Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2019 Чоп этиш версияси

Болалар қамрови оширилмоқда

Болалар қамрови оширилмоқда
Қарор ва ижро

Тошкент вилоятида боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 2018 йил аввалида 28,1 фоиз, жорий йил бошида эса 36,9 фоизни ташкил этган эди. Айни пайтда бу кўрсатгич 40 фоизни ташкил этаётир.

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, хусусан, янгиларини ташкил этиш орқали болаларнинг боғчага қамровини кенгайтириш, таълим-тарбия сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш, бу борада нодавлат, давлат хусусий шериклик асосидаги таълим муассасаларини ташкил этиш, ушбу йўналишдаги тадбиркорларга имтиёзлар яратиш, шунингдек, тизим сифати ва самарадорлигини оширишда Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари муҳим дастуриламал вазифасини ўтаётир.

Мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан Тошкент вилоятида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Боғча ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорларга бўш турган ер майдони, давлат мулки объектлари хусусий мулк сифатида берилиб, имтиёзли кредитлар тақдим қилинмоқда.

Вилоятда хусусий сектор томонидан 2019 йил мобайнида ташкил этилиши режалаштирилган мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тегишли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, жорий йил туман ва шаҳарларда 10 минг 910 ўринга мўлжалланган 100 та оилавий, 44 та хусусий, 38 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, шунингдек, 1 та давлат, жами 183 та мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш режалаштирилган. Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 690 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда боғча ёшидаги болаларнинг 40 фоизи қамраб олинган бўлиб, 87 минг 446 жажжи ўғил-қиз тарбияланаётир.

– Вилоятдаги мавжуд мингдан ортиқ фуқаролар йиғинининг 570 тасида мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж бор, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Далабоева. – Яъни вилоятнинг ярмидан кўпроқ маҳалласида боғча йўқ ва айни ўша ҳудудларда 132 минг нафардан зиёд боғча ёшидаги бола бор. Шу рақамларнинг ўзиёқ ҳали олдимизда турган вазифаларнинг нечоғлик улкан эканини англатади.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан 3 минг 929 ўринга мўлжалланган 94 нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилди.

Йил якунига қадар яна 20 та хусусий, 39 та оилавий ва 29 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Ушбу таълим муассасалари ишга тушгач, вилоятда боғчалар сони 796 тага етади ва уларда 107 минг нафардан зиёд боғча ёшидаги боланинг 49 фоизини мактабгача таълимга қамраб олиш имконияти яратилади.

Вилоятда шунингдек, 139 та мактабгача таълим муассасасида қисқа муддатли 278 та гуруҳ ташкил этилиб, уларда қарийб 7 минг болага машғулотлар олиб борилмоқда.

10 562
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА