Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.11.2020 Чоп этиш версияси

Журналистлар тадбиркорлар фаолияти билан танишди

Журналистлар тадбиркорлар фаолияти билан танишди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан ташкил этилган пресс-турда O`zLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси, вилоят, шаҳар, туманлар кенгашлари ходимлари маҳаллий депутатлар, ҳамкор ташкилот ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари вилоятнинг етакчи саноат корхоналари, фермер хўжаликлари ҳамда ўқув муассасалари билан танишди.

Пресс-тур давомида қатнашчилар дастлаб Мирзаобод туманидаги “Sirdaryo agro cluster” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюриб ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашди, гидропоника усулидаги мазкур 31 гектарлик иссиқхонада бақлажон, булғор қалампири ва помидор каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб экспорт қилиш жараёнлари билан танишишди.

ПРЕСС-ТУР 30.10.2020-5.jpg

– Бақлажоннинг ҳар гектаридан 120 тонна ҳосил олинди, – дейди корхона раҳбари Нодирбек Қўчқоров. – Маҳсулотларимизни Россия, Қозоғистон, Германия давлатларига экспорт қилаяпмиз. Шунингдек, биз етиштираётган булғор қалампирига ҳам чет элда эҳтиёж катта. Булғор қалампирининг ҳар гектаридан бир теримда 200 тоннагача ҳосил олиш мумкин.

“Sirdaryo agro cluster”да бошланғич партия ташкилоти ташкил қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари ва партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Иссиқхонанинг илғор ишчилари Беҳзод Аширбоев, Лолахон Темировалар партия сафига қабул қилинганликларидан мамнунликларини, иш жойларида самарали меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратиб берилганлигини айтди.

“Сирдарё момиқ қуёнлари” фермер хўжалигида бугунги кунда 2 минг бошдан зиёд “Янги Зеландия”, “Калифорния” қуёнлари парвариш қилинмоқда. Фермер хўжалиги раҳбари Равшан Базарбаевнинг маълумот беришича, қуёнлар бир йилда 6-7 маротаба ва ҳар болалаганда 15 тагача қуёнчаларни дунёга келтирар экан.

Аҳолига парҳезбоп гўшт етиштириб бераётган фермер хўжалиги, маҳсулот таннархини арзонлаштириш мақсадида қуёнларга берилаётган озуқани ўзларида етиштирмоқда. Фермер хўжалигининг 48 гектарлик ерида макка, арпа, буғдой каби озуқабоп экинлар етиштирилаётир. Бу маҳсулотлар махсус ускуналарда янчилиб, майдаланиб омухта ем тайёрланаётгани натижасида бозордагидан анча арзон озуқа тайёрлашга эришилаётир.

ПРЕСС-ТУР 30.10.2020-7.jpg

O`zLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси бўлим мудири Бахтиёр Руҳиддинов мазкур фермер хўжалигида замонавий қушхона ташкил қилиш ҳамда мўйначиликни ривожлантириш баробарида қуён терисидан бозорбоп кийим-кечаклар тикишни йўлга қўйиш таклифини берди ҳамда бу фаолиятни йўлга қўйишда амалий кўмакка тайёр эканлигини билдириб ўтди.

– Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самарасини бериб, тадбиркор, фермер, оилавий бизнес вакиллари учун жуда катта имкониятлар яратиб берилмоқда, – дейди O`zLiDeP Сирдарё вилояти кенгаши бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Элёр Жўраев. – Ҳудуддаги “Мирзачўл-Дональд-Дук” МЧЖдаги амалга оширилган ишлар ушбу ислоҳотлар ва эътиборнинг ёрқин намнасидир.

Бу ерга Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах вилоятларидан олиб келинган 78 бош туя парвариш қилинаяпти. Давлат аҳамиятига молик катта трасса ёқасида ташкил қилинган мазкур МЧЖда ўзига хос махсус сиҳатгоҳ ташкил қилинган бўлиб, 16 та ўтов ва 5 та люкс хоналар бу ерга ташриф буюрувчиларга намунали хизмат кўрсатмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад – ушбу масканда экотуризмни ривожлантиришдир. Шу сабабдан аҳоли саломатлигини тиклаш, туристларни қабул қилиш ва дам олувчилар учун барча шароитлар яратилган. Энг асосийси эса беморларнинг туя сутидан шифо топаётганида.

– Меҳнат фаолиятимизни 8 бош туя билан бошлаганмиз, – дейди “Мирзачўл-Дональд-Дук” МЧЖ раҳбари Муҳитдин Маҳкамов. – Бугунги кунда жамоамизда 12 нафар ишчи фаолият олиб бормоқда. Келажакда 100 га яқин иш ўринларини яратиш баробарида, бу ерда махсус тиббиёт муассасаси, меҳмонхона, савдо дўконлари, аҳолига маиший ва техник хизмат кўрсатиш комплекси қуришни режалаштираяпмиз.

ПРЕСС-ТУР 30.10.2020-13.jpg

Бухоролик синфдош дугоналар – Жумагул Ҳалимова, Марзия Ҳафизова, Рўзихон Раҳматоваларнинг таъкидлашича, 2 йилдан буён мазкур дам олиш масканига келиб дардларига шифо топганлар. Бунинг учун улар жамоага ўз миннатдорчиликларини билдириб, “Фикрлар дафтари”га ўзларининг самимий истакларини ҳам битибди.

“FINIBA WOOD” корхонасининг очилганига 3 йил бўлди. Корхона раҳбари, ёш тадбиркор Бахтиёр Нормуродов раҳбарлик қилаётган тикувчилик цехида 40 нафар маҳаллий хотин-қизларнинг доимий бандлиги таъминланган. Корхонада ташкилотлар, давлат муассасалари учун махсус кийим-бошлар асосан буюртма асосида тикилмоқда.

Ўтган 2019 йилда корхона чеварлари тиккан махсус кийим-бошлар буюртма асосида Сингапур давлатига экспорт қилинди.

Корхонанинг мебель цехида 20 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Мазкур цехда ҳам жиҳозлар асосан буюртма асосида давлат ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларига тайёрлаб берилади.

Эътиборлиси, учрашув чоғида тадбиркор Бахтиёр Нормуродов Мирзаобод туманида Хитой ва Россия давлатлари билан ҳамкорликда корхона ташкил қилиб, 400 та янги иш ўрни яратиш ниятидалигини билдирди. Айни пайтда, тадбиркорнинг саъйи ҳаракати билан “Баҳористон” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолияти йўлга қўйилган тикувчилик цехида 150 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.

2018 йилда Гулистон шаҳрида фаолиятини бошлаган “Рекордтекс” МЧЖ маҳсулотлари Россиянинг Иваново, Москва, Рязань, Санкт-Петербург шаҳарларига экспорт қилиняпти. Ушбу корхонада матони бўяш ва мингдан зиёд турдаги гул босиш ишлари билан шуғулланилади. Лойиҳа қиймати 3,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилган мазкур корхонада 70 нафар ишчи хизматчи меҳнат қилмоқда. Ишчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этгани янада қувонарли.

Тадбир давомидаги сўнги учрашув манзили Гулистон шаҳридаги “IТ РARK" бўлди. Бу ер ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш мақсадида очилган бўлиб, у 50 дан зиёд ёшларни қамраб олган. Интернет веб саҳифалар ташкил қилиш, инглиз тили, математика тўгаракларида фанлар чуқур ўргатилмоқда. Ўқитувчиларнинг барчаси олий маълумотли мутахассислардир.

Масалан Жавоҳир Зокиржонов 14 ёшда. Гулистон шаҳрида истиқомат қилади. У интернетда веб дастурлар яратишни мустақил ўрганган. Бу ерда у ўз билимини оширмоқда. Жавоҳир инсонларни автоҳалокатдан асраш бўйича яратган дастурини пресс-тур иштирокчиларига намойиш этди. У бундан ташқари болаларни ҳар хил салбий ўйинлардан сақлаган ҳолда уларнинг дунёқаришини тўғри шакллантириш, салоҳиятини ошириш бўйича янги дастур устида иш олиб бормоқда. Жавоҳир “Ёш дасурчилар – 2020” форумининг вилоят босқичида 2-ўринни қўлга киритди.

“IТ РARK”да ҳам БПТ ташкил қилиниб, ёш мураббийлар партия сафига қабул қилинди ҳамда уларга партия аъзолик гувоҳномалари топширилди.

O`zLiDeP Сирдарё вилояти кенгаши бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан ташкил этилган пресс-тур иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

2 308
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА