Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Туркшунос талабалар учун онлайн дарс машғулотлари

Туркшунос талабалар учун онлайн дарс машғулотлари

Яқинда Тошкент давлат шарқшунослик университети раҳбарияти ва Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Суҳбат чоғида элчи билан бошқа соҳалар қатори университетда Туркиянинг йирик компаниялари ва ташкилотлари ходимларининг дарс машғулотларини ташкиллаштириш масаласи муҳокама қилинганди. 

Ушбу мулоқот натижасида Туркия элчихонасининг 3-котиби Меҳмет Каан Баккалбаши 3 ноябрдан Тошкент давлат шарқшунослик университетида масофавий таълим асосида туркшунос талабаларга машғулот ўтишни бошлади. Ушбу дарслар “Туркия ташқи сиёсати” мавзуидаги туркум маърузаларни ўз ичига олиб, жорий ўқув йили охирига қадар давом этади.

Меҳмет Каан Баккалбаши Буюк Британиянинг Дарем университетида бакалавр ва Иқтисодиёт ва сиёсат билимлари Лондон мактабида (LSE) магистратура босқичларини тамомлаган. Ҳозир ўз соҳаси бўйича илмий изланиш олиб бормоқда. У иштирокидаги дарс машғулотлари Туркия элчихонаси билан йўлга қўйилган истиқболли режаларнинг дебочасидир. 

– Дастлабки машғулотда туркшунослик факультетининг 100 нафарга яқин талабаси ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди. Маърузани катта қизиқиш билан тингладик. Унда Туркия Республикаси тарихи, турк халқининг мустақиллик учун кураши, Ўзбекистон билан дипломатик алоқалари ҳақида маълумотга эга бўлдик. Бизнинг дипломат бўлиб шаклланишимизда бундай мутахассисларнинг маърузалари катта аҳамиятга эга, – дейди университетнинг 3-босқич талабаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюроси етакчи мутахассиси Шаҳноза Абдужаббарова.

Аввал хабар қилинганидек, шу йил 13 октябрдан Тошкент давлат шарқшунослик университетида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва ташкилотларининг етакчи мутахассислари томонидан корейсшунос талабалар учун онлайн дарс машғулотлари бошланган эди. Бугунги кунда университетда бошқа Шарқ мамлакатларининг юртимиздаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳам шундай ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. 

4 093
ЎзА