Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.10.2020 Чоп этиш версияси

Айдар-Арнасой кўли бўйида янги сайёҳлик маскани иш бошлади

Айдар-Арнасой кўли бўйида янги сайёҳлик маскани иш бошлади

Айдар-Арнасой кўллари қирғоғининг Жиззах вилояти Фориш тумани ҳудудида «OXUS ADVENTURE» масъулияти чекланган жамияти томонидан экотуризм ихлосмандлари учун 10 та кемпинг ҳамда 10 та ўтов уйдан иборат дам олиш маскани қуриб битказилди.

3 таси уч кишилик, қолгани икки кишилик кемпинглар ҳар бири алоҳида маиший санитария тизимига эга. Иситиш ва совутиш мосламалари, телевизор ўрнатилган. 10 та ўтов уйнинг ҳар бири 5 нафардан сайёҳ яшаб, дам олиши учун мўлжалланган.

Сайёҳлик масканида 62 ўринли ресторан ишлаб турибди. Мажмуада жами 10 та иш ўрни яратилган.

photo_2020-10-23_08-14-50.jpg

– Сайёҳларга барча шарт-шароитларни яратганмиз, – дейди «OXUS ADVENTURE» масъулияти чекланган жамияти раиси Дониёр Қаландаров. – Сайёҳлар кўлдан қармоқда балиқ овлашлари мумкин. Кўлда сайр қилувчилар учун 2 та моторли қайиғимиз, қирғоқ бўйини, чўл бўйлаб сайр қилувчиларга от ва туяларимиз ҳам бор. Оромгоҳимизда бир йўла 50 кишигача сайёҳларга хизмат кўрсатиш имкониятига эгамиз.

Тадбиркор келажакда кўл бўйида икки қаватли меҳмонхона, сауна, 30 та котедж, автодром, балиқ овлаш ҳудудлари, футбол ва болалар майдончалари қурмоқчи. 100 та автомобилларга мўлжалланган автотураргоҳ, қўшимча яна 30 та ўтов уй ҳам қуришни режалаштирган. Сайёҳлар чўл ҳудудида сайр қилишлари учун 10 та квадроцикл сотиб олмоқчи.

Ана шулар ҳисобига сайёҳларга хизмат кўрсатиш имконияти бир неча баробар ортади.

Ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши билан корхонадаги иш ўрлари 150 тага етади.

photo_2020-10-23_08-14-46.jpg

6 187
Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА