Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2020 Чоп этиш версияси

Жорий йилнинг тўққиз ойида 270 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди

Жорий йилнинг тўққиз ойида 270 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда ЎзЛиДеП фракцияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат бюртмаси ижроси доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотини эшитди.

Республикада иқтисодий фаол аҳоли 14,7 миллион, ишга жойлашишга муҳтожлар сони 1,9 миллион кишини, ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этади. Шунингдек, иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар ўтган йилга нисбатан 0,2 фоизга камайиб 5,6 миллион кишини, иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар ўтган йилга нисбатан 2,1 фоизга камайиб 5,1 миллион кишини ташкил этган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан йирик тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига бугунги кунга қадар жами 60,6 мингта иш ўрни ташкил этилган.

Тадбиркорлик субъектларига фаолиятини ташкил этиш, мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш ва вақтинча тўхтатилган иш ўринларини тиклаш мақсадида имтиёз ва преференциялар берилиши натижасида, йил бошидан бери қарийиб 70 мингта юридик мақомга эга бўлган ўрта, кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, бунинг ҳисобига 120,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилган. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорликни ташкил этиш, шу жумладан, ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш орқали 87,3 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида барча йўналишларда республика бўйича жами 270,5 мингта иш ўринлари ташкил этилган бўлса, бугунги кунга қадар 462 минг нафар ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг махсус мобиль илова орқали давлат солиқ органлари рўйхатидан ўтказилишига эришилган.

Ахборотда қайд этилганидек, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, даромад манбаини яратиш мақсадида вазирлик томонидан янги инструментлар жорий этилган. Жумладан, 2020 йилнинг 9 ойи давомида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 243,9 минг нафар, шундан пандемия даврида 197 минг нафар ишсиз, шунингдек, четга ишлаш учун кета олмаган ва қайтиб келган фуқаролар доимий ишга жойлашишига кўмаклашилган.

Шунингдек, 45 минг нафар ишсизга 17 миллиард сўм ишсизлик нафақаси тайинланган. Бундан ташқари, вазирликнинг Жамоат ишлари жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан коронавирус пандемияси даврида 500,5 минг нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилиниб, уларнинг иш ҳақи тўлови учун 431,2 миллиард сўм молиялаштириб берилган.

Таъкидланганидек, Хитой тажрибаси бўйича юртимиз бўйича 8,7 минг гектар фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш орқали 412 та кооператив ташкил этилиб, кооперативларга 19,2 минг нафар ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оила аъзолари бириктирилган ва уларга кооперативларнинг устав фондига аъзолик улуши сифатида 45 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Шахсий томорқаларни ривожлантириш учун 30,8 минг кам таъминланган, айниқса “темир дафтар”га киритилган оилаларга енгил типдаги иссиқхона қуриш, шахсий ва дала томорқасида экишга уруғлар ва кўчатлар ҳамда суғориш воситаларини харид қилиш учун 84,6 миллиард сўм субсидия берилган.

Бундан ташқари, банд бўлмаган ва ишсиз аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва ижтимоий эҳтиёжманд аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланишга жалб этиш бўйича Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилган 7,8 миллиард сўм субсидия маблағлари ҳисобидан 7,4 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Эшитувда қайд этилганидек, меҳнат органлари йўлланмалари асосида 25,3 минг нафар касб-ҳунарга ўқитилган ишсиз фуқароларга стипендия ва ўқув харажатлари учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 11 миллиард сўм тўланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи 13 та “Ишга марҳамат” мономарказлари қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда

2020 йилнинг 9 ойида 5 минг 525 нафар шахс ташкилий тартибда хорижга ишга юборилган. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги жорий этилган иш берувчи ва ишсизларни тезкор боғловчи @ishmehnatuzbot онлайн телеграм ботида бугунги кунда 5,1 минг нафар иш берувчилар томонидан 19,1 мингта бўш иш ўринлари ҳамда 1,9 минг нафар ишсизлар резюмелари жойлаштирилган.

Шу билан бирга, тизимдаги бир қатор муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлашнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарлича жорий қилинмаган. Ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ишчилар малакасини ошириш масалаларига эътиборсизлик юртимизнинг айрим минтақаларида ишсизлик даражасини пасайтиришга имкон бермаяпти. Бу ҳолат оқибатда ноқонуний меҳнат миграцияси ва норасмий бандлик ҳолатларининг кўпайишига шароит яратмоқда. Депутатлар мазкур ҳолатларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан ҳам қизиқди.

Эшитувда депутатлар аҳолининг бандлигини таъминлаш масаласида мавжуд имкониятлар ҳали тўлиқ ишга солинмаганига эътибор қаратиб, соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар беришди.

3 078
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА