Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2019 Чоп этиш версияси

Адолат қарор топди

Адолат қарор топди

Бир мурожаат изидан...

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг видеоконференцалоқа режимида очиқ суд мажлиси ўтказилди.

Жабрланувчининг ЎзАга мурожаати асосида мухбиримиз бу суд мажлисида иштирок этди.

Қуйида мазкур суд мажлиси тафсилотлари билан танишасиз.

Тўймурод Жумаев қандай адолатсизлик гирдобида қолган эди?

Бухоро вилояти Ромитан туманида яшовчи Тўймурод Жумаев юк машинаси сотиб олиш мақсадида вилоятдаги “Silk road transport and logistics” масъулияти чекланган жамиятига мурожаат қилади. 2018 йилнинг 6 ноябрь куни мазкур МЧЖнинг ягона таъсисчиси С.Муродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “DAF 96 XF” русумли давлат рақами 80 R 466 NA бўлган юк автомашинасини Т.Жумаевнинг укаси М.Жумаевга сотиш бўйича шартнома тузиш ҳақида қарор чиқаради. Қарорда автомашинанинг нархи 10 миллион сўм этиб белгиланади.

Ушбу қарорга асосан МЧЖ директори Р.Муродов 2018 йил 6 ноябрь куни автомашинани сотиш ҳақида буйруқ чиқариб, унга асос сифатида акаси С.Муродовнинг қарорини келтиради. Шунингдек, С.Муродовнинг турмуш ўртоғи Ш.Муродованинг автомашина сотилишига розилиги тўғрисидаги аризаси давлат нотариал идораси томонидан тасдиқланади.

2018 йилнинг 30 ноябрида эса Бухоро шаҳар 5-сонли давлат нотариал идорасида мазкур автомашинанинг олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади. Баҳолаш далолатномаси “Silk road transport and logistics” МЧЖ таъсисчиси С.Муродов, директори Р.Муродов ва сотиб олувчи М.Жумаев томонидан имзоланади.

Орадан вақт ўтиб МЧЖ таъсисчиси С.Муродов Бухоро шаҳар 5-сонли давлат нотариал идорасига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилади. Унда укаси Р.Муродов МЧЖ номидан олди-сотди шартномасини расмийлаштириш ваколатига эга бўлмаганини асослаб, ушбу шартномани ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2019 йил 9 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг талаби қаноатлантирилиб, олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб топилади.

Шундан сўнг юк машинасини сотиб олган Т.Жумаев Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят судига қарордан норози бўлиб шикоят киритади. Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди Ромитан туманлараро судининг 2019 йил 9 апрелдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиради.

Кейинчалик Т.Жумаев бу масалани ҳал қилиб беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилади.

Аслида бу олди-сотди шартномаси қандай тузилган эди?

Фуқаролик иши ҳужжатларидан кўринишича, низоли олди-сотди шартномасида “Silk road transport and logistics” МЧЖ раҳбари Р.Муродовнинг 2014 йил 3 октябрдаги буйруғи билан жамият директори лавозимига Т.Қурбонов тайинланиб, унга барча банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларга имзо қўйиш ҳамда жамият муҳрларини сақлаш ҳуқуқи берилган.

Ўз навбатида, жамият директори Т.Қурбоновнинг 2014 йил 6 октябрдаги 1-сонли буйруғи билан Р.Муродов жамиятнинг директор ўринбосари лавозимига тайинланиб, унга барча муҳрларни сақлаш ҳамда банк ва бошқа ҳужжатларни имзолаш ваколати берилган.

Даъвогар С.Муродов судлов ҳайъатининг дастлабки суд мажлисида берган ўз тушунтиришида низоли автомашинанинг сотилишига розилик бермаганини, бундан унинг хабари ҳам бўлмаганини маълум қилган.

Олий суд мажлисида ушбу низоли масала батафсил ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, 2018 йилнинг 6 ноябрида юк автомашинасини М.Жумаевга 10 миллион сўмга сотиш бўйича қарорни “Silk road transport and logistics” МЧЖнинг ягона таъсисчиси ҳисобланган С.Муродовнинг шахсан ўзи имзолаб, муҳр билан тасдиқлаган. Шунингдек, С.Муродовнинг турмуш ўртоғи Ш.Муродова автомашинанинг сотилишига рози экани тўғрисидаги ариза 2018 йил 20 ноябрь куни Тошкент шаҳар М.Улуғбек туман 11-сонли давлат нотариал идораси томонидан тасдиқланган.

Бундан ташқари даъвогар С.Муродов судлов ҳайъатининг дастлабки суд мажлисида берган тушунтиришида олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган кун ўзи ҳам нотариал идорага борганини, жавобгар томонидан юк автомашинаси учун келишилган пул олиб келинмагани сабабли нотариал идорадан чиқиб кетганини маълум қилган. Бу эса С.Муродовнинг олди-сотди шартномасидан умуман хабари йўқ, деган хулосага келишга асос бўлмайди.

Судга тақдим этилган Ромитан туман давлат солиқ инспекциясининг 2019 йил 22 апрелдаги тегишли хатларида ДСИ маълумотлар базасида “Silk road transport and logistics” МЧЖ директори сифатида Р.Муродов кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Ромитан туман марказининг 2019 йил 22 апрелдаги маълумотномасида ҳам Р.Муродов директор сифатида кўрсатиб ўтилган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан судлов ҳайъатининг дастлабки суд мажлисида С.Муродов ҳақиқатдан ҳам укаси Р.Муродов корхона директори экани, уни директор этиб тайинлаш ҳақида буйруқ мавжудлиги, укасига жамиятнинг барча ишлари, шу жумладан, шартномаларни имзолаш топширилганини маълум қилган.

Адолат тантанаси

Судлов ҳайъати юқорида қайд этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий, деб ҳисоблади. Мазкур иш юзасидан қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2019 йил 9 апрелдаги ҳал қилув қарори ҳамда Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 17 майдаги ажримини бекор қилди. Шу тариқа юк автомашинаси қонуний эгасида қолди.

Шу ўринда савол туғилади? Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди ҳамда Бухоро вилоят суди апелляция инстанцияси иш бўйича ҳужжатларни тўлиқ ўрганмаганми? Ёки масалани фақатгина бир томонлама ёндашув билан кўрганми? Судья нотўғри қарор чиқарса, бунга нима сабаб, билимсизликми, тажрибасизликми, лоқайдликми ёки қонунларга ҳурматсизликми?

Суд мажлисидан сўнг Тўймурод Жумаев барибир ҳақиқат, адолат қарор топишига ишонди.


9 189
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА