Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими соврини кимга насиб этади?

Вилоят ҳокими соврини кимга насиб этади?

Термизда Сурхондарё вилояти ҳокими соврини учун “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” танловининг вилоят ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги босқичи бўлиб ўтди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Денов туманидаги ҳарбий қисмда Ватанимиз ҳимоячилари билан учрашиб, уларнинг маънавиятини, жанговар шайлигини ошириш ҳамда ҳудудга хос миллий қадриятлар билан яқиндан таништириб бориш бўйича тегишли топшириқлар берган эди.

photo_2020-11-03_11-30-52.jpg

Мазкур вазифалар ижроси доирасида Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболов ўтган йили тинчлигимиз посбонлари ўртасида “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” номидаги танловни ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Бу таклиф вилоятдаги жамоат ташкилотлари ва ҳарбий тузилмалар томонидан қўллаб-қувватланиб, унинг низоми ишлаб чиқилди. Танловни ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни муносиб рағбатлантириш тартиблари белгилаб олинди. Ишчи гуруҳи ва соҳалар мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати тасдиқланди.

photo_2020-11-03_11-30-51.jpg

Ўтган йилги танловда фақат мудофаа вазирлигининг вилоятдаги ҳарбий қисм ва ҳарбий муассасалари хизматчилари иштирок этган бўлса, жорий йилда унинг низоми ўзгартирилиб, ДХХ чегара қўшинлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вилоят бошқармаси ҳарбий хизматчилари, вилоят ички ишлар, божхона ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимлари ўртасида ҳам ўтказиладиган бўлди.

photo_2020-11-03_11-30-48.jpg

Кўрик-танлов ҳарбий тузилмалар хизматчиларининг китобхонлик ва китоб мутолааси, от миниш маҳорати, бахшичилик ва достончилик, тасвирий санъат, чанқовузда куй ижро этиш йўналишлари бўйича ўтказилади. Унда тадбирнинг ҳарбий тузилмалар ва воҳа босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар вилоят ҳокими соврини учун ўзаро беллашади.

photo_2020-11-03_11-30-50.jpg

Вилоят ИИБ шахсий таркиби ўртасида ўтказилган танлов якунида лейтенант Азизжон Қодиров "Китобхонлик ва китоб мутолааси", оддий аскар Тўлқин Турдиқулов "От миниш маҳорати", майор Жўрабек Ходжақулов "Бахшичилик ва достончилик санъати" йўналишларида ғолиб бўлди. Капитан Дилафруз Ходжамбердиева "Тасвирий санъат”, лейтенант Элбек Зоиров "Чанқовузда куй ижро этиш санъати” йўналишларида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Ғолиблар муносиб рағбатлантирилиб, танловнинг ҳарбий тузилмалар ўртасидаги вилоят босқичига йўлланма олди.

photo_2020-11-03_11-30-49.jpg

2 872
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА