Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

Табиий газ етказиб бериш жараёни ўрганилди

Табиий газ етказиб бериш жараёни ўрганилди

Бухорода "Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарнинг 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни ва тизим фаолиятида муҳим ўрин тутувчи объектлар билан таништириш мақсадида пресс-тур ўтказилди.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тасарруфидаги магистрал газ қувурлари тармоғи – мамлакат тараққиётида, унинг иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга тизим ҳисобланади. Бугунги кунда тизимни ривожлантириш мақсадидаги ислоҳотлар ҳар қачонгидан жадаллашган.

photo_2020-11-02_16-01-58.jpg

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан “Ўзтрансгаз” АЖнинг газ таъминоти бўйича ҳудудий филиаллари негизида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ алоҳида жамият шаклида ташкил этилди.

Қарорда ҳар икки жамиятнинг вазифалари кўрсатиб ўтилган бўлиб, “Ўзтрансгаз” АЖ – табиий газни етказиб бериш, жумладан, экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ташкилотлардан харид қилиш ҳамда магистрал газ қувурига уланган истеъмолчиларга сотиш бўйича ягона оператор ҳисобланади. Ҳудудгазтаъминот” АЖ эса газ тарқатиш тармоқларини эксплуатация қилиш ва аҳолига ҳамда ижтимоий соҳа объектларига табиий, суюлтирилган газни етказиб бериш функцияларини бажаришга масъул сифатида белгилаб қўйилган.

Президентимизнинг 2020 йил 18 июндаги “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига асосан, жорий йилнинг 1 июлидан республикамизда истеъмолчиларга табиий газни сотиш юзасидан “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти – магистрал газ узатиш тизимига тўғридан-тўғри уланган улгуржи истеъмолчиларга шунингдек, стратегик аҳамиятга эга бўлган “Иссиқлик электр тармоқлари” ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг корхоналари каби истеъмолчиларга табиий газ етказиб беради.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ тақсимлаш газ қувурларига уланган улгуржи истеъмолчиларга ҳамда аҳоли хонадонларига табиий газ “Ҳудудгаз” газ таъминоти филиаллари томонидан сотилиши белгилаб қўйилган.

Ушбу фармон билан “Ўзтрансгаз” АЖ - “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва илгари “Ўзтрансгаз” АЖ таркибига кирган ҳудудий филиаллари билан истеъмолчилар ўртасида (магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчилар бундан мустасно) тузилган табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома ва мажбуриятлар юзасидан ҳуқуқий ворис ҳисобланаши белгиланган.

photo_2020-11-02_16-01-59.jpg

Жорий йилда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан республика аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларига қарийб 41 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши режалаштирилган. Жумладан, ўтган 9 ой давомида 27 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газ етказиб берилди. Шундан, 7 миллиард куб метрдан ортиғи аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилди.

Жорий йилда 55 километр магистрал газ қувурларининг нуқсонли қисмларида 35 километр таъмирлаш ва 20 километр реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган. Ўтган 9 ойда 26 километрдан зиёд нуқсонли қисмлари алмаштирилди. 22 километр қисми реконструкция қилинди. Ўлчами 325 мм бўлган “Ромитан-Олот-Қоракўл” магистрал газ тармоғининг 38 километр қисми 720 мм.ли қувурга алмаштирилди. “Қоракўл” газ тақсимлаш станциясида (ГТС) реконструкция ишлари амалга оширилди. 

Натижада унинг табиий газ ўтказувчанлиги 2 баробарга ортди. Бундан ташқари, Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод туманлари табиий газ истеъмолчилари учун 14,2 километр масофадан газ қувури тортилиб “Учтом” ГТС қурилди. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган “Янги ҳаёт” ГТС реконструкция қилинди. Ишлаб чиқариш қуввати оширилди. “Ўрта-сарой” ГТС Нурафшон шаҳри аҳоли пунктидан узоқроққа кўчирилди ҳам янгидан қурилди. Хавфсизлик даражаси ортди. Газли шаҳридаги 25 - сонли мактабгача таълим ташкилоти яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли, жамиятнинг қарийб 11 миллиард сўм маблағи эвазига 240 ўринли янги бино барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

“Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги 23 та компрессор станциялардаги (КС) 238 та газ ҳайдаш агрегатларининг 89 таси таъмирланди. 5 та авиадвигатель Россия ва Украина давлатларида таьмирланди. 8 та двигатель маҳаллий мутахассислар томондан таьмирланди. Эътиборлиси, компрессор станциялардан фойдаланиш департаменти фаолиятида куз-қишга тайёргарлик бўйича режалаштирилган ишларнинг 100 фоиз амалга оширилгани сўнгги 5 йил давомида кузатилган ижобий натижа ҳисобланади.

photo_2020-11-02_16-02-00.jpg

Муборак КС 1981-1985 йилларда ишга туширилган “А” цехида тармоқ фаолияти тарихида биринчи бор гидравлик синов ишлари ўтказилди.

– Газли Магистрал газ қувурлари бошқармаси тасарруфидаги Газли газни ер остида сақлаш иншооти (ГЕОСИ) 1988 йилда шу номли захираси тугатилган коннинг IX горизонтида барпо этилган бўлиб, газ истеъмолидаги йиллик номутаносибликларни тартибга солишга мўлжалланган Республика газ транспорт тизимидаги объект ҳисобланади, – дейди корхона раҳбари Шуҳрат Ҳайдаров. – Лойиҳавий қуввати 3 миллиард куб метр фаол ҳажмдаги газни сақлаш имкониятига эга. Жорий йилда ГЕОСИга 2 миллиард 800 миллион куб метрдан ортиқ табиий газ жамғарилди. 40 та қудуқ жорий ва капитал таъмирланган ҳолда объект қишки мавсумга тайёрланди.

photo_2020-11-02_16-02-01.jpg

– Амалга оширилаётган янги лойиҳанинг биринчи босқич қиймати 557,8 миллион долларни ташкил этади.– дейди "Ўзтрансгаз" АЖ Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи, лойиҳа менеджери Сарвар Хайдаров. – Лойиҳа доирасида мавжуд “Газли” ер ости сақлаш омбори ҳажми 3 миллиардгача кенгайтирилади. Умумий ҳажми 6 миллиард куб метрни ташкил этади. 

photo_2020-11-02_16-02-02.jpg

Лойиҳа доирасида углеводород ишлаб чиқарилади. Натижада ички бозорга ва экспортга эришилади. Куз-қиш даврида табиий газ эҳтиёжи юқори бўлганда тақчилликни юмшатишга эришилади. Шунингдек, истиқболда объектнинг географик қулай жойлашуви ҳисобига минтақавий табиий газ хабини ташкил этиш имконини беради. Лойиха 2020-2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, натижада 300 та янги иш ўрни яратилади.

photo_2020-11-02_16-02-03.jpg

Икки кун давом этган пресс-турда оммавий ахборот воситалари ходимлари соҳа вакиллари билан учрашди. Иштирокчилар Газли магистрал газ қувурлари бошқармасида, газни ер остида сақлаш омборида, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан Газли шаҳрида янгидан қурилган 25-мактабгача таълим ташкилотида, Қоракўл-Олот ГРС да бўлишди. У ерда яратилган имкониятлар билан танишишди. Ўзларини қизиқтирган саволларига мутасаддилар батафсил жабоб берди.

3 037
Зариф КОМИЛОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА