Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон халқи мустақилликни қадрлайди

Ўзбекистон халқи мустақилликни қадрлайди


Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлашга ҳам саноқли кунлар қолди. Айни пайтда барча ҳудудларда байрамга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

ЎзА мухбири хорижлик меҳмонларнинг юртимиздаги ўзгаришлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Анна ДРУССЕЛ, ўқитувчи (Германия):

– Ўзбекистонда илм қадрланишига, ота-оналар болаларининг тарбияли ва билимли бўлиши учун ҳаракат қилишига амин бўлдим. Тошкентдаги марказий бозорлардан бирида бўлиб, болаларини етаклаб олган ота-оналарнинг янги ўқув йилига тайёргарлигини кузатдим. Болажон халқингиз ҳар йили ўқув йилига жиддий тайёргарлик кўрар экан. Бу, албатта, болаларда ўқишга иштиёқни оширади, кўпроқ илм олишга ундайди.

Афсуски, август охирида Германияга қайтаман. Имкон бўлганда мактабларга ҳам бориб, дарс машғулотларини кузатган, ўқитувчилар меҳнатига баҳо берган бўлардим. 

Чой СЭЗИН, тадбиркор (Хитой): 

– Мамлакатингизда бундан бир неча йил аввал бўлганман. Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан балиқчилик бўйича ҳамкорликни йўлга қўйгандик. Юртингизда диққатга сазовор жойлар жуда кўп, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиляпти. Шу боис бу сафар оилам билан келдим.

Юртингизда катта ўзгаришлар бўлаётгани яққол кўзга ташланади. Айниқса, Тошкент жуда чирой очиб бораяпти. Менга Тошкент метрополитенида сайр қилиш ёқади. Бу ернинг мевалари жуда ширин, таомлари ҳам мазали. Энди ҳар йили гўзал Ўзбекистонга келишни режалаштириб қўйдик. 

Дадагўл АМИНИЙ, дизайнер (Эрон): 

– Икки ойдан буён Ўзбекистондаман. Очиғи, бошқа мамлакатларда бунчалик кўп бўлмасдим, ишларимни тез битказиб, юртимга қайтардим. Бу ердан кетгим келмаяпти. Тошкент кўчалари менга Теҳронни эслатгани учунми, менга қадрли бўлиб қолди.

Яқинда ўғлим Муҳаммад билан Марғилон шаҳрига бориб, уй шароитида мато тўқийдиган ҳунармандлар билан танишдик. Шаҳар марказидаги атлас ва адрас сотиладиган бозор мени лол қолдирди. Ишонасизми, бозорда адраснинг минг хил турини кўрдим. Ёш қизлар адрасларни сепларига ният қилиб олаётганини кўриб кўзим қувнади. Кўҳна Шарқнинг шоҳ матоси бўлган атлас ватанида бўлишни анча йилдан буён орзу қилар эдим, бу ниятимга етганимдан мамнунман.

Орхан СИВРИКАЯ, “Ўзбекистон ҳаво йўллар” МАКнинг Туркиядаги маслаҳатчиси: 

– Ўзбекистон гўзал табиати ва меҳмондўст халқи билан ажралиб туради. Мамлакатингизга фақат иш юзасидан эмас, дам олишга ҳам кўп сайёҳ келади. Бу ернинг таомларига ўрганиб қолганман. Тошкент эса кундан-кун чирой очиб бормоқда. Ўзбек халқи қатори мен ҳам вилоятлар марказида қад ростлаётган ситиларнинг битишини интизорлик билан кутяпман. Ишонаманки, яқин йилларда Ўзбекистоннинг тарихий қадамжолари замонавий уйғунлик касб этган, барчанинг эътиборини тортадиган, хорижлик меҳмонларни ўзига янада жалб қиладиган шаҳарларга айланади. 

Яна бир нарсани айтгим келяпти, ўзбек халқи мустақилликни жуда қадрлайди. Озод ва ҳур Ўзбекистонга кўз тегмасин, янада тараққий этаверсин! Байрам арафасида Ўзбекистонга келганимдан жуда мамнунман. Фурсатдан фойдаланиб, халқингизни Ватанингиз мустақиллигининг 28 йиллиги билан табриклайман. 


4 151
Дилобар МАМАТОВА, ЎзА