Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.09.2020 Чоп этиш версияси

Халқаро захирада олтиннинг улуши 54 фоизга етди

Халқаро захирада олтиннинг улуши 54 фоизга етди

Ўзбекистон Республикаси халқаро захиралари 2020 йил бошига нисбатан 5,4 миллиард АҚШ долларига ёки 19 фоизга ошиб, 1 сентябрь ҳолатига 34,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Бу ҳақида Марказий банк матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда 2020 йил бошидан COVID-19 падемияси оқибатида жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳолатларнинг кузатилиши олтин нархининг 30 фоизгача кескин ошишига сабаб бўлиб, август ойида ўзининг тарихий энг юқори даражасига етгани таъкидланган. Олтин нархларидаги бундай кескин ошиш суръати фақатгина 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейинги даврда кузатилган.

Табиийки, мазкур қулай шароитдан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан август ойининг ўзида 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида олтин экспорти амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, бунда халқаро захиралар таркибидаги олтин миқдорининг камайиши билан бир вақтнинг ўзида валюта активларининг мос равишда ошиши кузатилади. Бу каби амалиёт захираларнинг умумий ҳажми ўзгаришига таъсир қилмайди.

2020 йилнинг ўтган 8 ойи таҳлил қилинадиган бўлса, Марказий банк томонидан 5,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги олтин экспорти амалга оширилди. Мазкур валюта тушумининг асосий қисми мамлакатимизда фаолият юритувчи корхона ва ташкилотларга тижорат банклари орқали валюта биржаси савдоларида сотилади.

Қонунчиликка мувофиқ, Марказий банк Ўзбекистон Республикаси халқаро захираларини тўлдириш учун давлатнинг олтин сотиб олишга бўлган устувор ҳуқуқини амалга оширадиган давлат идораси бўлиб, мамлакатда ишлаб чиқариладиган олтиннинг асосий харидори ҳисобланади.

Марказий банк томонидан ишлаб чиқарувчи корхоналардан олтинни ҳарид қилишда тўловлар олтиннинг жаҳон бозорларидаги ўртача нархидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда миллий валютада тўлаб берилади. Ўз навбатида, мазкур маблағлар корхоналар томонидан бюджет олдидаги мажбуриятларни бажаришга ҳамда ишлаб чиқариш ва инвестицион фаолиятини амалга оширишга йўналтирилади.

Бунда Марказий банк томонидан олтиннинг миллий валютада сотиб олиниши иқтисодиётда пул массасининг ошишига ҳамда инфляция даражаси ўсиши хавфининг кучайишига таъсир этиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб пул-кредит сиёсатининг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдаги ролини ошириш мақсадида Марказий банк валюта бозорида “нейтраллик” тамойиллари асосида иштирок этади.

“Нейтраллик” тамойилига кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналардан сотиб олинган олтин эквивалентидаги валюта маблағлари Марказий банк томонидан ички валюта бозорига йўналтирилади. Бунда қимматбаҳо металларни сотиб олиш натижасида муомалага чиқарилган пул маблағларининг иқтисодиётдаги пул-кредит шароитига таъсирини стерилизация қилиш мақсадида валюта сотиш ҳисобига муомаладан қайтариб олинади. Олтин ишлаб чиқарувчи давлатларда мазкур принципга амал қилиниши пул-кредит сиёсатининг таъсирчанлигини ошириш ва инфляциянинг жиловланишида муҳим аҳамият касб этади.

“Нейтраллик” тамойилининг қўлланилиши натижасида халқаро захиралардаги монетар олтиннинг улуши деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Жумладан, олтиннинг улуши 2018 йил 1 январь ҳолатига 50 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига 54 фоизга етди.

11 166
ЎзА