 20 турдаги товарлар, шу жумладан, шакар импортига божхона тўловлари ва акциз солиғи ставкалари нолга тенглаштирилди. Оқибатда, имтиёз билан кириб келган шакар ва чет элдан хом-ашё олиб келиб, ишлаб чиқараётган ўзимизнинг маҳсулотимиз нархи орасида тафовут пайдо бўлди. Бу ўз-ўзидан маҳаллий ишлаб чиқарилаётган шакарнинг таннархи қимматга тушишига, бозорда хориждаги корхоналарга рақобатни бой беришимизга замин яратди.

Бундан ташқари, 1 январдан бошлаб маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали сотилиши белгиланди. Тан олиш керак, сотиб олувчилар биржага ҳали ўрганишмаган, Россиядан келтирилган шакар эса тўғридан тўғри сотилмоқда, ҳатто телефон орқали буюртма бериш, нақд пул ёки пул ўтказмалари орқали тўлаш мумкин. Бизда эса тўғридан тўғри шартномалар тузиш мумкин эмас, фақат биржа орқали. Тадбиркор бўлсангиз, сиз ҳам қулай ва оворагарчиликсиз йўлини танлайсизда. Бу ўз-ўзидан савдо ҳажмининг пасайиб кетишига олиб келди. Натижада эса ўтган 9 ой ичида 30 млрд. сўм зарар кўрдик.

Оқибати

Шакар бўйича назорат бой берилди. Натижада эса, айни кунларда юртимизда шакар нархи кескин кўтарилиб кетган. Масъул мутасадди ва ҳудуд раҳбарларининг сайъи-ҳаракатларига қарамасдан шакар нархини бир меъёрида ушлаб туриш анчагина қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Вилоятлардаги бозорларда шакар сотишда чекловлар ўрнатилмоқда. Баъзи бозорларда 1 кг.дан ортиқ сотиш ҳам тақиқланган. Ҳаттоки Пойтахтимиздаги “Корзинка” “Макро” каби йирик савдо мажмуаларида ҳам 4 кг.дан ошиқ олмасликка чекловлар пайдо бўла бошлади. Бу муаммонинг асл сабабини топиб тезроқ бартараф этилмаса шакар сотишда “талон” жорий қилишга ҳам тўғри келади.

photo_2020-11-01_07-12-07.jpg

Иш тўхтаган бўлсада ишчиларга ойлик маош тўланган

Корхона ўз ишчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, уларни бўшатмасдан, қўшимча устама пули ҳамда мукофотларсиз ойлик маош (оклад) тўлаб келган. Айримлари эса ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқарилган.

Карантин даврида ходимларни 4 ой ишлаб чиқаришсиз ушлаб туриш учун 7 млрд. сўм сарфлаган.

Тобора зарарга ўтириб бораётган корхона раҳбарлари тегишли тартибда юқори идораларга мурожаат этишди, ОАВ ва интернет нашрлари орқали баёнотлар беришди. Бироқ ҳанузгача масалага ойдинлик киритилгани йўқ.

Ниҳоят, корхона ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Қарийб 5 ойдан бери оз миқдордаги ойликка мажбурликдан ишлаб келган ходимлар бирин-кетин ишдан бўшамоқда. Ҳозиргача 163 нафар ишчи-ходим ишдан бўшаган. Корхона раҳбарининг таъкидлашича, кейинчалик корхона фаолияти қайта тикланса, улар ўз иш жойларига қайтиши мумкин. Бироқ қачон?

Корхона фаолиятини қайта тикласа бўладими?

Р.Акбархўжаев корхона фаолиятини тиклаш мумкинлиги, бунинг учун четдан келтирилаётган шакарга аввалгидай акциз солиғи ва божхона тўлови жорий этиш кераклиги ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун қандайдир имтиёзлар яратиш лозимлигини куйиниб гапирди. Айтишларича, улар бу таклиф билан юқори ташкилотларга мурожаат қилишгандан сўнг, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Давлат Солиқ қўмитаси томонидан ишчи гуруҳ тузилган ва завод фаолиятини барқарорлаштириш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилган. Бироқ ҳали бу борада ҳеч қандай таклиф киритилмаган, яъни ўрганишлардан амалий натижа бўлмаган. 

Ишсиз қолган 163 нафар ходимнинг тақдири нима бўлади?

Туман ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддиларининг таъкидлашича, айни дамда Бандликка кўмаклашиш марказлари билан биргаликда ушбу фуқароларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларга бўш иш ўринлари таклиф қилиш юзасидан ишлар бошлаб юборилган. Бунда асосий эътибор, асосан, саноат ва ишлаб чиқаришда маълум тажрибага эга бўлган ишчиларни ўз соҳасига яқин бўлган ишлаб чиқариш объектларига жалб этишга қаратилади.

Сўнгсўз ўрнида

Рақобат яхши. Лекин майдонда томонлар тенг ҳуқуқ ва имкониятга эга бўлгандагина, соғлом рақобат муҳити яратилади. Бозорларни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришимиз керак дея жар соламиз. Лекин маҳаллий ишлаб чиқарувчига қандай имконият яратяпмиз, дея ўйлаб кўрмаймиз. Импорт маҳсулотга имтиёз беряпмизу, дастурхонларимизни арзон ва сифатли маҳсулот билан тўлдирмоқчи бўлаётган, халқини ўйлаётган “ўзимизникилар”ни эътибордан четда қолдиряпмиз. Импорт шакарга берилган имтиёзларни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга хам беришнинг вақти келмадимикан?! Ўзбекистонга кириб келаётган хом-ашёга ҳам божхона божининг ноль ставкалари белгиланса, адолатдан бўлмайдими?

Биз ким учундир хулоса қилмаймиз, ҳукм чиқаришга ҳам ҳаққимиз йўқ. Мавжуд муаммони бироз таҳлил қилмоқчи бўлдик холос. Умид қиламизки, мутасаддилар тўғри қарор қабул қилишади ва корхона тез фурсатда яна ўз фаолиятини бошлайди.

Малоҳат КАРИМОВА,
журналист

5 646
ЎзА