Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Алкоголь маҳсулотлар савдодан олиб қўйилди

Алкоголь маҳсулотлар савдодан олиб қўйилди

Бухорода алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан ноқонуний шуғулланаётганлар фаолиятига чек қўйилмоқда.

Вилоят марказидаги “Дилкушо” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбирга чиққан солиқ ходимлари табиийки, алкоголли ичимликлар сотилаётган дўконга ҳам киришди. Албатта, тартиб-таомилга кўра, шохобча мутасаддиси фуқаро Шамсиддин Шахобовдан (исм-шарифи ўзгартирилган) тегишли ҳужжатларни тақдим этиш сўралди.

Афсуски, у бундай ҳужжатларни кўрсата олмади. Бундай ҳолатда изоҳга ҳожат йўқ. Хуллас, алкоголь маҳсулотлари савдоси ноқонуний бўлиб чиқди.

Савдога қўйилган спиртли ичимликлар эса оз эмас. Тадбир давомида дўконда умумий қиймати 16 миллион 400 минг сўмлик бўлган жами 98 турдаги 873 дона алкоголь маҳсулотлари борлиги аниқланиб, холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.

Ана шундай ноқонуний ҳолат Бухоро тумани Ҳасан Аттор қишлоғидаги савдо дўконида ҳам қайд этилди. Профилактик тадбир жараёнида фуқаро Жамолиддин Ҳасанбоев (исм-шарифи ўзгартирилган) томонидан савдога қўйилган 3 турдаги 53 дона, умумий қиймати 1 миллион 55 минг сўмлик алкоголь маҳсулотларига ҳеч қандай ҳужжат йўқ экан. Табиийки, улар ҳолат тўла ўрганилгунга қадар вақтинча сақлаш учун расмийлаштириб қўйилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилнинг июль ойида ўтказилган профилактик тадбирларда Бухоро вилоятида спиртли ичимликлар савдоси билан боғлиқ 16 та ноқонуний ҳолат аниқланди. Уларда 213 турдаги жами баҳоси 25 миллион сўмга яқин алкоголь маҳсулотлари савдодан олиб қўйилди.

– Бу каби тадбирлар жараёнида тадбиркорларнинг қонуний фаолият юритиши лозимлиги ҳам тушунтирилмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Баҳодир Файзиев. – Шунингдек, таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида туман ва шаҳарларда ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида жами 34 та ҳолатда алкоголь ва 18 ҳолатда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Зарур чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

13 721
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА