Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Партия халқ олдига аниқ вазифа ва муаммолар ечими билан чиқиши керак

Партия халқ олдига аниқ вазифа ва муаммолар ечими билан чиқиши керак

Бу фикр Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Бухоро шаҳрида партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда таъкидланди. 

Партия Бухоро вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда фаоллар, сиёсий партия томонидан сайланган депутатлар, экспертлар, бошланғич партия ташкилотлари раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эгалиги, улар айни пайтда партия учун катта синов эканлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, сиёсий партия ўз дастурий ҳужжатини тараққиётга, ҳар қандай соҳада адолат устувор бўлишига, одамларни ташвишлантираётган муаммолар ечимига хизмат қиладиган аниқ таклифлар билан шакллантирди.

Тадбирда партиянинг Сайловолди дастури билан танишган қатнашчилар унда аввало, суд-ҳуқуқ тизимида энг муҳим вазифалар ўз ифодасини топганлигини эътироф этди. Шу билан бирга, жамиятда ва ҳар бир инсон учун адолатни таъминлашда суд-ҳуқуқи тизимини такомиллаштириб бориш, оилани мустаҳкамлаш, тергов соҳасида ягона марказлашган тизимни яратиш зарурлиги таъкидланди.

– Биз сайловолди дастурини шакллантириш учун тақдим этган қатор таклифлар инобатга олингани жуда эътиборли, – дейди вилоят адлия бошқармаси Когон шаҳар бўлимининг раҳбари Исматуллоҳ Исматов. – Аммо у янада ҳаётий бўлиши, шу куннинг долзарб масалаларини қамраб олиши керак. Суд-ҳуқуқ тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Шулардан бири Судларнинг мустақиллиги таъминланиши бўлди. Бироқ шу ўринда бир таклиф бор. Бизнингча, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида Судьяларнинг мустақиллиги баҳолаш мезонларига мувофиқ белгиланиши қайд этилиши лозим.

Бугунги кунда тиббий хизмат сифатини яхшилаш долзарб масала. Бу партиянинг Сайловолди ҳужжатида ҳам акс этган. Йиғилишда ана шу жиҳат таъкидланган ҳолда, соҳа қонунчилигини такомиллаштириш, оилавий поликлиникаларда иш шароитларини янада яхшилаш, умумий амалиёт шифокори мақомини ошириш, ҚВПларда репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш йўналишида қизлар билан ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш, мактабларда стоматолог врач хизматини тўғри ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Дастур муҳокамасида, айниқса, мактабгача таълим тизимига жиддий эътибор қаратиш, жумладан, унда чет тилларини ўргатиш бўйича педагог кадр штат бирлигини ажратиш ҳамда мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Шунингдек, хотин-қизлар масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Иштирокчилар дастурда баъзи оилаларда учрайдиган зўравонликнинг олдини олишга қаратилган фикрлар ўз ифодасини топиши зарурлигини таъкидлади. Аёлларга ва болаларга нисбатан куч ишлатиш каби салбий ҳолатларга чек қўйилишини қонунийлаштиришни янада мустаҳкамлаш борасида таклифлар илгари сурилди. Бундан ташқари, Сайловолди дастурини ихчамлаштириш, матнларни танқидий таҳрир қилиш, фикрларни оммабоп ва аниқ ифодалаш зарурлиги таъкидланди.

Баҳс мунозара, тортишувларга бой бўлган йиғилишда билдирилган амалий фикр-мулоҳазалар ва таклифлар Сайловолди дастури лойиҳасини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди

8 191
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА