Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Ватан фидойилари хотирасини эъзозлаб

Ватан фидойилари хотирасини эъзозлаб

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва "Қўқон" давлат музей – қўриқхонаси ҳамкорлигида «Қатағон қурбонлари - Ватан фидойилари» мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги "Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишига мувофиқ, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Тадбирда мустақиллик ва озодлик тантанаси учун курашган ота-боболаримизнинг кўрсатган жасорати ва ибратли фаолиятини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг юксак инсоний бурчимиз экани алоҳида таъкидланди.

Атоқли шоир Усмон Носир ҳаёти ва фаолияти ҳақида унинг қариндоши Манзурахон Мансурованинг онаси ва бувисидан эшитган эсдаликларини тадбир иштирокчилари ҳаяжон билан тинглади.

Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи табаррук 94 ёшли Каримжон ота Раҳимовнинг оиласи маҳалладаги энг намунали оилалардан ҳисобланади. Каримжон ота Раҳимовнинг келини, Қўқон шаҳар давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими отахоннинг II жаҳон урушида кўрсатган мардлик ва жасоратлари ҳақида сўзлаб берди. Айниқса, Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан отахонга тақдим этилган эсдалик совға Каримжон ота учун энг қадрли туҳфадир.

Тадбир доирасида Қатағон қурбонлари ҳақидаги ҳужжат ва суратлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Бир гуруҳ ўқувчилар шоир Усмон Носир ижодидан намуналар ўқиди.

Қўқондаги 15-мактаб директори Шаҳло Расулова тадбир иштирокчиларига бугунги кунга қадар номлари аниқланмаган Қатағон қурбонларини аниқлаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид янги маълумотларни тўплашда маҳалланинг ўрни алоҳида эканлигини қайд этди. Негаки, маърифатпарвар боболаримиз ҳаёти, мероси ва босиб ўтган йўллари ёшларимиз учун ибрат мактабидир.

- Қатағон қурбони бўлган юртдошларимизни аниқлаш, уларнинг ҳаёт йўли, фаолиятини оммалаштириш ҳам инсоний, ҳам фуқаролик бурчимиздир, - деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Нуроний онахонларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Хайринисо Мирзажонова. - Бундай машаққатли, масъулиятли юмушда маҳаллалар, ўқув, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаш яхши натижаларни бериши шубҳасиз.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилмоқда.

2 661
ЎзА