Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Ўксик дилларга шодлик улашиб

Ўксик дилларга шодлик улашиб

Маълумки, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан тузилган республика ишчи гуруҳи жорий йилнинг март ойида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида фаолият олиб борганди.

Ўрганиш якунига кўра, ҳар бир туман ва шаҳарда чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган эди. Бугун уларнинг ижроси эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилалар вакилларига шодлик улашмоқда.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи Нилуфар Сафарова икки фарзандини ёлғиз боши билан улғайтирмоқда. Боз устига, улардан бири болаликдан ногирон. Анча йиллардан буён ўзларида уй-жой йўқлигидан қийналиб келарди. 

photo_2020-11-03_18-44-32.jpg

Касаба уюшмаларининг ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар унга умид берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатлар ва ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасида аниқланган Яккабоғдаги 20 та эҳтиёжманд оилага тумандаги Кенггузар маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1985 йилда қурилиши бошланиб, тугалланмасдан қолиб кетган объект уй-жой қилиб берилди. “Умар файз нур” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилган 660 миллион сўмликдан ортиқ қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида шинам ва бежирим хонадонлар бунёд бўлди.

Уйнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар мазкур турар жой мамлакатимизда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун амалга оширилаётган ишларнинг самараси эканини алоҳида таъкидлади. Уй тўйи шу ерда истиқомат қиладиган 16 нафар боланинг суннат тўйига уланиб кетди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича Яккабоғ туман дастури ижроси доирасида яна бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Унга кўра, 8 нафар хотин-қизнинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Яна 4 нафарининг уйида эса қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

photo_2020-11-03_18-44-39.jpg

Мисол учун, тумандаги Ғозлиқ қишлоғида яшовчи боқувчисини йўқотган ва бир қизи билан яшаётган Гулсара Салаеванинг уйида 26 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди. Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи, бир фарзанди ногирон бўлган Севара Равшанованинг уйи эса таъмирлаб бўлмайдиган даражага тушиб қолганди. Шу боис “Гранд Самир Юксал” корхонаси қурувчилари томонидан унинг уйи ёнидан янгиси қуриб берилмоқда.

Туманда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан яна бир ташаббусга қўл урилди. Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган туман маданият марказида кутубхона ташкил қилиниб, унга 250 турдаги жами минг дона янги китоблар олиб берилди. Кутубхонанинг очилиши туман марказидаги 11 та маҳаллада истиқомат қилувчи китобсеварлар учун айни муддао бўлди.

Бу каби хайрли ишлар эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилаларнинг оғирини енгил, мушкулини осон этиши, юртдошларимиз қалбида шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

photo_2020-11-03_18-44-42.jpg

2 711
Ў.БАРОТОВ, ЎзА