Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бошланди

“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бошланди

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ манфаатларига қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган 5 та муҳим ташаббус ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда.

Ушбу ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, тарғибот тадбирларини маҳаллалар бўйича ўтказиш, аҳоли кайфиятини кўтариш мақсадида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ташкил этиш режалаштирилган. Тарғибот тадбирларини йил давомида ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ва Республика штаби иш бошлади.

photo_2020-11-02_17-33-37.jpg

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини маҳаллаларда ташкил этиш бўйича Республика штабининг 7 йўналиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Уларга тарғибот гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, тарғибот материалларини тайёрлаш ва етказиш, олий таълим муассасалари томонидан маҳаллаларда тарғибот ишларини тизимли олиб бориш каби вазифалар юклатилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар гуруҳи ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, сиёсатчилар, олимлар, маданият арбоблари, санъаткорлар, психологлар ҳамда ёшлардан иборат Республика тарғибот гуруҳлари ташкил этилди. Соҳавий йўналишлар бўйича 14 та ҳудудий тарғибот гуруҳи шакллантирилди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 194 нафар тарғиботчи олим учун махсус ўқувлар ташкил этилди, – деди “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Республика штаби раҳбари Содиқжон Турдиев. – Олимлар икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўқувларда иштирок этади. Биринчи гуруҳ 2-4 ноябрь, иккинчи гуруҳ эса 5-7 ноябрь кунлари ўқувларда қатнашади. Шундан сўнг мазкур Республика тарғибот гуруҳи ҳудудлардаги 1872 нафар тарғиботчини тайёрлайди. Уларга тарғибот материаллари етказиб берилади.

photo_2020-11-02_17-33-52.jpg

Таъкидланишича, тарғиботчилар 9 минг 150 дан ортиқ маҳаллага кириб боради. Тарғибот гуруҳлари жойларга чиққан ҳолда аҳолини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан хабардор қилади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказади. Аҳолининг кайфиятини кўтариш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, шукроналик, ўзаро ёрдам каби миллий ва умуминсоний қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Бунда ҳар бир туман, шаҳарнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ўша ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли кенг қатламига етказилиши таъминланади.

Жойларда оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, аҳоли, айниқса, нуронийлар, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида спортнинг бир неча турлари бўйича мусобақалар ўтказилади. Бунинг учун республика даражасидаги тренерлар ҳамда ҳар бир маҳаллага ҳудудлардан мураббийлар бириктирилади. Мазкур оммавий мусобақалар жараёнида концерт дастурлари ҳамда машҳур спортчилар, таниқли актёрлар, шоир ва ёзувчиларнинг бадиий чиқишлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, ҳудудий “Нуроний” жамоатчилик кенгашлари, маҳаллалардаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ижтимоий фаол нуронийларни жалб этган ҳолда ҳар куни кенг жамоатчиликнинг пиёда юриш тадбирларини, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини, овқатланиш маданиятини кенг тарғиб этиш чоралари кўрилади.

photo_2020-11-02_17-33-44.jpg

– Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Минҳожиддин Ҳожиматов. – Шу сабаб нафақат минтақада, балки бутун дунёда Янги Ўзбекистон ибораси пайдо бўлди. Бу эса ўтган йиллар давомида Президентимиз томонидан амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга, бунёдкор халқимизга муносиб баҳо бўлди. 

Амалга оширилган ислоҳотларни маҳаллама-маҳалла ҳар бир аҳолига етказиш мақсадида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” маънавий-маърифий ҳаракати бошланди. Бу ҳаракат бутун республикани қамраб олган ҳолда йил давомида амалга оширилади. Бунинг учун турли соҳа вакиллари жалб қилиниб, тарғибот гуруҳлари шакллантирилди. Аҳолига нимани етказамиз? Қўлимизда бутун ислоҳотлар жамланган қўлланма бўлиши керак. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” ўқув- услубий қўлланмаси жами 32 минг нусхада, шундан 26 мингтаси давлат тили, 3 мингтаси рус тили ва 3 мингтаси қорақалпоқ тилида чоп этилмоқда. Мазкур китоблар барча маҳаллалар, таълим муассасалари, шунингдек, тарғиботчилар, вазирлик, идора ва бошқа муассасаларга бепул етказиб берилади.

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 40-умумтаълим мактабида илк маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда таниқли сиёсатчилар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, ёшлар, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

photo_2020-11-02_17-33-44.jpg

Машғулотларда Президентимизнинг 2020 йилдаги парламентга Мурожаатномаси ҳамда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи мазмун-моҳияти таҳлил этилиб, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятидаги асосий масалалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, “Конституция – халқ фаровонлиги ва юрт тинчлиги”, “Янги Ўзбекистон – янги тараққиёт босқичида”, “Хотин-қизларни ижтимоийлаштириш ва уларни фаоллаштириш”, “Ёшларни ижтимоий фаоллаштиришга инновацион ёндашув” мавзуларида маърузалар тингланиб, ўзаро фикр алмашилди.

17 278
Хуршид Қодиров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА