Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз қонунчилиги билан солиштирма таҳлил

Мамлакатимиз қонунчилиги билан солиштирма таҳлил

Иккинчи мақола

Мамлакатимиз қонунчилигида истеъмолчига фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс) деб таъриф берилади. Сотиб олувчи, буюртма берувчи, ундан фойдаланувчилар-чи? Сиз телефон сотиб олиб, дўстингизга совға қилдингиз. Мантиққа кўра, дўстингиз шу товардан фойдаланиш жараёнида унда бирор нуқсон чиқса ишлаб чиқарувчининг кафиллик мажбуриятларини рўкач қилиб, ўзининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқариши керакми ё йўқми? Шу ўринда, Россия қонунчилигида мазкур тушунча бизнинг қонунчилигимиздаги тушунча матни билан мос бўлиб, унда фойдаланувчи сўзлари ҳам мавжудлигини эслатиб ўтиш жоиз.

Албатта, истеъмолчи бирор товар ёки хизматни танлаши учун унга нафақат мазкур товар ёки хизмат балки маълум маънода шу товарни қандай ишлатиш, хизматдан қандай фойдаланиш борасида ҳам маълумот бериш керак. Билимни эса ишлаб чиқарувчилар маҳсулот қадоғидаги ёзувлар, товардан тўғри ва самарали фойдаланиш учун қўлланмалар, сотувчилар эса товарни ишлатиб кўрсатиш ва бошқа воситалар билан истеъмолчиларга берадилар. Афсуски, юртимиздаги истеъмолчилик соҳасига оид кўпгина муаммо ва тушунмовчиликлар айнан билимнинг етишмаслигидан келиб чиқмоқда.

Корея истеъмолчиларининг асосий ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган модданинг 6-бандига кўра, истеъмолчилар оқилона истеъмолчилик ҳаётини олиб бориш учун зарур бўлган таълим (билим)ни олиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилган. Демак, истеъмолчига ёшлигидан мазкур соҳа бўйича етарли даражада таълим ва билим бериб борилади. Бундай билим бериш фақатгина таълим муассасалари ўқувчилари билан чекланиб қолмасдан, истеъмолчиларнинг кенг доирасини қамраб олади. Бунда улар кексалар, ёшлар, ногиронлар, турмуш қурган муҳожирлар, шимолдан қочқинлар (Шимолий Кореядан), бошқа заиф гуруҳлар кабига бўлиб, билимни уларга қулай усул ва воситалар ёрдамида беришга интилмоқдалар. Мазкур ҳолат бизнинг қонунчилигимизда ўз аксини топганми? Йўқ.

1996 йилда қабул қилинган қонунимизда истеъмолчиларнинг 6 та асосий ҳуқуқи кўрсатиб ўтилиб, истеъмолчиларнинг таълим олиш ҳуқуқи киритилмасдан қолиб кетган. Тўғри, қонундаги мазкур етишмовчиликни, кейинчалик, яъни 2002 йил 28 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тўлдиришга муваффақ бўлинган.
Корея Республикаси қонунининг алоҳида тўртинчи боби “Истеъмолчилар ташкилотлари”га бағишланиб, тўртта моддани ўз ичига олади (18, 19, 19-2 ва 20-моддалар). Қонуннинг 18-моддасида истеъмолчиларнинг ташкилотларининг қандай фаолият турларини амалга оширишлари ҳам кўрсатиб ўтилиб, 5 та банддан иборат фаолиятнинг асосий турлари санаб ўтилган. Жумладан, улар:

истеъмолчиларни ҳимоя қилиш сиёсати бўйича давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият органларига тавсиялар беришлари; 

товар ва хизматларнинг стандартлаштирилган маркаси ёки тури, сифати, хавфсизлиги ва экологик хавфсизлигини синов ва текширишдан ўтказишлари, битим шартлари ва усулларини (нархлариниям ўз ичига олади) текширишлари ва таҳлил қилишлари; 

истеъмолчиларнинг муаммоларини ўрганишлари ва тадқиқ қилишлари; 

истеъмолчиларни тарбиялашлари; 

истеъмолчиларнинг шикоятларини ҳал қилиш ва кўрган зарарларининг қопланиши масалаларида маслаҳатлар беришлари ҳамда ахборотларни тақдим этишлари, шунингдек, манфаатдор томонлар ўртасида келишув бўйича тавсиялар беришлари мумкин.

Бу истеъмолчилар ташкилотларининг эмин-эркин фаолият юрита олишлари учун кенг имконият десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимиз қонунчилигида эса истеъмолчилар жамоат бирлашмаларининг қонун ижросини таъминлашдаги ўрни ва роли ваколатлари кўрсатиб ўтилмаган.

Бу нарса эса, ҳаттоки бир пайтлар, айрим ваколатли давлат идоралари истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчиларининг мурожаат (ариза, шикоят, таклиф)ларини кўриб чиқа олмайдилар, дейилишигача олиб келди. Шу ўринда, кўпгина давлатларнинг истеъмолчилик қонунчилигига истеъмолчиларни
нг жамоат бирлашмалари ёки ташкилотларининг ваколатлари киритиб кетилганини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат ташкилотлари томонидан ҳам ҳимоя қилиниши бўйича тегишли нормаларнинг белгиланганини, бу нарса фақат ва фақат истеъмолчиларнинг фойдасига ишлашини айтиб кетиш жоиздир.

Жанубий Корея истеъмолчилик қонунчилигида мени жуда ҳам ҳайратга солган нарса – истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари билан биргаликда уларга маълум масъулиятлар ҳам юклангани бўлди. Қонуннинг тегишли моддасида бундай дейилади:

“Истеъмолчилар ўз хавфсизлиги ва манфаатлари ҳимоясини ошириш учун зарур бўлган билимларга эга бўлишлари, айни пайтда мустақил равишда ва самимий тарзда тоза экологик ҳаёт кечиришга интилишлари ҳамда шу билан истеъмолчилар сифатидаги ҳаётларини янада яхшилаш ва ривожлантиришда ижобий роль ўйнашлари керак”.

Демак, давлат қонун йўли билан истеъмолчиларга тегишли таълим ва билим берилишини кафолатлаб, буни таъминлаб беришга интилар экан, истеъмолчи ҳам ўз навбатида ана шу таълимни олишга, билимни ўзлаштиришга интилиши керак, албатта. Хўш, амалдаги қонунчилигимизга, ҳозирги ҳолатида, ушбу нормани жорий қилиш тўғри бўладими? Йўқ.

Сабаби амалдаги қонунимизда “Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас, деган тахминга асосланиб қараб чиқилади”, деган норма киритилган. Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимиз қонуни ўзида истеъмолчига таълим ва билим олиш ҳуқуқини кафолатлаб қўймагани оқибатида, уларнинг ҳаммаси билимсиз, деб ҳисоблаб, уларни ҳимоя қилишни ҳам тўлиқ ўз зиммасига олмоқда. Бу ерда истеъмолчини ўз устида ишлашга, билим олишга ва келажакда адашиб қолмасликка интилишга рағбатлантириш йўқ, дейиш мумкин. Айримларда “Бу менинг ишим эмас”, “Мени ҳимоя қиладиганлар бор, улар вазифасини бажарсин-да”, “Давлат қаёққа қараяпти?” қабилидаги қарашлар шаклланиб қолишига ҳам шу нарсаларнинг ҳиссаси йўқ эмасми? Кундалик иш фаолияти давомида, ҳаттоки, муддати ўтиб кетган товарни кўра-била туриб сотиб олиб, ўзи истеъмол қилиб ёки фарзандига бериб, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини хатарга қўяётган истеъмолчиларни ҳам кўраяпмиз. Уларга “Опажон ёки акажон, кўрибсиз, товар шубҳали, муддати ўтган экан, нега сотиб олдингиз?”, десангиз, “Соттирмасинда бўлмаса”, деб сизни енгишади. Бундан кўриниб турибдики, аввалабор амалдаги қонунимизга истеъмолчиларга товар (иш, хизмат)лар ҳақида зарурий билимларни бериш, шунингдек, истеъмолчилик таълимини берилишини кафолатловчи қўшимчаларни киритиш зарур. Кейинчалик эса истеъмолчиларга маълум масъулиятни юкловчи нормаларни ҳам киритиш мумкин бўлади.

Кореяликларнинг истеъмолчилик соҳасида эришган энг катта ютуғи бу, албатта, мамлакат иқтисодиётининг барча соҳаларида соғлом рақобатни йўлга қўйганидир, деб баралла айтиш мумкин. Мутахассисга мамлакатингизда қайси соҳаларда монополистлар бор, деб берган саволимизга у ҳеч иккиланмасдан бирорта соҳада йўқлигини билдирди. Соғлом рақобат муҳити ҳукм сураётгани эса, ўз-ўзидан маълумки, аҳоли (истеъмолчилар)нинг ютуғидир. Мутахассис бўлмаган одамга ҳам маълумки, бундай муҳитда нархларнинг барқарор бўлиши, истеъмолчи (харидор) учун курашиш орқасидан маҳсулот сифатининг ҳам юқори бўлиши ойдек равшан. Шу ўринда, мамлакатда биргина енгил автомобиллар ишлаб чиқариш соҳасининг ўзида тўртта катта корхона фаолият олиб бораётганини, улар ўртасида кучли рақобат мавжудлигини айтиб ўтишнинг ўзини етарли деб ҳисоблайман.

Энди Жанубий Кореяда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган айрим ташкилотлар тўғрисида умумий маълумотларни бериб ўтсам, Кореяда Адолатли савдо комиссияси - KFTC фаолият олиб боради. Унинг асосий вазифаси мамлакатда рақобатни тартибга солишдан иборат (биздаги Антимонопол қўмита). Комиссия 1981 йилда монополияларни тартибга солувчи қонун асосида Иқтисодий режалаштириш Кенгаши доирасида ташкил этилган. 1994 йилда Адолатли савдо комиссияси ва унинг котибияти Иқтисодий режалаштириш Кенгашидан Марказий маъмур
ий ташкилот даражасида ажратилиб, мустақил идорага айланди ва унинг раҳбари вазир ўринбосари даражасига кўтарилди. 1996 йилда Комиссия раиси мақоми вазир ўринбосари даражасидан вазир даражасига кўтарилди.

