Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

Наманганда заргарлик маркази иш бошлайди

Наманганда заргарлик маркази иш бошлайди

Наманганда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ҳоким ва тадбиркорлар куни” деб эълон қилинган.

Жорий йилнинг 28 октябрь куни вилоят раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказган илк учрашувида “Gavhar Jewel Group” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари Азизбек Абдурасулов ва Тимур Ефасовлар Наманган шаҳрида тилла ишлаб чиқариш заводи ҳамда Заргарлик маркази қуриш учун ер сўраб, мурожаат қилган эди.

Орадан тўрт кун ўтди. Тадбиркорларнинг қиймати 65 миллиард сўмга тенг лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Асадулла Хўжаев кўчасидаги собиқ кимё заводи ҳудудидан ер ажратиб берилди. Вилоят раҳбари бу ердаги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш асносида тадбиркорларга ўз лойиҳасини тезроқ бошлаш бўйича тавсияларини берди.

photo_2020-11-02_16-08-59.jpg

Завод ишга тушгач бир йилда 1,5 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун Италия, Германия ва Туркия давлатларидан замонавий ускуналар келтирилади.

Наманган вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Анвар Икромовнинг қайд этишича, мазкур Заргарлик маркази лойиҳаси ўхшаши йўқлиги билан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Қолаверса, Наманганда туризм жозибадорлигини янада оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Марказда сайёҳларга мўлжалланган алоҳида сувенир типидаги заргарлик маҳсулотларини таклиф этилиши кўзда тутилган. Туристлар билан ишлашда катта режалар ишлаб чиқилган. Келгусида йирик “Showroom” дўкон, заргарлар академияси ҳам ташкил этилади. 2021 йилнинг учинчи чорагида ишга тушиши кўзда тутилган заргарлик марказида 150 та янги иш ўрни яратилади.

2 621
Оқилхон ДАДАБОЕВ, ЎзА