Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2020 Чоп этиш версияси

Жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин

Жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда Президентимиз раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ҳамда ундан келиб чиқадиган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишни парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов кириш сўзи билан очаркан, мамлакатимизнинг порлоқ келажаги, равнақи ва барқарорлиги, дунё мамлакатлари ичида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши сўзсиз инновацион билимларни эгаллаган бугунги ёшлар қўлида эканини айтиб, юртимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилаётганини таъкидлади.

– Видеоселектор йиғилишида келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш кераклиги айтилдики, таълим тизимига нодавлат ва хусусий секторнинг кириб келишини мен ижобий баҳолайман, – деди А.Ҳаитов. –Негаки, олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва қамровни ошириш, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий билим юрти ташкил қилиш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Зеро, ҳудудларда нодавлат таълим ташкилотлари ташкил этилмаса, рақобат бўлмаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам ўзгармайди.

А.Ҳаитовнинг таъкидлашича, бугун жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин. Айни пайтда жойларда кенг муҳокама қилинаётган Президент фармони лойиҳасида таълимдаги ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинган. Хусусан, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб қўйилган.

Қайд этилганидек, O'zLiDeP сайловолди дастурида ҳам таълим-тарбия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, Таълим тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимиз халқ таълими тизимига ривожланган давлатлар тажрибаларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Партия хусусий мактабгача таълим муассасалари ва ўрта таълим мактаблари тармоғини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди.

Йиғилишда фармон лойиҳаси Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ҳам атрофлича ўрганиб чиқилгани, муҳокамалар партия фаоллари, депутатлар билан бир қаторда соҳа мутахассислари ва экспертларини кенг жалб қилган ҳолда амалга оширилгани қайд этилди. Муҳокамалар жараёнида партия фаоллари ва депутатлар томонидан 300 дан ортиқ таклифлар тушгани айтиб ўтилди.

Лойиҳада жойлардаги раҳбарларнинг, маҳаллий кенгашларнинг ушбу муҳим масалага ёндашуви ва эътиборини тубдан ўзгартириш, уларнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмлари киритилгани айтилиб, таълим тизимидаги ўзгаришларни халқимизга етказиб, дахлдорлик ҳиссини ошириш лозимлиги таъкидланди.

Фармон қабул қилингач, уни ижросини назоратга олиш, умуман, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда депутатлик назоратининг барча таъсирчан шаклларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш сўнггида видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

3 265
ЎзА