Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

Навоий вилояти хабарлари қисқа сатрларда

Навоий вилояти хабарлари қисқа сатрларда

Навоий вилояти Нурота тумани Темирқовуқ қишлоғида «Karakul - Education» ўқув маркази иш бошлади.

750 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган ўқув маркази математика, физика, кимё ва биология фанларига ихтисослашган бўлиб, бу ерда 120 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.

***

Кармана тумани “Деҳқон” маҳалла фуқаролар йиғинида жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди раиси Ж.Каримов ва судья А. Сайдуллаев иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

photo_2020-11-02_17-07-05.jpg

Навоий вилоят ИИБ Пробация бўлими бошлиғи томонидан маҳкум ва маҳкумаларни жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалари ўтказилган сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди ҳамда 15 нафар жазони ўтаётган маҳкумлар тузалиш йўлига кирганлиги боис ўталмай қолган жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.

***

Кармана туманидаги “Хончорбоғ” маҳалласида оила, хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалари бўйича маҳалла раиси ўринбосарлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида семинар ташкил этилди.

photo_2020-11-02_17-07-03.jpg

Унда Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган устувор вазифалар тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.

***

Конимех туманида яшовчи Уралбай Худойбергенов ва Турсинай Мамараимоваларнинг никоҳи 14 йилдан сўнг қайд этилди.

Турсинай Мамараимова фуқаролик паспортини йўқотиб қўйган ва уни қайта олишга имконияти бўлмаган. Шу сабабли оила қургач ҳам шаърий никоҳда яшайверган. Йиллар ўтиб, икки нафар фарзандли бўлади. Аммо фуқаролик паспорти ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси бўлмагани учун фарзандларига ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ололмайди.

– Туман ФҲДЁ бўлими ва туман давлат хизматлари маркази ҳамкорлигида Зафаробод қўрғонида ўтказилган сайёр хизмат давомида фуқароларнинг никоҳи қайд этилган ва 14 йилдан буён ўз болаларининг отаси эканлигини қонунан тиклай олмаётган фуқаронинг оталик ҳуқуқи белгиланди. Шунингдек, уларнинг икки нафар қизига ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилди, − дейди ФҲДЁ бўлими мудираси Дилбар Ҳусенова

***

Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, Зарафшон–Даугистов йўналишида «Нексия» автомобилини бошқариб келаётган 19 ёшли ҳайдовчи тезликни ошириши натижасида Конимех тумани ҳудудидан 4 Р-209 автомобиль йўлининг 43-километрида бошқарувни йўқотган. Оқибатда «Нексия» ўзидан олдинда кетаётган «Малибу»га урилиб, ағдарилиб кетган.

ЙТҲ натижасида 28 ёшли йўловчи вафот этган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Зарафшон шаҳар ИИБ ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



2 635
Абдували Бўриев, ЎзА