Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Масъуллар тадбиркорлар ҳузурида

Масъуллар тадбиркорлар ҳузурида
Халқ билан мулоқот

Самарқанд туманидаги “Агромир” қўшма корхонасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятидаги тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори аҳамияти, унда белгиланган вазифаларни амалга оширишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Самарқанд вилоятида мавжуд 1500 дан ортиқ озиқ-овқат саноати корхоналарининг 1431 таси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу йўналишда 242 та корхона ташкил этилган.

photo5384093972483386329.jpg

Ўтган йили вилоятда 2 миллион 315 минг тонна мева-сабзавот ва узум етиштирилиб, унинг 12,5 фоизи (290 минг 100 тонна) қайта ишланган холос. Бу борадаги ишларни такомиллаштириш, мева-сабзавот ва узумни қайта ишлашни ташкил этиш мақсадида 2019 йилда тегишли давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 168,3 миллиард сўмлик 22 лойиҳа амалга ошириш белгиланган. Бугунги кунда Жомбой, Иштихон ва Ургут туманларида 6 (умумий қиймати 15,8 миллиард сўмлик) лойиҳа амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июлдаги қарорида эса вилоятда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 193,7 миллиард сўм бўлган 18 лойиҳани амалга ошириш ва 57 минг 650 тонна янги қувватлар яратилиши белгиланган. Ушбу лойиҳаларни муддатида амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб борилмоқда.

Жумладан, Пайариқ туманидаги “Tanais sharbat” МЧЖ томонидан амалга оширилиши белгиланган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасида қурилиш ишлари якунланиб фойдаланишга топшириш бўйича якуний ишлар амалга оширилмоқда.

photo5384187894828215645.jpg

Учрашувда қарорда белгиланган лойиҳалар ташаббускорлари, шунингдек, вилоятдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи ёки шу истакда бўлган тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятлари билан боғлиқ масалалар юзасидан масъулларга мурожаат қилди.

Хусусан, Каттақўрғон туманидаги “Камила Фарм” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Равшанов 3 гектар майдонда замонавий иссиқхона ташкил этиш учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олишда муаммоларга дуч келаётганини маълум қилди. Ушбу мурожаат юзасидан “Ипотека банк” АТИБ ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигига топшириқлар берилди.

Каттақўрғон шаҳридаги “Каттақўрғон сут” агрофирмаси, Жомбой туманидаги “Мароқанд мева-савзавот”, Тойлоқдаги “Дониев сервис стил” масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарлари эса электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам сўради. Ушбу масалалар юзасидан ҳам шу ернинг ўзида масъулларга вазифалар топширилди.

Учрашувда иштирок этган ҳар бир тадбиркорнинг фаолиятида дуч келаётган муаммолар бўйича мурожаати рўйхатга олиниб, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланди.

photo5384187894828215647.jpg

15 318
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА