Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Тошлоқда янги қўшма корхона очилди

Тошлоқда янги қўшма корхона очилди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида “Agro impex valley” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси иш бошлади.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишида инвестицияларнинг ўрни катта. Айниқса, кейинги пайтда хорижий давлатлар ишбилармонлари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, ишлаб чиқариш тармоқлари ишга тушмоқда. Янги иш бошлаган мазкур қўшма корхона ҳам ана шулардан биридир.

Бу ерда қувур профиллари ҳамда автомобиллар учун юқори кучланишли ўт олдириш ўтказгичлари ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳа учун 2 миллион 200 минг АҚШ долларлик инвестиция йўналтирилиб, замонавий технологиялар ўрнатилди. Жанубий Корея, Хитой ва Россия давлатларидан хом ашё олинаётган бўлиб, бир йилда 7-8 минг тонна қувур профиллари ишлаб чиқариш қувватига эга. 

photo_2020-11-03_18-41-09.jpg

Мазкур қувурлардан иссиқхоналар қуришда кенг фойдаланилади. Бу ерда 50 нафар тошлоқлик ёшлар бу технологияларни бошқараётган бўлиб, ички бозорга сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериляпти.

– Ўн йилдан буён Ўзбекистонда бизнес юритиб келмоқдаман, – дейди қўшма корхона таъсисчиларидан бири Юн Сом. 

– Айниқса, кейинги йилларда инвесторларга барча имконият ва имтиёзлар берилаётгани бизга маъқул бўляпти. Асосийси, бу ер хавфсиз ва бизнес учун қулай. Шу боис Фарғонада мазкур лойиҳани амалга оширяпмиз.

photo_2020-11-03_18-41-16.jpg

Эътиборли жиҳати, қўшма корхона маҳаллийлаштириш дастури асосида автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, яъни юқори кучланишли ўт олдириш ўтказгичларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Кафолатга эга бу маҳсулотларга бугун талаб ошмоқда. Келгусида қўшма корхона экспортни ҳам йўлга қўйиш ҳаракатида.

– Жанубий кореялик тадбиркорлар билан ҳамкорликдаги лойиҳанинг ҳозирда биринчи босқичи якунланди, – дейди қўшма корхона раҳбари Ҳабибулло Машраббоев. – Кластер ташкил этиб, гидропоника усулидаги иссиқхоналарни бутун вилоятимиз бўйлаб тайёр ҳолатда ишга туширишни режалаштирганмиз. Бунинг учун зарур бўладиган қувур профиллари ва бошқа жиҳозлар шу ерда тайёрланади. Шунингдек, автомобиллар учун ўндан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиряпмиз.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов, Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров иштирок этди.

2 603
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА