Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2019 Чоп этиш версияси

Жидда шаҳрида “Ҳаж – 2019” мавсумига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Жидда шаҳрида “Ҳаж – 2019” мавсумига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
“Ҳаж – 2019” кундалиги

15 август куни Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири, доктор Муҳаммад Солиҳ бин Тоҳир Бинтин бошчилигида Жидда шаҳрида “Ҳаж – 2019” мавсумига бағишланган анъанавий тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Анжуманда мавсум давомида жонбозлик кўрсатган барча вазирлик ва идоралар, ҳожиларга хизмат кўрсатган ширкат раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон “Ҳаж – 2019” ишчи гуруҳи раиси Ж.Акрамов қатнашди.

Тақдирлаш маросими Муҳаммад Солиҳ бин Тоҳир Бинтиннинг кириш сўзи билан очилди.

Дастлаб Ҳаж ва Умра вазири барчани жорий ҳаж мавсумининг муваффақиятли ўтгани билан қутлаб, шундай деди: “Ҳаж ва Умра вазирлигининг мақсади – зиёратчиларнинг розилигини олиш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда хизматлар сифатини йилдан-йилга яхшилаш. Мавсум эндигина тугаган бўлса-да, бу йилги мавсумдан келиб чиқиб, келгуси мавсумга тайёргарлик кўришни аллақачон бошлаб юбордик. Вазирлик мавсум давомида зиёратчилар билан яшайди, уларнинг хизматида бўлади. Қачон биз уларнинг хурсандчилигини кўрсак, мамнун бўламиз, ишимиздан кўнглимиз тўлади”.

Ўз навбатида, вазир ҳаж ва умра тадбирларида зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратиш сифатини ошириш ҳақида тўхталиб шундай деди: “Биз зиёратчиларнинг ҳар бир қадамини осонлаштириш, амалларни бажаришда жойдан-жойга кўчиш, турар жой ва бошқа ҳаракатларига жиддий эътибор берамиз, мониторинг қилиб борамиз ва шунга қараб янги ташаббусларни киритамиз. Бу эса ўзининг ижобий самарасини бераяпти”.

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар бу йилги ҳаж мавсумини хавфсиз, осойишта ва тартибли ўтиши бўйича жорий этилган улкан лойиҳалар ва ташаббуслар учун Саудия ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Тадбир якунида вазирлик ва идоралар ҳамда ҳожиларга хизмат кўрсатган ширкатлар Ҳаж ва Умра вазирлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати.

9 551
ЎзА