Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2019 Чоп этиш версияси

Қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноатидаги ҳамкорлик юқори даромадга эришишни таъминлайди

Қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноатидаги ҳамкорлик юқори даромадга эришишни таъминлайди

Тошкент давлат аграр университетида “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноатининг ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари таҳлили, ўзаро муносабатларнинг норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш” мавзусига бағишланган анжуман ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, “Адолат” СДП фракцияси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакиллари ва депутатлар иштирок этди.

photo5377455155634613259.jpg

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори Баҳодир Холиқов, Ўзбекистон “Адолат“ СДП сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раҳбари ўринбосари Азамат Пардаев ва бошқалар саноат корхоналари ва хом ашё етиштирувчилар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги каби нормаларни белгилашда ҳозирги жаҳон амалиётини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Президентимизнинг 2019 йил 29 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан соҳадаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, аграр соҳага замонавий технологияларни жорий этиш орқали 2019-2021 йилларда умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 45 та агрологистика комплекси, қайта ишлаш бўйича 205 та янги қувват, 36 минг гектар интенсив боғ ташкил этиш режалаштирилган.

photo5379588818077854556.jpg

Мутахассисларнинг таъкидлашча, бугунги кунда фермер хўжаликлари ва маҳсулотни қайта ишловчи корхоналар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарур. Сабаби айрим жойларда етиштирилган ҳосил ўз вақтида қайта ишланмасдан, экспорт масалаларида ҳам турли муаммолар юзага келмоқда. Шу туфайли ҳудудларда янги қайта ишловчи саноат корхоналарини ташкил этиш ва уларнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш келгусида юқори даромадга эришишни таъминлайди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида мақсадли ҳосил етиштириш имкони яратилади.

Тадбирда иштирокчилар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш соҳаси билан уларни қайта ишлаш саноати узвийлигини таъминлаш мақсадида “Қишлоқ хўжалигини бошқариш тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш тўғрисида” ва “Агрокооперация тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

5 753
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА