Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

Миллий таълим тизимида туб бурилиш бўлади

Миллий таълим тизимида туб бурилиш бўлади

Бутун дунёдаги кескин рақобат таълим соҳасида ҳам муҳим ўзгаришларни талаб этмоқда. 

Шу кунгача тизимда олиб борилган ислоҳотлар шиддат билан ривожланаётган давр тақозосига кўра муҳим босқичга кўтарилди.

Таълим тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселекторда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев энг аввало, устоз-муаллимлар юксак эҳтиромга лойиқлигини яна бир бор эслатиб, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, Президентимиз ўз нутқида таълим тизимидаги узвийлик, яъни, мактабгача таълим, мактаб, олий таълим босқичларидаги боғлиқлик ёш авлод келажагини белгиловчи муҳим омил эканлигини қайд этди.

Олий таълим муассасаларининг вазифалари ҳам алоҳида белгилаб берилди. Олий таълим тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, қамровни кенгайтириш учун ҳар бир ҳудудда нодавлат, давлат-хусусий шерикчилик асосида камида битта олий таълим ташкилотини ташкил этиш кераклиги айтилди. Олий таълим муассасаларининг халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингги рўйхатида муносиб ўрин эгаллашларига ҳам эътибор қаратилди. Миллий рейтингда сўнгги 5 йил давомида доимий равишда 1,2,3 -ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларига кадрлар тайёрлаш бўйича академик ва молиявий мустақиллик бериладиган бўлди. Энди миллий рейтингнинг биринчи ўнталигига кирганлар илмий унвонларни мустақил бериш ваколатига эга бўлади.

Айниқса, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида таълимни бошқаришни автоматлаштириш, масофавий таълимни янада такомиллаштириш, ахборот ресурс марказлари базасидаги мавжуд адабиёт, дарслик, ўқув-услубий қўлланмалар рақамли форматга ўтказилиб, уларнинг электрон платформаси шакллантирилиши, улар бўйича рақамли ягона ахборот қидирув тизими жорий этилиши ҳам бу борадаги муаммоларни бартараф этади.

Президентимиз раислигидаги йиғилишда педагог кадрлар тайёрлаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Нодавлат таълим ташкилотлари ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида эндиликда халқ таълими ходимларини малакасини ошириш ҳуқуқи ҳам бўлади. Бу йиллар давоми кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба. Мамлакатимиз раҳбарининг бу сўзлари ўзини ёш авлод таълим ва тарбиясига дахлдор, деб билган ҳар бир инсоннинг зиммасидаги вазифа қанчалар муҳимлигини яна бир бор эслатди.

Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

3 386
ЎзА