Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

Йирик корхоналарнинг давлат улуши сотилмоқда

Йирик корхоналарнинг давлат улуши сотилмоқда

Мамлакатимизда давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш борасида амалий ишларга киришилди.

Президентимизнинг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур ҳужжат юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, тадбиркорлар фаолиятини янада рағбатлантиришда кўплаб қулайликлар яратади. Мухбиримиз Давлат активларини бошқариш агентлигининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ҳабибулло Сирожиддинов билан вилоятда фармон ижросини таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида суҳбатлашди.

– Фармонда самарасиз ишлаётган ёки фаолият кўрсатмаётган давлат корхоналарини ислоҳ қилиш кўзда тутилган, – дейди Ҳ.Сирожиддинов. –Унинг 7 та иловаси бўлиб, унга мувофиқ Молия вазирлиги томонидан ислоҳ қилинадиган 31 та йирик корхоналарнинг вилоятимизга тегишли қисми бўйича ўрганиш ишлари олиб бориляпти. Иккинчи иловага кўра, хусусийлаштирилиши режалаштирилган 23 та корхоналарнинг рўйхати шакллантирилган. 

Бу рўйхатда вилоятдан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бор. Хусусийлаштиришдан олдин ҳар бирини алоҳида тайёрлаш ва инвестициявий жозибардорлигини ошириш орқали сотиш мақсадида республикамиз миқёсида 60 та давлат улуши бўлган корхоналар рўйхати шакллантирилди. Вилоятда мазкур рўйхатга 4 та йирик корхона киритилди. “Кварц”, “Фарғонаазот”, “Қўқон нефть-газ пармалаш ишлари”, “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятларининг давлат улушини оммавий савдоларда сотиш белгиланди.

Корхоналар сотишдан олдин бошқарма мутахассислари томонидан оммавий савдоларга тайёрлаш учун чуқур таҳлил қилинади, салоҳияти ўрганилади. Чунки вилоят иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу корхоналарда минглаб ҳамюртларимиз меҳнат қилади. Бугунги кунда бу корхоналарда 11 минг нафарга яқин ишчи-хизматчилар фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг 9 ойида мазкур корхоналар томонидан 1,5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Ҳисобот даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 107,1 фоизни, соф даромад 331,7 миллиард сўмни ташкил этди. Корхоналар томонидан 230 миллиард сўм солиқ тўланди, бу вилоят ялпи солиқ тушумининг 13,1 фоизига тенг. Демак, корхоналарни сотишдан олдин ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, солиқ қарздорлигини камайтириш, керак бўлса, бунинг учун хориждан тажрибали мутахассис ва экспертлар жалб этиш чоралари кўрилади. Айни кунларда бу борада “йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда.

“Кварц” акциядорлик жамиятида бугунги кунда 70 миллион долларлик лойиҳа амалга ошириляпти. Лойиҳа натижасида республикамизнинг четдан ойна маҳсулотлари импорт қилишга бўлган эҳтиёжи тўлиқ ўзимизда қопланади ҳамда корхонада 500 та янги иш ўрни яратилади. “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида 671 миллион долларлик 6 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 1000 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Шу ўринда ҳамюртларимизда оммавий сотувга чиқарилаётган корхоналарда бундай лойиҳаларни амалга ошириш шартми? – деган савол туғилиши табиий. Савдолар жараёнида корхоналарнинг кредитлари, солиқ қарздорлиги, давлат активлари билан боғлиқ барча жиҳатлар ҳисобга олинади. Агар корхонанинг умумий қиймати 100 миллион сўмдан ошмаса, у тўғридан-тўғри савдога чиқарилади. Улуш ушбу суммадан ортиб кетса, баҳолаш корхоналари томонидан баҳолатилганидан кейин савдога қўйилади.

Давлатимиз раҳбари фармон ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида Фарғона вилоятида 68 та кўчмас мулк узоқ йиллар мобайнида сотилмай келаётганини таъкидлади. Бунинг асосий сабаби инвестиция мажбуриятлари баланд қўйилгани, маҳаллий ҳокимликлар томонидан бозор қиймати етарли даражада инобатга олинмагани билан боғлиқ.

Фармон асосида эндиликда тадбиркорларга эркинлик яратиш мақсадида мулклар бозор қийматидан 20-30 фоиз арзон нархда сотувга чиқарилади. Агар мулк уч ой давомида сотилмаса, агентлик билан келишилган ҳолда 1 сўм қийматида яна оммавий савдолар давом эттирилади. Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида тадбиркорларнинг таклифи асосида бўш турган бинолар оммавий савдога қўйилгани ҳам уларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Масалан, Бувайда туманида бўш турган бинолардан бири 150 миллион сўм қийматида савдога чиқарилиб, ким ошди тартибида салкам 3 миллиард сўмга сотилди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Тадбиркорлар уйи”да фармон талаблари асосида барча шарт-шароитлар яратилади. “Маслаҳат клиника”сини ҳам шу ерда ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Ҳар қандай тадбиркор тегишли соҳа мутахассисларидан маслаҳат олиб, ишини бир зумда битириш имконига эга бўлади. Давлат активлари ва хусусийлаштирилаётган корхоналар бўйича барча маълумотлар жамланади.

2 518
М.СУЛАЙМОНОВ суҳбатлашди, ЎзА