Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Меҳнатдан келса бойлик...

Меҳнатдан келса бойлик...

Ватан манзаралари

Қадрдон ота уй, мунис онам, ҳовлимиз четидаги тандир, иссиқ нонга сариёғ қорилган янчимиш... Бу манзара, шу соғинч мени доим орзулантириб туради. Тандир тафтидек иссиқ муҳаббат ўти қалбимда ҳамиша мангу яшайди. Ҳаммаси жамланиб Ватанга айланади. Айланай Ватан...

Қишлоғимизга кириб борар эканман, мени доим шу ҳис чулғаб олади. 

Бу гал ҳам шундай бўлди. Қуёш тафти кетиб, келинлар ҳовлига сув сепиб, сўрига жой ҳозирлай бошлаган паллада қишлоқ бошидаги кўчага кириб келган эдим.

– Она қизим, эсон-омон бормисан?

Бир зумда хаёлимни йиғиштириб олдим. Меҳриддин Бердиев – донғи кетган тандирсоз уста.

– Ассалому алайкум, ўзингиз омонмисиз?

Биз Навоий вилояти Хатирчи туманида, битта маҳаллада яшаймиз. Уйгача суҳбатлашиб кетдик.

Меҳриддин ака қарийб 35 йилдан буён тандир ясайди. Бугун атрофига шогирдларини йиғиб, кулолчиликнинг нодир намунаси – соз тупроқдан тандир ясаш сирларини ўргатиб келмоқда.

Уйимизда ҳам улар ясаган тандирда мазали нон пиширамиз. Умуман қаерда бўлмайин ҳар сафар дастурхонга нон келганида содда ва самимий инсон Меҳриддин ака ясаган тандирлар кўз олдимдан ўтади.

– Тандирни ҳам асраш керак. Одам оғзидан бузилади, дейди халқимиз. Қарангки, тандир ҳам оғзидан бузилади. Яхши келин тандир оғзига кесовни тирамайди, бошига қопқоғини қаттиқ урмайди. Авайлаб ишлатилган тандир 10-15 йилга ва ундан кўпига ҳам чидаб беради, – дейди Меҳриддин ака. – Тайёр тандирни ўрнатишда ҳам катта гап бор. Унинг ҳар ерига лойни чаплаб ташламасдан авайлаб тоза-покиза суваш зарур. Уй бекалари ҳам тез-тез тандирнинг оғзидан хабар олиб, дарз кетган ерларини суваб туриши керак.

Устанинг таъкидлашича, битта тандирни ясаш учун 6-8 соат вақт кетса, уни бир муддат сояда сақлаш, сўнг офтобда қуритиш учун 2-3 сутка вақт керак бўлади. 

Тандир ясашнинг ҳам сир-асрори бор. Дастлаб соз тупроқ танлаб олиниб, сув билан қорилади, лойга кўп ишлов берилади. Яъни хамир ҳолатига келгунга довур қорилади. Тайёр бўлаётган лойга юнг ва махсус майдаланган сомон қўшилади. Оёқ билан қорилади, қорилади, токи лой оёққа ёпишмай қолгунча, суви қочгунча. Бу жараён тахминан 3-4 соат давом этади.

Тайёр бўлган лойни бироз тиндириб қўйиб, тандир кўринишига келтирилади. Ўнг қўлда тап билан қаттиқ урилса, чап қўлда шап билан унга жавоб қайтарилади (Меҳриддин аканинг айтишича, ушбу мосламалар чиқарган “тап-шап” товуши туфайли шундай аталар экан). Тандир тик қилиниб саваланаверади-саваланаверади, натижада пишиқ ва мустаҳкам бўлади.

photo5343984862043941562.jpg

Тандирнинг пастки қисми тайёр бўлгандан кейин унга қулоқ қисми ўрнатилади. Сўнг сояда бир муддат туради. Икки-уч соатдан кейин тандир тагига мослаб ички ва ташқи томони бирдек қуриши учун тўртта ғишт қадалади. Қарабсизки, икки-уч кунда офтобда яхши қотади ва тандир бозорга чиқариб сотишга тайёр ҳолга келади. Харидорларнинг айтишича, Меҳриддин устанинг ясаган тандирлари пишиқлиги билан ажралиб туради, доим бозори чаққон.

– 2008 йили Меҳриддин акадан тандир олганман. Ҳалигача ўша тандирда нон ёпаман, дейди қишлоғимиздаги боғча тарбиячиси Гулноз Қурбонова. – Ҳафтасига уч-тўрт маротаба нон ёпган кунларим бўлади. Аммо тандир ҳозиргача яхши сақланган. Нонга кесак ёпишмайди, тандир тез қизариб, тез оқаради. Бугун яна янги тандир олгани келдик. Ўғлимни уйлантириб, уларга янги ўчоқ-айвон қуриб бермоқчимиз.

Хатирчи иқлимида етти хил тупроқ мавжуд бўлиб, уларнинг атиги икки туридангина кулолчиликда фойдаланиш мумкин экан. Деҳқончиликда мўл ҳосил берган, қурилишда асқотган тупроқдан тандир ясаб бўлмайди. Тандирсозлик кишидан катта сабр, меҳнат ва эътиборни талаб қилганлиги учун ҳам кўпчилик бу ишда ўзида куч топавермайди. 

Бугун Меҳриддин устанинг ўғли Фарҳод Бердиев ҳам тандирсоз уста.

– Олти-етти йил бошқа соҳада ишладим. Барибир пешонамизга тандирсозлик битилган экан. Нолимаймиз, ҳалол меҳнат қилиб, сифатли тандир ясаяпмиз. Шунинг ортидан қора қозонимиз қайнаб турибди, – дейди Фарҳод ака. – Тандирларимиздан фойдаланган одамлар касб-коримизга барака тилаганида меҳнатимиз самара бераётганидан мамнун бўламиз. Ҳозир нафақат тумандошларимиз, балки Қозоғистон, Россия ва Украина мамлакатларига ҳам тандирларимизни олиб кетмоқда.

Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, дейди доно халқимиз.

4 876
Дилобар МАМАТОВА, ЎзА