Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Йилнинг энг яхши китобхон мактаби аниқланди

Йилнинг энг яхши китобхон мактаби аниқланди

Яхши китобхон бўлиш учун кўп китоб ўқишнинг ўзи етарлими? Йўқ, албатта. Аввало, уқиш муҳим ва буни зукколик, топқирлик, ташаббускорлик билан намоён эта олиш ҳам керак. “Йилнинг энг яхши китобхон мактаби” кўрик-танлови иштирокчилардан айни шу сифатларни талаб этади.

Бу йилги танловнинг туман, шаҳар, вилоят босқичлари май-июль ойларида бўлиб ўтди. Қизғин баҳсларда тобланган, сараланган 14 умумтаълим мактаби жамоаси финал иштирокчисига айланди.

Танловнинг мамлакат босқичи Халқ таълими вазирлиги, Республика болалар кутубхонаси ҳамкорлигида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 103-мактаб-интернатда ташкил этилди. Унда иштирокчи мактаб директорларининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, кутубхоначи, ёшлар етакчиси ҳамда икки нафар китобхон ўқувчидан иборат олти кишилик мактаб жамоалари 4 шарт бўйича ўзаро беллашди.

photo5384426815268956955.jpg

Кўрик-танловнинг таништирув шартида иштирокчилар китобхонликни ривожлантириш учун ўз таълим даргоҳида қандай илғор усулларни амалда қўллаётгани, жумладан, “Китобхонлар байрами”, ”Тарғиботчи китобхон ўқувчи” тадбирлари асосида эришаётган ютуқлари ҳақида маълумот берди.

Энг кўп китоб ўқиган жамоа қайси? Танловнинг иккинчи шарти бу саволга аниқлик киритиб берди. Унда ҳар бир жамоага ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари асосида тузилган 10 тадан савол берилди. Айни шу паллада ўқиш бошқа, уқиш бошқа экани ўз сўзини айтди. Саволлар иштирокчиларни тез ўйлашга, аниқ фикрлашга, тўғри эслашга ундади.

Учинчи шартда жамоалар муваффақияти ёшлар етакчисининг қай даражада ташаббускор ва заковатли эканига боғлиқ бўлди. Унда етакчилар китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган ғоя ва таклифларини видеоролик, слайд ҳамда бошқа кўргазмали воситалар ёрдамида тақдим қилди. Улар орасида Навоий шаҳридаги 14-мактабнинг ёшлар етакчиси Камола Тўхтаеванинг лойиҳаси кўпчиликнинг эътиборини тортди.

photo5384426815268956956.jpg

– Ёшларимизнинг “Ёш китобхон” кўрик-танловига қизиқишидан келиб чиққан ҳолда “Ёш китобхон” мобиль иловасини яратдим, – деди К.Тўхтаева. – У орқали танловда иштирок этиш учун онлайн тарзда анкета тўлдириш мумкин. Мутолаа қилиниши керак бўлган асарлар ўзбек, рус, инглиз тилларида берилган. Иловага бадиий адабиётларнинг аудио варианти ҳам жойлаштирилган. Бу исталган вақт ва манзилда танланган асар билан танишиш имконини беради. Ногиронлиги бўлган китобсеварлар учун ҳам жуда қулай. Иловада фойдаланувчига ўқиган асарлари юзасидан тест саволлари тақдим этилади. Бундан ташқари, китоб ўқишга ундовчи, рағбатлантирувчи видеороликлар ҳам берилган. Илова ҳозирча "Play market"га ўрнатилмаган. Бунга эришилса, дунёнинг турли нуқтасидан туриб “Ёш китобхон”ни кузатиб бориш, унда иштирок этиш мумкин бўлади. Муҳими, ортиқча вақт ва маблағ сарфлашга ҳожат қолмайди.

Ушбу ишланмаси билан Камола Тўхтаева кўрик-танловнинг “Энг фаол ёшлар етакчиси” номинацияси совриндори бўлди.

Якуний натижага кўра, Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 7-умумтаълим мактаби жамоаси "Йилнинг энг яхши китобхон мактаби" бўлди.

– Мактабимизда 660 ўқувчи таҳсил олади, – деди ушбу мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Вазира Асадова. – Ўқув йили давомида уларнинг китобга қизиқишларини ошириш бўйича мунтазам шуғулланамиз, аммо ёзги таътил мобайнида бу бироз муаммо. Шу сабабли “Китоб-хит” лойиҳасини ишлаб чиқдик. Унга кўра, ўқитувчиларимиз ҳар куни камида беш ўқувчининг хонадонига ташриф буюриб, таътил вақтида қандай асарлар мутолааси билан банд эканини ўрганади. Ҳозир кутубхонамизда 12 мингдан ортиқ китоб бор. Шундан 4500 га яқини бадиий асарлардан иборат.

Кўрик-танлов, шунингдек, “Энг ташаббускор она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси”, “Энг билимдон кутубхоначи”, “Энг китобсевар ўқувчи” каби номинациялар ғолибларини ҳам аниқлаб берди.

Ғолиб жамоаларга ташкилий қўмита томонидан диплом, эсдалик совғалари берилди.

“Йилнинг энг яхши китобхон мактаби” кўрик-танлови мутолаага ихлосни, иштиёқни янада ошириш учун рағбат, ундов бўлгани билан аҳамиятлидир. Шу маънода танловда мағлуб жамоа бўлмади, дейиш мумкин.

10 343
Феруза КАРИМОВА, TEMUR MAMADAMINOV ​(сурат), ЎзА