Корея истеъмолчилар агентлигининг бош офиси Сеулда жойлашган. Мамлакат бўйича 10 та офиси фаолият олиб боради, улар Сеул, Инчон, Гьёнги, Дайжеон, Гвангжу, Гангвон, Тегу, Ульсан, Пулсан ва Жежу офисларидир. Ташкилотни Президент бошқаради.

КСА нинг асосий функциялари қуйидагилар:

Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари сиёсатини ўрганиш ва тавсия бериш;

• Ҳажми, сифати, хавфсизлиги, атроф-муҳитга таъсири юзасидан синов ва текширишлар ўтказиш;

• Транзакциялар шартлари ва усулларини тест ва таҳлил қилиш;

• Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини рағбатлантириш, истеъмол хавфсизлиги ва моделларини яхшилаш мақсадида ахборот йиғиш/тақдим этиш ва халқаро ҳамкорлик;

• Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини рағбатлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва ваколатни ривожлантириш мақсадида маърифий, пиар ва радиоэшиттириш фаолияти;

• Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини рағбатлантириш ва истеъмол моделларини рационализация қилиш бўйича умумий ўрганиш ва тадқиқотлар;

• Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини рағбатлантириш мақсадида миллий ёки маҳаллий ҳокимият органлари томонидан талаб қилинган тергов (суриштирув);

• Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича бошқа ишлар.

Корея истеъмолчилар агентлигида 1372 қисқа рақамли ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган. Истеъмолчиларга маслаҳатлар берувчи тармоқ ишчи гуруҳи (call center) истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлашда самарадорликка эришиш мақсадида турли йўналишларга бўлинган: Таълим, Соғлиқни сақлаш, Савдо соҳасидан келиб тушаётган мурожаатларга жавоб қайтарувчи гуруҳ ва ҳоказолар.

2010 йилдан буён Корея истеъмолчилар агентлиги, Истеъмолчилар гуруҳлари ва маҳаллий ҳукуматларнинг истеъмолчиларга маслаҳатлар хизматлари 1372 истеъмолчиларга маслаҳатлар берувчи ягона марказга ўтказилган. Ягона марказга келиб тушган мурожаатлар эса юқоридаги тартибда ўрганиб чиқилади.

Истеъмолчилар ташкилотлари

Жанубий Корея Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонуни” (Consumer protection act)нинг эътиборли томонларидан бири унда “Истеъмолчиларнинг ташкилотлари”, уларни ташкил қилиш, фаолиятлари ва бошқалар ҳақида алоҳида нормалар белгилаб қўйилганлигидир (бу ҳақда юқорида тўхталиб ўтилди). Қонунга кўра, фаолиятни амалга ошириш ниятида бўлган ҳар қандай истеъмолчилар ташкилоти Молия ва иқтисодиёт вазирлигида ёки маҳаллий ҳокимият органларида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Фаолият олиб боришни истаган ҳар қандай истеъмолчилик ташкилоти ўз фаолияти учун мос бўлган асбоб-ускуналар ва ишчи кучига эга бўлиши керак. Агар рўйхатга олинган истеъмолчи ташкилотларининг барқарор ривожланиши ва ўсиши учун зарур деб ҳисобланса, давлат ёки маҳаллий ҳокимият органлари субсидия тақдим қилишлари мумкин. 

Корея истеъмолчилар ташкилотлари миллий кенгаши

Асосий мақсади: Истеъмолчилар гуруҳлари фаолиятини рағбатлантириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш. Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш фаолиятида аъзо ташкилотларга ўз мақсадларига янада самарали эришишлари учун ёрдам беришдир. У 11 та аъзо ташкилот ва бутун мамлакат бўйлаб тарқалган 270 та маҳаллий гуруҳдан ташкил топган.

Бош ассамблея – Аудиторлар ва Васийлик Кенгашига раҳбарлик қилади.

Васийлик Кенгаши – Президент ва Низоларни ҳал қилиш комиссияси фаолиятини бошқаради.

Президент – Ишчи қўмита ва Бош котиб фаолиятига раҳбарлик қилади.
Бош секретарь – Таҳририят комиссияси ва Дастурлаш; Пиар ва публикациялар; Режалаштириш ва таҳлил; Ахборот; Бухгалтерия, Харажатларни таҳлил қилиш гуруҳи ишини бошқаради.
Кореяда қуйидаги сертификатлар кенг қўлланилади:

Ғайрат МАМАТҚУЛОВ, 
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 
жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти 
ҳудудий бирлашмаси раиси ўринбосари

7 024
ЎзА