Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Саломатлик – энг катта бойлик

Саломатлик – энг катта бойлик

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Тадбир доирасида Сўх туманида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва мазкур касалликка қарши курашиш мақсадида бепул тиббий кўрик ўтказилди. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган тиббий кўрикда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалининг малакали шифокорлари томонидан икки юзга яқин аёлларга керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

– Хотин-қизлар орасида учраётган кўплаб онкологик касалликларнинг олдини олиш ва курашишни кўзда тутувчи бундай тиббий кўрикдан аёллар мамнун бўлмоқда, – дейди O‘zLiDeP Фарғона вилояти кенгаши аппарат раҳбари Нафисахон Элчиева. – Дарҳақиқат, аёлларимиз соғлом бўлса жамиятимизга соғлом ва бақувват инсонлар дунёга келади. Мазкур ташаббус замирида хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги эътибор ва ғамхўрлик мужассам.

Шу каби тиббий кўрик Қўқон шаҳридаги “Шайхон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.

– Шаҳримиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда барча бошланғич партия ташкилотларида бундай тиббий кўрикларни ташкил этиш кўзда тутилган, – дейди O’zLiDeP Қўқон шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Муҳсинжон Юсупов. – Бугунги тиббий кўрикда кўплаб фуқарорлар иштирок этиб, соғликларини яна бир бор кўрикдан ўтказди.

5 596
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА