Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

Сунъий интеллект эҳтиёжга айланганлигини ҳамма тушуниб етиши даркор

Сунъий интеллект эҳтиёжга айланганлигини ҳамма тушуниб етиши даркор

Мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсадидир. Бу борада рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект нима эканлигини англаш таълимда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Донишмандлар айтганидек: «Энг катта бойлик, бу – ақл-заковат ва илм, энг катта мерос, бу – яхши тарбия, энг катта қашшоқлик, бу – билимсизликдир!»

Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда. ХХ асрнинг охирида, интернет тармоғи жамият ҳаётининг турли соҳаларига кириб келиши билан «электрон ҳукумат»,«электрон савдо», «рақамли иқтисодиёт»,”сунъий интеллект” каби атамалар пайдо бўлди.

Қачонки, бу тушунчаларни оддий одамлар тушунмас экан, бу соҳалар ривожланиши мумкин эмас. Чунки ҳар қандай илм-фаннинг истеъмолчиси ва ижро этувчиси биринчи навбатда оддий кишилар. Одамлар аста-секинлик билан электрон ҳукумат, электрон савдо ва шунга ўхшаш нарсалар амалиётга жорий қилингач, уни тушуна бошладилар. Энди эса сунъий интеллект ҳақида ва унинг таълимдаги ўрни ҳақида саволлар ҳаммага қизиқ бўлмоқда.

Сунъний интеллект атамасининг кўплаб таърифлари мавжуд бўлиб, умумлаштирган ҳолда уни инсоннинг мантиқий ва ижодий функцияларини бажарувчи интеллектуал сунъий тизим деб аташ мумкин.

Табиийки, сунъий интеллект таълим соҳасини ҳам четлаб ўтмайди. У таълим соҳасини жиддий ўзгартиради. Энг биринчи навбатда сунъий интеллект таълим олиш учун тўсиқларни камайтиради, бошқариш жараёнларини автоматлаштиради.

Иккинчидан, ўқув натижаларини яхшилаш усулларини мақбуллаштириш орқали глобал таълим мақсадларига эришишни тезлаштириш имкониятига эга. Оддий мисол, ўқувчи компьютерда тузилган имтиҳонларни топширади. У ўзига ўзи баҳо беради: ”Мен топширган тестлар ўз даражамга мос келади ва мен буларни яхши бажара оламан”.

Яна бир мисол. Айтайлик, болангиз математикадан ўзлаштира олмаяпти. Бу ҳар қандай ота-онани ташвишлантиради. Шу пайт фараз қилайлик «Ал-Хоразмий» интеллектуал гуруҳ ўзининг ақлий маҳсулотини мактаб ёшидаги болаларга сунъий интеллект томонидан ишлаб чиқилган индивидуал дастурларни таклиф қилди. Натижада ўқитувчи ўрнида бу ишланма болангизнинг дарсларини тизимли назорат қилиб турди.

Пировардида, чорак охирида болангизни ўзлаштириши яхши ошади. Болангиз математикадан имтиҳонни аъло баҳоларга топширди. Мана, сунъий интеллектга яққол мисол. Ҳозир турмушимизга нафақат математикадан, балки барча фанлардан сунъий интеллектни назорат қилувчи дастурлар керак. Бир хил дарсликлардан фойдаланиб бир хил топшириқларни бажариш иқтидорли ўқувчиларни зериктириб қўяди.

Сунъий интеллект эса бу ерда иш беради. Рақамли олам шароитида у ўқитувчиларга ўқув жараёнини индивидуаллаштиришга ёрдам беради. Биринчидан, у ўқувчига махсус дастурлардан фойдаланган ҳолда янги билимларни қулай суръатларда ўрганиш имкониини берса, иккинчидан, сунъий интеллект ота-она ва ўқувчиларга ўзига хос ўқитувчига айланади. Учинчидан, боланинг очилмаган истеъдод қирралари очилиб кетади.

Келтирилган мисоллар шундай хулосаларга асос бўладики, сунъий интеллект таълимни сифатли қилади, ҳаммага арзон оммабоп бўлади. Ундан ташқари у ўқитувчи –репетитор бўлиб қолади. Ўқувчининг ёнида доимий юрувчи сунъий устоз деса, ҳеч муболаға бўлмайди. Айниқса, мобиль иловалар исталган вақтда фойдаланиш ва тушунарсиз мавзуни турли усуллар билан қайта тушунтириш имконини беради.

Бизда ҳозир иловалар йўқ эмас, бор. Лекин улар оммалашмаган, тор доираларда ишлатилмоқда. Масалан, ”Brainiy”, ”Thinkster Math”,”Netex Learning” иловалари ўқувчиларнинг мактабдаги топшириқларини муҳокама қилишлари, математикадан билимларини мустаҳкамлаши ва учинчи илова эса ўқитувчиларга интерфаол аудио ва видео материалларни тайёрлашга ёрдам беради.

Сунъий интеллект билимларни баҳолаш тизимини автоматлаштириб, инсон омилини четга суради. Машаққатли уй вазифаларини текшириш, тестларни баҳолаш ташвишларини енгиллаштиради. Аслида, ҳеч қачон ўқитувчининг жонли баҳоси ўрнини ҳеч қандай сунъий интеллект боса олмас, лекин унга яқин бўла олади. Демак, баҳолаш ва дарс жадвалини тузиш ҳам сунъий интеллектга ўтиши аён бўлмоқда. Рақамли таълимда сунъий интеллект орқали давлат таълим стандартларига асосланиб ёзма иш ва имтиҳонларни тўлиқ текшириш мумкин. Бу бир тарафдан яхши, бир тарафдан ўқишга ҳаракат қилаётган болани жонли рағбатлантириб бўлмайди. Сунъий интеллект ҳамиша ҳам яхши эмас. Унинг ҳам салбий ва ижобий томонлари бор. Ҳали бу борада олимларимиз кўп ишлаши керак.

Мактабда сунъий интеллектни қўлланишнинг ёрқин кўриниши, бу –ўқувчиларни юриш-туришларини камералар орқали кузатиш ва хати-ҳаракатларини таҳлил қилишидир. Тартиб-интизомга кўмаклашади.

Таълимнинг глобаллашуви, рақамлашган дунё, пандемия, сунъий интеллект онлайн – таълимни ривожлантириб юборди. Ҳозир қисқа курслардан токи олий таълимгача сунъий интеллект орқали билим олиш мумкин. Албатта, анъанавий таълимни инкор қилмаган ҳолда. Ҳар бир бола ўз қизиқишларига қараб маълум онлайн курсларида бўлишлари керак. Сунъий интеллект эҳтиёжга айланганлигини ҳамма тушуниб етиши даркор.

Исталган ривожланган давлат таълимини таҳлил қилиб кўринг, уларда сунъий интеллект таълим бозорида катта улушга эга. Масалан, Буюк Британияда PhotoMath номли илова мавжуд бўлиб у орқали математика фанидан берилган мисолларга жавоб ола биладилар.

Бунинг учун мобил қурилманинг камераси масала устига қўйилса, жавоби экранда ишлаш йўллари билан чиқиб келади. Ўқитувчининг кимё ва биологиядан жонли лаборатория ишларини мактабда кўрсатса, қолган топшириқларни уйида сунъий интеллект орқали бажариши мумкин.

Инсоният аслида сунъий интеллектдан фойдаланиб келяпти. Google ижтимоий тармоқлари, турли сайтлар, маълумотлар омборлари ва қидирув, интернет магазинлар — ҳаммаси кундалик фаолиятимиз, эҳтиёжимизга айланиб бўлди. Гап энди сунъий интеллектни маиший-ҳаётий эҳтиёждан таълим эҳтиёжига айлантириш устида кетмоқда.

Кўпчилик давраларда «Ҳозир сунъий интеллект ўзи нима?» деган саволни беришмоқда. Рақамли иқтисодда сунъий интеллект ҳамма соҳаларни ривожлантирувчи куч.

Биз кўпинча инновациялардан дарҳол самарали бўлишини хоҳлаймиз, буни эса ҳар доим ҳам иложи йўқ. Жараёнлар босқичма-босқич йўлга қўйилиши, ўқитувчиларни янгича ишлашга ўргатиш, таълим раҳбарларининг рақамли саводхонлигини ошириш устида тинмай иш олиб бориш керак. Шунда биз кўзланган мақсадларга эришамиз.

Бахтиёр КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси

3 301
ЎзА