Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Нега йирик саноат корхоналари атрофидаги тупроқлар ифлосланган?

Нега йирик саноат корхоналари атрофидаги тупроқлар ифлосланган?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасида Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 23 августдаги “2016-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги Дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижро этилиши ҳолати юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ахбороти тингланди.

Ўзбекистон Республикасида кейинги 15 йилда мониторинг олиб боришнинг ягона тизими яратилган. Атроф табиий муҳитни ифлослантирувчи асосий табиий ва техноген манбаларнинг рўйхати шакллантирилди, ўлчашларни бажаришнинг замонавий методикалари ишлаб чиқилди, экоаналитик лабораторияларнинг моддий-техник базаси модернизация қилинди. Мониторинг натижаларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида давлат ахборот-таҳлил маркази ташкил этилди.

– Сув ресурслари ва атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалар мониторинги шуни кўрсатдики, баъзи тозалаш иншоотларида оқова сув ва ташламаларни тозалаш ишларини амалга ошириш самараси етарли даражада эмас, йирик саноат корхоналари атрофидаги тупроқлар ифлосланган, – деди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримов. – Экоаналитик лабораторияларнинг методик ва моддий-техник базасини янада такомиллаштиришни талаб қилади. Ифлослантирувчи манбалар мониторингини олиб бориш учун атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш даражаси 1 ва 2 тоифага мансуб бўлган 390 корхона танлаб олинган. 104 тупроқ ифлосланишини назорат қилиш, 119 оқова сувлар назорати, 167 атмосфера ҳавосига ташлама манбалар бўйича мониторинг кузатувлари олиб борилиб, корхоналарнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуналар олинган. Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, 170 корхонанинг 223 манбасида атроф табиий муҳитни рухсат этилган меъёрдан ортиқ ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан 25,3 миллион сўм миқдорда маъмурий жарималар солиниб, 912,6 миллион сўм миқдорда конпенсация тўловлари ҳисобланган ва ундириб олинган.

Таъкидланишича, ер ости сувларининг гидродинамик ва гидрокимёвий ҳолати мониторингини кузатиш ишлари 1517 нуқтада олиб борилиб, 6 минг 121 сув намунаси олинган. Мониторинг кузатувлари давомида радонни ва унинг ҳавода, сувда ҳамда тупроқда парчаланган маҳсулотларини, шунингдек, умумий альфа фаоллигини ўлчаш учун замонавий автоматлаштирилган асбоб ва қурилмаларни сотиб олиш ҳудудий гидрогеологик станцияларнинг янги лойиҳаларида 2020 йилда амалга оширилиши режалаштирилгани айтиб ўтилди.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари мониторингини олиб боришнинг ягона методикасини ишлаб чиқиш борасида давлат бюджетидан маблағ ажратилмагани сабабли бу борада ишлар амалга оширилмагани қайд этилди.

Давлат ўрмон хўжалиги ва ўрмон ов хўжалиги ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мониторингини олиб бориш давомида 44 турдан ортиқ ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ва озиқабоп ўсимлик турлари жумладан, зира, зирк, исириқ, ковул, коврак, равоч, ўрмон-ов хўжалиги ерларида 21 турдан ортиқ овланадиган ҳайвонлар бўйича ҳисобга олиш амалга оширилган.

Давлат қўриқхоналари, миллий боғлар, биосфера резервати ва “Жайрон” экомаркази ҳудудлардаги экологик тизим ҳолати бўйича мониторинг ишлари олиб борилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган архар, жайрон, сайғоқ, морхўр, Бухоро қўйи, хонгул (Бухоро буғуси), қўнғир айиқ, Туркистон силовсини, қора лайлак, тасқара, Туркистон оқ лайлаги, Ўрта Осиё кобраси, қор қоплони бўйича мониторинг ўтказилиб келингани қайд этилди.

Тадбир якунида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

9 229
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА