Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

Aфғонистонлик талабалар ўқишни бошлади

Aфғонистонлик талабалар ўқишни бошлади

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида таҳсил олаётган йигит-қизлар “Хайратон” чегара-божхона постида тантанали кутиб олинди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қ.Саломов, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Ч.Бегимқулов, Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги консуллик вакили Мухтор Азимийлар иштирок этди.

Дунёга чанг солган пандемия шароитида мамлакатимизда карантин чекловлари жорий этилгач, таълим муассасаси фаолияти вақтинча тўхталиб, афғонистонлик талаба-ёшлар ўз Ватанига кузатилган эди. Коронавирус таъсири жиловланиб, карантин қоидалари юмшатилгач, уларнинг ўқишни давом этитириш имконияти юзага келди.

Ўзбекистон қўшни давлатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, тинчликни таъминлаш, барқарорликни тиклаш, иқтисодиёт, фан, маданият ва бошқа соҳаларни тиклаш тарафдори бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг афғон халқи ўз тақдирини мустақил, тинч йўл билан ҳал этиш масаласини халқаро миқёсда кўтариб келаётгани ҳам бунга яққол далилдир. Мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилаётир.

Президентимиз ғояси асосида Термиз туманида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази қисқа вақтда дунёда муқобили йўқ маърифат муассасасига айланди. Замонавий усулда жиҳозланган ўқув масканида афғонистонлик ёшлар 17 та олий ва 20 га яқин ўрта махсус таълим йўналиши бўйича етук мутахассис бўлиб улғайиши мумкин.

Айни пайтда ўқув даргоҳида яқин қўшни давлатнинг 20 та вилоятидан 172 нафар афғон йигит-қизлари тиббиёт, темир йўл, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси каби қатор йўналишларда таълим олиб, фан сирларини чуқур ўзлаштирмоқда.

Чегарада кутиб олинган талабалардан коронавирус инфекциясига тест олиниб, улар белгиланган карантин муддатларини ўташи учун Термиз шаҳридаги “Шарқ” ва “Сурхон” меҳмонхоналарига жойлаштирилди. Таълим маркази бинолари карантин талаблари асосида дезинфекция қилиниб, ўқув машғулотларини бошлаш учун тахт қилиб қўйилди.

photo_2020-11-02_16-45-06.jpg

photo_2020-11-02_16-45-07.jpg

photo_2020-11-02_16-45-08.jpg

2 733
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА